Сўнгги кунларда жамиятда айрим маҳаллий ҳокимликлар, масъул ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари аҳоли хонадонларига бориб, уй-жой атрофи ҳудудларини ободонлаштириш билан боғлиқ турли талабларни қўяётгани ҳолатлари кенг муҳокама қилинмоқда.
Бундай талаблар бажарилмаган тақдирда хонадонларга «Уятли хонадон» ёзуви туширилган лавҳалар осиб қўйилаётгани, айрим маҳаллаларга эса «Шармандали маҳалла» каби камситувчи номлар берилаётгани ҳақидаги хабарлар алоҳида норозилик уйғотмоқда. Бундай амалиёт фуқароларнинг ҳақли норозилигига сабаб бўлмоқда, чунки бу уларнинг шаъни, қадр-қимматини ҳимоя қилиш, шахсий ҳаёти ва уй-жойи дахлсизлигига бўлган конституциявий ҳуқуқларига дахлдор.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси аҳоли пунктларини ободонлаштириш, тозалик ва тартибни сақлаш — Ватанга муҳаббат, фуқаролик масъулияти ва жамиятнинг умумий маданиятининг намоён бўлиши, деб ҳисоблайди. Бироқ бундай ташаббуслар фақат қонунга, инсон қадр-қимматига ҳурмат, ижтимоий шериклик, шахсий намуна ва фуқароларни амалий қўллаб-қувватлашга асосланиши, мажбурлаш, омма олдида қоралаш ва шахсни таҳқирлашга эмас, балки шу тамойилларга таяниши лозим.
Обод маҳаллалар ва саришта хонадонларни давлат органлари ўзларининг бевосита вазифаларини сифатли бажармасдан туриб таъминлаб бўлмайди. Аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш, электр энергияси ва газнинг узлуксиз етказиб берилиши, йўллар ва муҳандислик инфратузилмасининг тегишли ҳолатда бўлиши, маиший чиқиндиларни ўз вақтида олиб чиқиш — давлатнинг масъулиятидир. Одамлар бундай ишларнинг реал натижаларини кўрганида, ўз хонадонлари ва атроф-ҳудудни ободонлаштиришга интилиши табиий ҳолга айланади.
«Бугун мамлакатимиздаги барча ислоҳотлар бош конституциявий тамойил — “Инсон, унинг ҳаёти, ҳуқуқлари, эркинликлари, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият ҳисобланади”, деган принципга асосланади. Айнан шу тамойил “Инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати учун” шиори остида амалга оширилаётган давлат сиёсатининг асосини ташкил этади.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ушбу кафолатларни аниқ белгилаб қўйган. 26-моддага мувофиқ, инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсиздир ва ҳеч нарса уларни камситиш учун асос бўлиши мумкин эмас. 31-модда ҳар бир инсоннинг шахсий ҳаёти, уй-жойи дахлсизлиги ва ўзбошимчалик билан аралашувдан ҳимояланиш ҳуқуқини кафолатлайди.
Шу сабабли фуқароларни омма олдида таҳқирлаш, хонадонларга ҳақоратли мазмундаги лавҳаларни осиб қўйиш, маънавий босим ўтказиш ёки қонунда назарда тутилмаган чораларни қўллаш билан боғлиқ ҳар қандай ҳаракатлар йўл қўйиб бўлмайдиган ҳолатдир. Улар нафақат Конституцияга, балки мамлакатимизда амалга оширилаётган, инсоннинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган ислоҳотларнинг моҳиятига ҳам зиддир.
Шахсга, унинг шаъни ва қадр-қимматига ҳурмат ҳар бир давлат органи ва ҳар бир мансабдор шахс фаолиятининг сўзсиз тамойили бўлиши керак. Фақат қонунийлик, ўзаро ҳурмат, ишонч ва ижтимоий шериклик одамларни бирлаштириб, маҳаллаларимизни ҳақиқатан ҳам обод ва яшаш учун қулай масканларга айлантира олади».
Ўзбекистон Халқ демократик партияси барча давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва мансабдор шахсларни фуқароларнинг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини камситувчи ҳар қандай ноқонуний таъсир усулларидан воз кечишга ҳамда қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқларига ҳурмат, ижтимоий адолат ва ижтимоий шериклик тамойилларига қатъий амал қилишга чақиради.
Инсон, унинг ҳуқуқлари, шаъни ва қадр-қиммати демократик ҳуқуқий давлатнинг олий қадрияти бўлган ва бўлиб қолади. Айнан шу тамойил давлат органлари томонидан қабул қилинадиган ҳар бир қарор ва Янги Ўзбекистонни янада ривожлантириш йўлидаги ҳар бир қадамнинг асосида ётиши керак.
Ирина Токарева,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.