Ўзбекистон – Сербия: ўзаро ишончнинг янги даражаси
Ўзбекистон – Сербия: ўзаро ишончнинг янги даражаси

 

Ўзбекистон Президентининг 7–8 сентябрь кунлари Сербия Республикасига амалга оширган расмий ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янги даражага кўтарди.

Ташриф давомида сиёсий мулоқот, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик, транспорт ва логистика, саноат, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, рақамли технологиялар, меҳнат миграцияси, маданият, туризм каби соҳаларда кенг қамровли ҳамкорлик келишувларига эришилди.

Энг муҳими, Тошкент ва Белград ўртасида стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисида Қўшма декларация имзоланди. Мазкур ҳужжат Ўзбекистон–Сербия муносабатларини мазмун-моҳият жиҳатдан янги босқичга кўтарилганини англатади. Бу, аввало, икки давлатнинг ўзаро ишончини мустаҳкамлаш, узоқ муддатли ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилаш ва эришилган келишувларни амалий лойиҳаларга айлантириш учун мустаҳкам сиёсий ҳамда ҳуқуқий замин яратади.

Бугунги замонда давлатлараро муносабатларнинг самарадорлиги кўп жиҳатдан иқтисодий ҳамкорликнинг амалий натижалари билан белгиланади. Шу нуқтаи назардан, икки давлат раҳбарлари иштирокида Ўзбекистон–Сербия қўшма бизнес-форуми ўтказилди. Унда икки мамлакатнинг 200 дан ортиқ давлат ва бизнес вакиллари, йирик саноат ҳамда савдо компаниялари раҳбарлари иштирок этди. Форумда икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини кўпайтириш, товарлар турини кенгайтириш, божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Икки томонлама очиқ мулоқотлар Ўзбекистон-Сербия муносабатлари тарихида янги даврни бошлаб берди. Жумладан, Саноат кооперациясини ривожлантириш мақсадида 2026–2028 йилларга мўлжалланган Саноат шериклигини ривожлантириш бўйича қўшма ҳаракатлар режаси юртимиз иқтисодиётида юқори қўшилган қиймат яратиш, янги иш ўринлари ташкил этиш ва экспорт салоҳиятини янада ошириш учун катта имконият яратса, Эркин савдо тўғрисидаги битим бўйича музокараларни бошлаш учун ишчи гуруҳ тузишга келишиб олиниши Ўзбекистоннинг Европа ва Осиёни боғловчи транспорт йўлакларидаги иштирокини янада фаоллаштиришга, «Ўрта коридор» имкониятларидан самаралироқ фойдаланишга ҳамда ташқи савдо географиямизнинг янада кенгайишига олиб келади.

Белграддаги учрашувлар нафақат икки мамлакат ўртасидаги муносабатларда янги давр бошланганини кўрсатмоқда, шу билан бирга, Ўзбекистоннинг халқаро майдонда ҳамма учун очиқ ва прагматик ташқи сиёсат юритиш принципида доим қатъий эканини яна бир бор намоён этмоқда.

 

Шокиржон Аҳмедов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш