ЎзХДП фракцияси муҳим қонун лойиҳаларини қўллаб-қувватлади

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда саноат, радиация ва ядро хавфсизлигини таъминлаш соҳаларидаги қонунчиликни такомиллаштириш, судьяларнинг мақоми ҳамда давлат харидлари тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.

Дастлаб, депутатлар ташаббускорлар томонидан ишлаб чиқилган, судьялар мустақиллигини таъминлашда судьялар мақомининг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштиришга қаратилган “Судьяларнинг мақоми тўғрисида”ги қонун лойиҳасини муҳокамадан ўтказди.

Қайд этилишича, таклиф этилаётган қонун лойиҳаси 7 та боб, 47 та модда ва илова тарзида тасдиқланаётган Судьяларнинг малака даражалари тўғрисидаги низомдан иборат бўлиб, қонун лойиҳаси билан Олий суд ва қуйи судлар тузилмасини белгиланган штат бирликлари доирасида мустақил тасдиқлаш ҳуқуқини Олий суд раисига бериш, суд аппарати ходимларини ишга қабул қилиш ва уларнинг меҳнат фаолияти билан боғлиқ чекловларни белгилаш каби нормалар белгиланмоқда.

Бундан ташқари, судьялик учун ёш цензи амалдаги 35 ёшдан 30 ёшга туширилмоқда, судьяни 10 йиллик муддатга тайинлаш тартиби бекор қилиниб, дастлаб 5 йилга, кейинчалик муддатсиз даврга тайинлаш тартиби кўзда тутилмоқда. Судьялик лавозимига, шу билан бирга, суд раиси ва ўринбосари лавозимларига қўйиладиган талаблар кучайтирилаётгани, судьянинг малакасини ошириш даврийлиги ва муддатлари, суд соҳасида муҳим ислоҳотлар амалга оширилган 21 февраль санасинисуд органлари ходимлари куни сифатида белгиланаётгани таъкидланди.

Суд мустақиллиги ва масъулияти ошаётгани, одил судлов асослари кучайтирилаётгани Халқ демократик партияси электорати манфаатларига тўғридан-тўғри хизмат қилиши қайд этилди.

Шунингдек, давлат харидларида парламент назоратини ўрнатиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ижроси тўғрисидаги ҳисоботлар таркибига давлат буюртмачилари томонидан амалга оширилган давлат харидлари натижаларини, жумладан, тўғридан-тўғри шартномалар ҳақидаги маълумотларни киритиш ҳамда давлат харидларида юзага келаётган низоларни ҳал қилишни соддалаштириш таклиф этилаётган қонун лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди.

Депутатларга фракция йиғилиши кун тартибига мувофиқ, навбатдаги масала – Маданият вазири О. Назарбековга «Болалар мусиқа, санъат ва ихтисослаштирилган мактабларидаги таълим сифатини ошириш, уларнинг зарур жиҳозлар билан таъминланиш ҳолати тўғрисида» юборилган парламент сўрови юзасидан амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ахбороти ҳам ўқиб эшиттирилди.

Йиғилиш якунида фракция аъзоларининг сайлов округларида сайловчилар ва аҳоли вакиллари, тадбиркорлик субъектлари билан бўлиб ўтган учрашувлари, ҳудудлардаги ижтимоий соҳа объектларини ўрганиш натижалари тўғрисидаги ахбороти ҳам тингланди.

Кун тартибида кўриб чиқилган қонун лойиҳалари Ўзбекистон Халқ демократик партияси электорати манфаатлари ва партия дастурий ғояларидан келиб чиқиб, қўллаб-қувватланди.

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш