Маҳаллий саноатни ривожлантириш – энг оқилона ечим
Маҳаллий саноатни ривожлантириш – энг оқилона ечим

 

2025 йил мамлакатимизда ишсизлик ва камбағалликни қисқартиришда ҳал қилувчи йил бўлиши, бунинг учун 1,5 млн аҳоли доимий ишга жойлаштирилиб, 2 миллиондан зиёд ҳамюртимиз истиқболли бизнесга жалб этилиши, 60 та туман ва шаҳар камбағаллик ҳамда ишсизликдан холи ҳудудга айлантирилиши белгиланган.

Мана шундай аниқ маррани кўзлаган ҳолда амалга оширилаётган иқтисодий-ижтимоий ислоҳотлар халқимизнинг турмуш тарзида, ҳудудларимизнинг замонавий қиёфасида, ҳар бир жабҳада рўй бераётган янги ўзгаришларда зуҳур этмоқда. Айниқса, жойларда саноатни ривожлантириш, бу соҳада тадбиркорлар улушини ошириш, кичик ишлаб чиқаришларни рағбатлантириш аҳоли учун муқим даромадли иш жойларини яратиш суръатини жадаллаштиряпти. Шунинг баробарида ички ва ташқи бозорга импорт ўрнини босувчи, харидоргир маҳсулотлар етказиш қамровини оширмоқда. Хусусан, 2025 йилнинг дастлабки тўрт ойида юртимизда саноат 6,3 фоизга ўсиб, 290 триллион сўмга етган. Экспорт 20 фоизга ортиб, 6 миллиард 350 миллион долларни ташкил этган.

Лекин дунёдаги ҳозирги мураккаб вазият, транспорт-логистикадаги узилишлар шароитида муҳим аҳамиятга эга соҳаларни ҳимоялаш чораларини кўриш айни зарурат бўлиб турибди. Мамлакатимизда бундай соҳаларга тўқимачиликни, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва мебелсозликни киритиш мумкин. Бинобарин, ушбу соҳаларда ҳозирда 1 миллионга яқин аҳоли ишламоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 26 май куни маҳаллий саноатни ривожлантиришга қаратилган устувор вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида шу нуқтаи назардан долзарб масалалар муҳокама қилинди. Туман ва тармоқлар кесимида мавжуд камчиликлар таҳлил этилди.

Биламизки, маҳаллий саноатнинг энг катта тармоқларидан бири – тўқимачилик. Сўнгги йилларда юртимиз тадбиркорлари бу йўналишни яхши ўзлаштирди. Статистикага кўра, айнан тўқимачиликда 7 мингга яқин тадбиркор 500 дан зиёд турдаги маҳсулотларни чиқаряпти. Айримлари нуфузли брендларга кийим-кечак етказиб бермоқда.

Йиғилишда ушбу тармоқда кўпчилик сифатга ишлаётгани билан, натижаси амалда кўринмаётгани танқид қилинди. Айтиб ўтилганидек, ҳозиргача тармоқ корхоналарининг фақат 244 тасида халқаро сертификат бор, холос. Уларнинг ҳам катта қисми Тошкент ва водий вилоятларида бўлиб, бошқа ҳудудларда бармоқ билан санарли.

Президентнинг тегишли фармонига кўра, тўқимачилик корхоналарининг нафақат халқаро сертификат олиши, балки бунга мослаштириш харажати ҳам қоплаб берилади. Бундан фойдаланиш заруратини ва имкониятларини тадбиркорларга етказиш, ҳар бир вилоятда халқаро сертификатга эга корхоналарни кўпайтириш вазифаси қўйилди. Бу борада яна бир муҳим ташаббус илгари сурилди. Унга кўра, Ўзбекистонда Миллий брендларни қўллаб-қувватлаш компанияси ташкил қилинадиган бўлди. Хориждан бренд-менежер, дизайнер, маркетологлар жалб этилиб, миллий брендларимизни жаҳон бозорига олиб чиқиш, халқаро сертификати бор, рақобатбардош маҳсулотларга сифат белгиси берилиб, дунёда кенг тарғиб этиш мазкур компаниянинг асосий мақсади этиб белгиланди.

Шунингдек, ҳудудларда миллий маҳсулотлар бир жойда сотиладиган савдо марказларини – “Mall of Uzbekistan” мажмуаларини барпо этиш кўзда тутилмоқда. Бу марказлардаги савдо дўконлари тадбиркорларга минимал нархда ижарага берилиши харидорларга кенг танлов имкониятини, хорижий туристларга ўзига хос қулайликни тақдим қилади.

Ўзимизда бор хом ашёни чуқур қайта ишлаб, қўшилган қийматни кўпайтириш йўлида тайёр маҳсулот ишлаб чиқарувчилар учун факторинг тизими жорий қилиниб, бунга 100 миллион доллар ажратилди. Энди тўқимачилик корхоналари ип-калавани факторинг асосида соддалашган тартибда сотиб олиши мумкин бўлади.

Маҳаллий саноатдаги яна бир истиқболли йўналиш мебелсозлик ҳисобланмоқда. Айниқса, аҳоли турмуш даражаси ва бунга ҳамоҳанг равишда янги қурилаётган уй-жойлар сони ошаётгани фонида мебелсозлик саноати маҳсулотларига талаб юқорилаб бормоқда. Бу талабни қондириш, республика ҳудудларидаги мебель ишлаб чиқарувчилар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, халқаро стандартларга жавоб берадиган ушбу турдаги маҳсулотлар ҳажмини кўпайтириш мақсадга мувофиқ, албатта.

Ҳозирда ушбу тармоқда 7 ярим мингта корхона ишлаб турибди. Ўтган йилнинг ўзида 920 та янги корхона очилган. Соҳада 6 триллион 700 миллиард сўмлик маҳсулот тайёрланиб, 20 миллион долларлик мебель экспорт қилинган.

Йиғилишда юртимиз тадбиркорлари салоҳияти бундан кўпига ҳам қодир экани таъкидланди. Уйида мўъжаз устахона очиб, ишлаб чиқаришни йўлга қўйган ва бугунга келиб уни росманасига корхонага айлантириш, бошқача айтганда, ҳунармандликдан саноатлашган босқичга ўтиш истагида юрганлар бор.

Шунга кўра, энди 5 нафаргача ишчи олганларга якка тадбиркор сифатида мебель ишлаб чиқаришга рухсат берилиши, ушбу фаолиятни бошлаш ва кенгайтириш истагида юрган ёш тадбиркорларга 7 йилга 5 миллиард сўмгача 18 фоизли кредит ажратилиши маълум қилинди.

Мебелчиликка ихтисослашган Шароф Рашидов, Янги Наманган, Пастдарғом, Ўрта Чирчиқ, Қува, Бувайда, Юнусобод ва Учтепа туманларида Хонқа тажрибаси асосида мебелчилик марказлари ташкил этиладиган бўлди.

Соҳадаги кичик бизнес вакилларига чет элдан материаллар олиб келиши учун кўмаклашиш, транспорт харажатларини енгиллатиб, хом ашёни арзон етказиб бериш мақсадида ёғоч ва ёғоч материаллари марказлашган ҳолда олиб келинади. Бунда монополияга йўл қўйилмаслигига урғу берилди. Аксинча, бозорда танлов имконияти ошиши, тадбиркорлар чўнтаги ва эҳтиёжига қараб, ушбу арзонлаштирилган ёғочдан ёки бошқа таъминотчидан сотиб олиши ёки чет элдан ўзи келтириши мумкин. Шунингдек, 14 турдаги хом ашё, фурнитура, аксессуар учун 3 йил муддатга импорт божи 1 фоиз этиб белгиланади.

Экспорт фаолиятини рағбатлантириш мақсадида мебелчиларга халқаро сертификат олиш харажатининг ҳамда хориждан жалб қилган дизайнер, маркетолог, муҳандис-технологлар иш ҳақининг ярми қоплаб берилиши моҳиятан тадбиркор учун жуда катта қўллаб-қувватлашдир.

Неча асрлик анъаналарига эга, миллий ҳунармандчилигимизда азалдан қадрланган яна бир тармоқ борки, у ҳам юртимиз иқтисодиётида драйвер бўлиши мумкин. Бу заргарликдир. Ўтган йили мазкур тармоқда ишлаб чиқариш 200 миллион доллардан ошган, экспорт 17 фоизга ўсиб, 92 миллион долларга етган. “Лекин бу йилига 100 тоннадан зиёд олтин қазиб олинадиган Ўзбекистондаги имкониятларнинг ўндан бири ҳам эмас”, дея қайд этилди йиғилишда. Шу боис соҳада қўшимча енгилликлар белгиланди.

Хусусан, заргарлар энди якка тадбиркор сифатида тилла буюмлари савдоси билан шуғулланиши мумкин бўлади. Чет элдан мутахассис олиб келиш харажатининг 2,5 минг долларгача қисми камида 5 нафар шогирд чиқариш шарти билан қоплаб берилади.

Бу соҳада саноат усулига ўтиш ва миллий брендларни қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилади. Заргарликда ишлатиладиган ускуналар ва уларнинг бутловчи қисмлари импорт божидан озод қилинади. Навоий ва Олмалиқ кон-металлургия комбинатларидан олтинни бўлиб тўлаш асосида сотиб олиш тартиби яна 3 йилга узайтирилади. Нуфузли брендлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиб, уларнинг дизайни ва қолипини олиб келиш харажатининг 30 минг долларгача қисми қоплаб берилади.

Туркия, Дубай ва Миср тажрибаси асосида Тошкент, Андижон ва Хивада заргарлик марказлари очилди. Энди бундай мажмуалар бошқа ҳудудларимизда ҳам босқичма-босқич ташкил этилади. Заргарларни хом ашё билан барқарор таъминлаш учун бу йил биржага чиқариладиган олтин ҳажми 6 тоннадан 8 тоннага оширилади. Барча ҳудудларда олтин захираси яратилади.

Бунга жавобан, тармоқда “яширин иқтисодиёт” улушини қисқартириш, қонуний фаолиятга рағбат чораларини қўллаш бўйича кўрсатмалар берилди.

Йиғилишда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш тармоғидаги бугунги ҳолат ҳам тилга олинди. 10 мингга яқин корхона фаолият юритаётган айни тармоқда сифат ва харидоргирликни таъминлаш, мамлакатимиз бўйлаб қизғин олиб борилаётган бунёдкорлик ишларида маҳаллий материаллардан кенгроқ фойдаланиш, девелоперларга айланма маблағ учун кредит ажратиш орқали буни қўллаб-қувватлаш зарурлиги айтиб ўтилди.

“Шаффоф қурилиш” платформасида қурилиш материаллари корхоналари реестрини ташкил қилиб, у орқали сифат рейтингини юритиш вазифаси қўйилди.

Маҳсулотлар таннархини тушириш, бунинг учун энергия ва ресурс сарфи юқори йўналишлар таҳлилини юритиб, тежамкор инновацион ечимларни қўллаш масаласига ҳам диққат қаратилди. Мутасаддилар ва тадбиркорларнинг таклифлари тингланди.

 

Имомназар ТУРСУНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

– Жаҳон савдо майдонида ҳозирда ҳукм сураётган, оқибатларини олдиндан айтиш мушкул бўлган таҳликали вазият қатор давлатлар олдига кечиктириб бўлмайдиган вазифаларни қўймоқда. Дунё бўйлаб таъминот ва қиймат яратиш занжирларида узилишлар пайдо бўлиш хавфи тезкор ҳамда оқилона иқтисодий ечимларни тақозо этаётир. Мутахассислар тўқимачилик, электр техникаси, автомобилсозлик, озиқ-овқат саноати каби етакчи тармоқлар ривожи хатар остида қолишини прогноз қилмоқдалар.

Мана шундай иқтисодий қалтис шароитда юртимизда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва экспорт қилувчиларни қўллаб-қувватлаш, тадбиркорларнинг эркин фаолияти учун қулай шарт-шароит яратиш учун тизимли ёндашувлар асосида аниқ чора-тадбирлар кўрилаётгани эътирофга молик. Айниқса, 10 миллиондан ошиқ аҳоли бандлиги таъминланган кичик ва ўрта бизнес субъектларига ҳар томонлама суянч бўлишга ҳаракат қилинаётганини мамнуният билан таъкидлашни истардик.

Ўтган ҳафтада давлат раҳбари раислигида маҳаллий саноатдаги муаммолар ва имкониятларга бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам бу бўйича янада янги, ҳаётий таклиф-вазифалар илгари сурилди.

Йиғилишда маҳаллий корхоналаримизга кенг йўл очиб, ишлаб чиқаришни кўпайтириш, бозорларга талабгир маҳсулотлар билан кириши учун шароит яратиш зарурати яна бир бор эслатилди.

Жумладан, шу йилнинг тўрт ойида саноатда сезиларли ўсиш кузатилган бўлса-да, 29 та туман ишлаб чиқаришни 4,5 триллион сўмга қисқартиргани танқид қилинди. Мисол учун, Пайариқ ва Пахтачи туманларидаги пасайишлар 210 миллиард сўмлик йўқотишга олиб келган. Тошкентдаги Сергели ва Яшнобод саноат зоналаридаги пасайиш эса шаҳар бўйича 1,1 фоизлик саноат ўсишини бой берган.

Йил бошидан буён мамлакатнинг экспорт ҳажми асосан кимё, озиқ-овқат, IT ва туризм хизматлари ҳисобига ошган. Лекин тўқимачиликда экспорт кўрсаткичлари ўтган йилга нисбатан 175 млн долларга камайган. Президент бу борадаги муаммога тўхталар экан, маҳсулотларимиз сифатли бўлгани билан халқаро бозорда буни исботлайдиган сертификатлар йўқлиги боис улар жуда арзон баҳоланаётганини таъкидлади. Ахир, 1 ярим мингдан ортиқ йирик ва ўрта тўқимачилик корхоналаридан атиги 244 тасида халқаро сертификат борлиги жиддий муаммо.

Йиғилишда Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Навоий, Сирдарё, Сурхондарё ва Хоразм вилоятларида камида 20 тадан, қолган ҳудудларда эса 10 тадан корхонани халқаро сертификат билан таъминлаш вазифаси юклатилди.

Саноат, экспорт ва тушум масалаларида “республика – тармоқ – вилоят – туман” вертикал тизими бўйича масъуллар белгиланиб, қайси бўғинда муаммо ҳал этилмаса, шу тизимдаги раҳбарлар жавобгарликка тортиладиган бўлди.

Бундай янги ва қайсидир маънода кескин ёндашув замирида бир мақсад турибди: глобал иқтисодий тебранишлар шароитида мамлакатнинг иқтисодий барқарор тараққиётини таъминлаш. Иқтисодий барқарорлик эса, табиийки, ижтимоий ҳаётимизнинг яхшиланишига, халқимиз турмуш фаровонлиги ошишига хизмат қилади.

 

Фарида МАҲКАМОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

«Ўзбекистон овози», 28.5.2025, №21

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш