Бугун аномал иссиқ нафақат табиат, балки инсон соғлиғи ҳамда меҳнат фаолияти учун жиддий синовга айланмоқда. Жаҳон метеорология ташкилоти таҳлилларига кўра, жорий йил 2024 йилги рекордни янгилаб, тарихдаги энг иссиқ йилга айланиши эҳтимоли 86% га ошган.
Аномал иссиқда инсонлар учун ноқулай шароитда меҳнат қилиш хавфли экани ҳақида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва Халқаро меҳнат ташкилоти ҳам огоҳлантирмоқда. Иссиқ уриши юрак-қон томир ва нафас йўллари касалликлари оғирлашишининг асосий сабабларидир.
Мамлакатимизда, аномал иссиқ шароитида меҳнат хавфсизлигини таъминлаш масаласи миллионлаб ишчилар ва уларнинг оилалари манфаати билан бевосита боғлиқдир. Шу боис меҳнатни тўғри ташкил этиш бир нечта корхона эмас, балки деярли ҳар бир ҳудуд ва тармоқ учун долзарб масаладир.
Мазкур вазиятда Халқ демократик партияси юртимиздаги барча иш берувчиларни қуйидаги муҳим ҳолатларга эътибор беришга чақиради.
Биринчидан, ҳавонинг ҳарорати юқори бўлган шароитларда очиқ ҳавода, совитилмайдиган хоналарда ёки оғир жисмоний ишларда банд ходимларга қўшимча танаффуслар берилиши мақсадга мувофиқ. Меҳнат кодексига асосан иш берувчи ходимлар учун хавфсиз ва соғлом меҳнат шароитларини яратиши шарт.
Иккинчидан, Халқаро меҳнат ташкилоти очиқ ҳавода ёки иссиқ жойларда ишлаётган ходимлар учун дам олиш, салқинлаш учун имкон яратиб беришни тавсия қилади.
Шундан келиб чиқиб, очиқ ҳавода бажариладиган оғир ишларни эрталаб ёки кечқурунги салқин вақтларга кўчириш, ҳар соатда қисқа дам олиш имкониятини яратиш ҳамда сояли ёки кондиционерли дам олиш жойларини ташкил этиш, иссиқ уриши аломатлари бўйича доимий йўриқномалар ўтказиш лозим, деб ҳисоблаймиз.
Учинчидан, ёш болали, ҳомиладор аёллар, катта ёшдагилар, сурункали касаллиги бор ходимлар ва очиқ ҳавода меҳнат қилаётганлар учун алоҳида муҳофаза чораларини кўриш муҳимдир. Бугун ходим саломатлигига сарфланган ҳар бир маблағ эртага меҳнат унумдорлиги, иқтисодий барқарорлик ва ишлаб чиқариш хавфсизлигига қўшилган инвестиция ҳисобланади.
Тўртинчидан, ходимларни куннинг энг иссиқ маҳалида тушлик учун кўчага чиқишдан ҳимоялаш мақсадида, ички имкониятлардан келиб чиқиб, иш биносида овқатланишга шароит яратилса ҳам мақсадга мувофиқ бўларди.
Яна бир масала шундаки, ҳар бир иш берувчи ходимлар учун сифатли ва салқин ичимлик суви таъминотини яратиб бериши муҳим, деб ўйлаймиз. Мисол учун, қатор Европа ва Яқин Шарқ давлатларида офис ёки ёпиқ хоналардаги ҳарорат маълум даражадан ошса, ичимликлар иш берувчи ҳисобидан тарқатилиши доимий амалиётга айланган.
Биз, барча иш берувчиларни меҳнат қонунчилиги талабларига қатъий амал қилишга, аномал иссиқ кунларда ходимлар учун хавфсиз меҳнат шароитларини таъминлашга ва юксак ижтимоий масъулият намоён этишга чақирамиз.
Халқ демократик партияси
Ахборот хизмати