Қадрли шифокорлар, ҳамширалар, фармацевтлар ва соғлиқни сақлаш тизимининг фидойи ходимлари!
  Қадрли шифокорлар, ҳамширалар, фармацевтлар ва соғлиқни сақлаш тизимининг фидойи ходимлари!

 

Сизларни касб байрамингиз – Тиббиёт ва фармацевтика ходимлари куни билан Ўзбекистон Халқ демократик партияси ҳамда шахсан ўз номимдан чин дилдан табриклайман! Инсон саломатлигини асраш, дардига малҳам бўлишдек олийжаноб ва масъулиятли фаолиятга ҳаётини бағишлаган сиз азизларга раҳмат айтишдан мамнунмиз!

Ҳар бир инсон, айниқса, кўмакка муҳтож ҳамюртларимиз сифатли ва кафолатланган тиббий хизматдан бемалол фойдалана олиши – партия дастурининг асосий мақсадларидан бири. Шу боис кейинги йилларда соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларда халқимизга манзур ғоялар рўёбга чиқаётганидан қувонамиз.

Айниқса, соҳа ходимларининг қадр-қимматини, меҳнатини ҳимоя қилиш қонун билан мустаҳкамлангани хотиржам, хавфсиз ва муносиб шароитда меҳнат қилишингизга мустаҳкам кафолат бўлмоқда.

Тиббий ёрдам керакли пайтда, бирламчи бўғинда кўрсатилиши, юқори технологияли, мураккаб тиббий амалиётлар юртимизда ҳам кенг йўлга қўйилаётгани ва бошқа кўплаб янгиликлар натижасида халқимизнинг соғлиқни сақлаш тизимидан розилиги ортиб бораётгани алоҳида қувончлидир. Маҳаллада соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва касалликни барвақт аниқлаш эса кундалик фаолиятингизнинг ажралмас қисмига айланаётганидан миннатдормиз.

Азиз тиббиёт ва фармацевтика соҳаси ходимлари, машаққатли ва шарафли меҳнатингизда куч-ғайрат, сиҳат-саломатлик ва оилавий хотиржамлик ҳар доим ҳамроҳингиз бўлишига тилакдошмиз!

Касб байрамингиз муборак бўлсин!

 

Ҳурмат билан,

У.Иноятов

 

 

 

 

 

 

 

← Рўйхатга қайтиш