Тобора яқинлашиб келаётган энг улуғ, энг азиз байрам – мамлакатимиз Мустақиллигининг 35 йиллик тантаналари халқимизни янада руҳлантирмоқда, юртимизда ижтимоий бирдамлик руҳини мустаҳкамламоқда.
Мўътабар байрам муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони асосида мамлакатимизни ҳар томонлама ривожлантириш, инсон қадрини улуғлаш, халқимиз фаровонлигини ошириш борасидаги туб ислоҳотлар жараёнида давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида ислоҳотлар самарасини таъминлашда жонбозлик кўрсатиб келаётган, ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, юртимизда тинчлик-осойишталик, миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш, Янги Ўзбекистоннинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшаётган ватандошларимиз “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги” эсдалик нишони билан тақдирланди. Уларнинг сафида Халқ демократик партияси вакиллари ҳам кўпчиликни ташкил этади.
Бугун Халқ демократик партияси Марказий Кенгашида тантанали тадбир ўтказилди. Партия етакчиси Улуғбек Иноятов барчани Мустақиллигимизнинг қутлуғ 35 йиллиги билан самимий табриклаб, кейинги йилларда халқимизнинг турмуш фаровонлиги ортиб бораётгани, ижтимоий ҳимоя масалалари самарали ҳал этилаётгани, маҳаллалар ободлашиб, ижтимоий фаоллик масканига айланаётгани, бу борадаги юксак ютуқ ва марралар партиямиз дастурий мақсадларига эришишда стратегик аҳамиятга эга бўлаётганини таъкидлади. Инсоннинг ҳуқуқларини таъминлаш, қадр-қимматини кўтариш бўйича эришилаётган натижалар аҳамиятини кенг тушунтириш, тарғиб қилиш, олдинда турган янада долзарб вазифаларни катта шижоат билан амалга ошириш зарурлиги қайд этилди.
Бир гуруҳ партия вакилларига “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги” эсдалик нишони тантанали топширилди.
Тадбирда сўзга чиққанлар Мустақиллик даврининг дастлабки йилларидаги оғир қийинчиликларни эслашди, тўпланиб қолган ижтимоий муаммолар кейинги йилларда самарали ҳал этилаётганини турли соҳалар, ўз ҳаётлари мисолида тушунтириб беришди. Эътибор ва ғамхўрлик учун миннатдорчилик билдирилди.
Ахборот хизмати