Сўнгги кунларда Тошкент шаҳрида жамоат транспорти тарифларини қайта кўриб чиқиш ҳамда мактаб ўқувчиларининг хавфсиз ва қулай қатновини таъминлаш масалалари жамоатчилик эътиборида турибди.
Маълумки, пойтахтимизда автобус ва метрода бир марталик электрон тўлов тарифини қарийб 47 фоизга ошириш таклифи юзасидан жамоатчилик муҳокамаси ўтказилди.
Шунингдек, ўқувчиларнинг мактабга хавфсиз ва қулай қатновини таъминлаш учун Тошкент шаҳрида School Bus тизимини жорий этиш имкониятлари ўрганилмоқда (73,5 фоиз сўров иштирокчилари таклифни қўллаб-қувватлаган).
Халқ демократик партияси ушбу долзарб ижтимоий масалалар юзасидан, аввало, кам даромадли ва кўп фарзандли оилалар манфаатлари нуқтаи назаридан қуйидаги позициясини билдиради:
Биринчидан, жамоат транспорти тарифлари аҳоли даромадлари ва оилавий харажатларга таъсири ҳисобга олинган ҳолда белгиланиши керак.
Шунинг учун тарифларни белгилашда ташувчилар харажатлари билан бир қаторда аҳоли даромадлари, оила харажатлари, ўқувчилар ва талабаларнинг кундалик қатнови, кам даромадли ва кўп фарзандли оилаларнинг имкониятлари ҳам ҳисобга олиниши керак.
Ҳар бир ота-она учун фарзандининг эмин-эркин ҳаракатланиши, билим олиши ва кундалик манзилларига хавфсиз етиб бориши муҳим. Шу маънода, жамоат транспорти сиёсатида иқтисодий самарадорлик билан бир қаторда ижтимоий тенглик, таълим олиш имконияти, болалар хавфсизлиги ва оила манфаатлари ҳам асосий мезонлардан бири бўлиши шарт.
Иккинчидан, ўқувчилар учун алоҳида ва имтиёзли тариф механизми жорий этилиши мақсадга мувофиқ.
Бу партиямизнинг сайловолди дастурида белгиланган аниқ сиёсий позициядир. Бизнингча, барча ўқувчилар учун имтиёзли тариф, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кўп фарзандли оилалар фарзандлари учун эса қўшимча қўллаб-қувватлаш механизмлари назарда тутилиши зарур.
Мактабга бориш ва қайтишда боланинг хавфсизлиги биринчи ўринда туриши шарт. Шу нуқтаи назардан, School Bus тизимини жорий этиш муҳим. Бироқ, бу тизим ота-оналарга яна бир қўшимча молиявий юк бўлмаслиги керак.
Хорижий тажрибада ҳам ўқувчиларнинг транспорт харажатларини камайтиришнинг турли механизмлари қўлланилади. Айрим давлатларда ўқувчилар учун жамоат транспортида чегирмалар белгиланса, бошқа ҳолатларда мактабгача бўлган масофа, оила даромади, ҳудуднинг транспорт билан таъминланганлигидан келиб чиқиб, харажатлар тўлиқ ёки қисман қопланади.
Халқ демократик партияси тариф ўзгаришларининг ижтимоий таъсири холис ва очиқ баҳоланиши, қарорлар жамоатчилик учун тушунарли асосларга эга бўлиши, ўқувчилар учун самарали имтиёзли тарифлар ҳамда оилаларни қўллаб-қувватлаш механизмлари яратилиши зарур, деб ҳисоблайди.