Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши ҳамда Тошкент шаҳар кенгаши ташаббуси билан Тошкент менежмент ва иқтисодиёт институтида “Аёллар сиёсатда: имкониятлар, иқтисод ва сиёсий ўзгаришлар” мавзусида ўқув семинари ташкил этилди. Мазкур тадбир партиянинг аёл депутатлари учун амалга оширилаётган “Депутат аёллар клуби” лойиҳаси доирасида ўтказилди.
Ўқув семинарида асосий эътибор хотин-қизларнинг сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг жамият ва давлат бошқарувидаги иштирокига туртки бериш, гендер тенглигини таъминлаш ва қонунчиликда аёллар учун яратилаётган имкониятлар юзасидан аниқ ва мақсадли маълумотлар беришга қаратилди.
Тадбирда Олий Мажлис Сенати Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитасида доимий асосда фаолият юритувчи сенатор Маъруфова Гулнора Маҳмудовна, Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг масъул ходими Уразова Ўғилой, партиянинг туман Кенгашлари депутатлари, шунингдек, Адлия вазирлиги ва бошқа мутасадди идоралардан вакиллар иштирок этдилар.
Тадбирда иштирокчилар аёлларнинг давлат бошқаруви ва жамият ҳаётидаги фаол иштирокини рағбатлантириш, улар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлаш бўйича мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, парламентда ва маҳаллий Кенгашларда хотин-қизлар сонини ошириш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар, шунингдек, ижтимоий ҳимоя, оилавий мустаҳкамлик ва аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш соҳасидаги давлат сиёсати ҳақида атрофлича фикр алмашишди.
Тадбир сўнгида иштирокчилар партиянинг аёлларга оид дастурий мақсадларини амалий ҳаётга татбиқ этишда бундай ташаббусларнинг аҳамиятини алоҳида таъкидлаб, ушбу лойиҳа доирасидаги фаолиятни тизимли ва узлуксиз давом эттириш лозимлигини қайд этишди.
Клуб ўз ишини Тошкент шаҳрининг бошқа ҳудудларида ҳам давом эттиради.