Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзоси Муқаддас Ўразалиева Жиззах вилоятининг Зомин туманидаги “Қудуқча” қишлоғи, “Ширин” ҚФЙ ҳудудидаги 7-мактабда “Ташаббусли бюджет” тизими орқали қўллаб-қувватланган ёпиқ спорт иншоотини барпо этиш лойиҳаси юзасидан аҳоли билан учрашув ўтказди.
Учрашувда лойиҳа доирасида амалга оширилаётган ишларнинг ҳолати, белгиланган вазифалар ижроси ва мавжуд муаммолар ўрганилди. Мулоқот давомида қурилиш ишларини хавфсизлик ҳамда лойиҳа-смета ҳужжатлари талабларига мувофиқ, сифатли олиб бориш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, фуқаролар томонидан мактабга қатновчи ўқувчилар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида пиёдалар йўлакчасини барпо этиш масаласи кўтарилди. Мактабда ўқувчилар сони ортиб бораётгани таъкидланиб, келгусида таълим олиш учун зарур шароитларни кенгайтириш мақсадида қўшимча бино қуриш таклифи ҳам билдирилди.
Депутатимиз томонидан барча мурожаатлар тингланиб, кўтарилган долзарб масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Билдирилган таклиф ва мурожаатларни тегишли мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда кўриб чиқиш юзасидан зарур чоралар белгиланди.