Риэлторлик ва яширин бозор
Риэлторлик ва яширин бозор

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Риэлторлик фаолияти тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди. Ушбу лойиҳа негизида, лўнда қилиб айтганда, норасмий воситачилар(маклерлар) ни “соядан” чиқариш, якка тартибдаги тадбиркор ва ўзини ўзи банд қилган шахсларга “кўчмас мулк бўйича агент” сифатида риэлторлик фаолиятини юритишига рухсат бериш мақсади турибди. Бу эса банкдан ташқари айланмани, шу орқали яширин иқтисодиётни қисқартиришда муҳим ўрин тутади. Шу билан бирга, “Ягона дарча” тамойили асосида риэлторлик хизматларини кўрсатиш мақсадида кўчмас мулк объектларининг электрон савдосини ҳамда ҳисоб-китобларни электрон шаклда амалга ошириш (клиринг) имконини берувчи мультилистинг тизимини ташкил этиш кўзда тутилмоқда.

Лойиҳа билан риэлторлик фаолияти соҳасидаги профессионал жамоат бирлашмалари ўрнини кенгайтириш, уларга янги вазифалар ва ваколатлар бериш ҳам таклиф этиляпти. Риэлторлик субъектларининг тўғри ҳисобини юритиш, улар ҳақида жамоатчиликка очиқ ахборот етказиш ва самарали мониторингни йўлга қўйиш мақсадида “Ягона реестри” ахборот тизимини жорий қилиш белгиланмоқда.

Яна бир аҳамиятли жиҳати, риэлторлик субъектлари фаолиятида шаффофликни таъминлаш ҳамда ноқонуний амалиётларнинг олдини олиш учун халқаро ташкилотлар талабларига мос равишда мониторинг олиб борилади. Шунингдек, риэлтор ва кўчмас мулк бўйича агентга риэлторлик хизматларини кўрсатиш шартномаси доирасида ўз номидаги кўчмас мулк объекти ва унга бўлган ҳуқуқлар билан боғлиқ битимларни тузиш тақиқланмоқда.

Мажлисда депутатлар қонун лойиҳасининг аҳамияти ва заруратига алоҳида эътибор қаратиб, унда назарда тутилаётган айрим нормалар бўйича қатор саволларни ўртага ташлади. Қонун ташаббускорлари берилган барча саволлар юзасидан атрофлича тушунтиришлар берди.

Ушбу ҳужжатнинг қабул қилиниши риэлторлик фаолияти соҳасида хизматлар сифатини оширишга, соҳада шаффофликни таъминлаб, яширин амалиётларни қисқартиришга хизмат қилади.

Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан учинчи ўқишда қабул қилинди ва Сенатга юборилди.

 

Шокиржон АҲМЕДОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси.

«Ўзбекистон овози», 2.7.2025, №26

 

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш