Диний мувозанат низоми
Диний мувозанат низоми

 

Давлатимиз раҳбарининг шу йил 14 мартда қабул қилинган қарори асосида Имом Абу Мансур Мотуридий таваллудининг 1155 йиллиги юртимизда кенг нишонланиши беназир алломанинг ибратли ҳаёт йўли ва бой илмий-маънавий меросини ҳар томонлама чуқур ўрганишни рағбатлантириш, мотуридийлик таълимотига хос бағрикенглик ва мўътадиллик тамойилларини халқимиз ва жаҳон жамоатчилиги ўртасида кенг тарғиб этиш, ёшларни Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашда катта аҳамиятга молик бўлган тарихий воқеадир.

Буюк олимнинг исломий ақидашунослик соҳасида улкан из қолдиргани, ўзининг ўлмас таълимоти билан сунний исломнинг асосий каломий йўналишларидан бирини илмий асосда белгилаб бергани, бу билан исломий фикр ҳамда эътиқоднинг мувозанатли ёндашувини таъминлагани бутун дунёга маълум ва манзур.

Биламизки, Мотуридийнинг бир қанча асарлари мавжуд. Жумладан, "Китобат-тавҳид" китоби исломий калом соҳасидаги энг муҳим манбалардан бири ҳисобланади. Унда Аллоҳнинг сифатлари, исломий ақида масалалари, тақдир ва инсон иродаси ҳақида кенг, атрофлича фикр юритилган. Олимнинг яна бир китоби - “Таавилоти аҳлис-сунна" Қуръон тафсири бўлиб, унда таъвил ва тафсир методологияси юзасидан илмий қарашлар баён қилинган. "Раддалал-Қарромийя" ва"Раддалал-Муътазила" асарлари ҳам ўта долзарб бўлган турли ақидавий оқимларга қарши раддия сифатида ёзилган.

Президентимизнинг Самарқандда Имом Абу Мансур Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигига бағишлаб ўтказилган халқаро илмий-амалий анжуман иштирокчиларига йўллаган табригида “Калом илмининг султони”, “Мусулмонлар эътиқодини тузатувчи” деган юксак эътирофларга сазовор бўлган Имом Мотуридий ўрта асрларда – ғоявий курашлар авж олган ўта мураккаб даврда ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини кенг очиб берадиган ноёб илмий-маърифий асарлар яратгани, турли зарарли оқимлар ва жаҳолатга қарши мардона кураш олиб боргани, ҳеч шубҳасиз, чинакам маънавий жасорат намунасидир”, деган эътирофлари замирида чуқур маъно мужассам.

Давлатимиз раҳбари табригида Имом Мотуридий меросини ўрганишга мамлакатимиз миқёсида алоҳида эътибор қаратилаётгани қайд этилди. Бу бежиз эмас. Негаки, бугун дунё миқёсида бўлаётган жуда кўп нохушликлар ортида динни тўғри тушунмаслик, уни турли оқимлар томонидан ўз манфаатлари йўлида бузиб талқин қилиш, айнан Мотуридийнинг ана шундай бузғунчиликларга қарши раддия тарзида битилган асарларини билмаслик, олимнинг огоҳликка даъват тарзида илгари сурган ғояларига риоя қилмаслик сингари иллатлар турибди.

Не бахтки, мамлакатимизда виждон эркинлиги ва диний бағрикенглик борасида қилинаётган бемисл ишларни бутун олам ўрганса арзийди.

Ўттизга яқин мамлакатлардан етмишга яқин мутасаддилар иштирок этган Самарқанд анжуманидан кўзланган асосий мақсад ҳам худди шу аслида.

Мана шуларни ҳис этган ҳолда бутун мамлакатимизда бўлганидек, вилоятимиз шаҳар ва туманларида ҳам мазкур йўналишда тушунтириш ишларини олиб бораётганимизни айтиб ўтиш ўринли. Бунга мисол тариқасида Наманган шаҳрининг “Шаршара”, “Тараққиёт”, “Янги ҳаёт”, “Диёр”, “Дамбоғ” ҳамда ўзим депутат бўлган Тўрақўрғон туманининг қатор маҳаллаларида, таълим муассасаларида Республика Маънавият ва маърифат маркази, шунингдек, ЎзХДП Наманган шаҳар ва Тўрақўрғон туман бўлимлари билан ҳамкорликдаги тадбирларимизни кўрсатиш мумкин.

Таассуфки, бугун дунёнинг айрим ҳудудларида муқаддас динимизнинг эзгу ғояларини сохталаштириш, улардан ғаразли мақсадларда фойдаланишга қаратилган бузғунчи ҳаракатлар янги-янги шаклларда давом этмоқда. Шундай мураккаб паллада мамлакатимизда олиб борилаётган ибратли ишлар бутун оламдаги тараққийпарвар кучлар томонидан қўллаб-қувватланяпти ва бунда “Диний мувозанат низоми” дея аташ мумкин бўлган Мотуридия таълимоти эзгулик сари йўлловчи маёқ вазифасини ўтамоқда.

 

Зиёвиддин МАНСУР,

Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси Наманган вилоят бўлими раҳбари,

халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси.

«Ўзбекистон овози», 7.5.2025, №18

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш