Боёвут туман Кенгашидаги депутатимиз Ж.Раҳмонқуловга “Навбаҳор” маҳалласи фуқароларидан ҳудуддаги 49- ва 53-сонли умумий ўрта таълим мактабларида қурилиш-таъмирлаш ишлари суст олиб борилаётгани, бу кетишда мактаблар ўз вақтида фойдаланишга топширилмай қолиш эҳтимоли борлиги бўйича мурожаат келиб тушди.
Депутатимиз мактабларга бориб қурилиш-таъмирлаш жараёнларини кўздан кечириб, фуқароларнинг хавотирлари ўринли экан, деган хулосага келди.
Шундан сўнг депутат мутасадди ташкилотлар билан боғланиб масалага ечим излади.
Сирдарё вилояти “Ягона буюртмачи” хизмати бўлими бошлиғи, туман ҳокими вазиятни ўрганиб тегишли чоралар кўрди. Жумладан, қурилиш ишларига қўшимча меҳнат ресурслари жалб қилиниши, қурилиш материаллари захирасини кенгайтириш ва иш жараёнини уч сменада ташкил этиш белгиланди.
Шу куннинг ўзида қўшимча 27 нафар қурувчи усталар жалб қилиниб, қурилиш-таъмирлаш ишлари жадаллашди.