Парламентдаги мухолифатнинг кафолатланган ҳуқуқлари кенгаймоқда

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракциясининг бугунги йиғилишида бир қатор муҳим масалалар муҳокама қилинди.

«Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига парламентдаги мухолифатнинг кафолатланган ҳуқуқларини кенгайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Лойиҳа орқали ўзини парламентдаги мухолифат деб эълон қилган сиёсий партия фракциясига қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилгунга қадар ўша масалага доир қонун лойиҳасининг, шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қарори лойиҳасининг муқобил таҳририни киритиш, ҳар чоракда “ҳукумат соати” ва парламент сўрови доирасида масала киритиш каби қўшимча ҳуқуқлар бериш назарда тутилмоқда.

Лойиҳадаги меъёрлар парламентда сиёсий плюрализмни мустаҳкамлашга, фикрлар, позициялар хилма-хиллигига, мухолиф фракцияларнинг ҳуқуқ ҳамда ваколатларини белгилашга хизмат қилади.

Фракция аъзоси Фирдавс Шариповнинг фикрига кўра, лойиҳа сиёсий партиялар ўртасидаги конструктив рақобатни қўллаб-қувватлаш, фуқаролик жамиятини изчил ривожлантириш ва парламент фаолиятининг самарадорлигини оширишда муҳим аҳамиятга эга бўлади.

Лойиҳа билан парламентдаги мухолифат ва унга кирувчи фракциялар учун аниқ кафолатланган ҳуқуқ ҳамда ваколатлар назарда тутилмоқда. Парламентдаги мухолифат мустақил равишда қонун ташаббуси билан чиқиши мумкинлиги, Вазирлар Маҳкамаси ва бошқа давлат органларидан ҳисобот сўраш ҳуқуқига, парламент қўмиталари ва комиссияларида фаол иштирок этиш имкониятига, муқобил таклифлар киритиб, муҳокамага қўйиш ваколатига эга бўлиши белгиланмоқда.

Депутатлар таъкидлаганидек, бу лойиҳа халқ вакиллари ўртасидаги институционал мувозанатни таъминлаш, давлат бошқарувида масъулият ва шаффофликни кучайтиришга хизмат қилади. Мажлис якунида қонун лойиҳаси биринчи ўқишда маъқулланиб, иккинчи ўқишда янада такомиллаштириш учун юборилди.

Фракция йиғилишида Ҳисоб палатасининг 2024 йилги ҳисоботи ҳам кўриб чиқилди. Таъкидланишича, ҳисобот таҳлили орқали қайси соҳа ва йўналишларда тизимли ислоҳотларга эҳтиёж борлигини баҳолаш, шунга зарур чоралар белгилаш имконини беради. Фракция аъзолари Ҳисоб палатаси фаолияти самарадорлигини ошириш билан боғлиқ масалалар бўйича ўз фикр-мулоҳаза ва таклифларини ҳам билдиришди.

Фракция йиғилишида депутатларнинг жойларда электорат билан ўтказган учрашувлари якунлари, олдинда турган муҳим вазифалар атрофлича муҳокама қилинди.

 

 

 

 

 

 

Теглар

Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш