Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда сув хўжалиги объектлари ҳамда гидротехника иншоотларидан фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарликни ошириш, суд ишини юритишнинг барча босқичларидаги одил судловни амалга оширишда адвокат ҳимоя фикрининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, ҳарбий хизматчиларнинг ижтимоий ҳимояси ҳамда маҳсулотларнинг яроқлилик муддатига амал қилмаганлик учун жазо чораларини кучайтиришга қаратилган қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.
Йиғилишда адвокатуранинг роли ва аҳамиятини кучайтириш мақсадида амалдаги қонунчиликка киритилаётган ўзгартиришлар, хусусан, суд жараёнида ҳимоячи томонидан судга тақдим этиладиган ҳимоя фикрининг инобатга олиниши, унинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга қаратилган қонун лойиҳаси кенг муҳокама қилинди.
Хусусан, депутат Ж.Ачилов судга қадар иш юритиш якунланганидан сўнг ҳимоя фикрини тақдим этиш бўйича қонунчиликка киритилаётган мазкур норма лойиҳасини ишлаб чиқишда хорижий тажрибаларнинг ўрганилганлиги, ҳимоя фикрининг қай ҳолатларда инобатга олиниши ёки рад этилиши каби саволларга изоҳ сўради.
Шунингдек, фракция аъзоси Д.Мамажонова томонидан мазкур қонунчилик лойиҳаси билан “Адвокатура тўғрисида”ги қонуннинг 6-моддасига ўзгартириш киритиш таклиф этилаётган жиноят иши бўйича судга қадар иш юритиш якунланганидан сўнг ҳимоя фикрини тақдим этиш тергов хулосасига таъсир кўрсата олиши ёки ушбу норманинг амалда қандай қўлланилиши батафсил очиқланмаганлиги қайд этилди.
Мазкур қонун лойиҳаси бўйича масъуллар томонидан саволларга атрофлича жавоб берилди. Юқорида депутатлар билдирган фикр-мулоҳазалар асосида лойиҳанинг янада такомиллаштирилиши белгиланиб, концептуал жиҳатдан маъқулланди.
Йиғилиш давомида муддати ўтган ва яроқлилик муддати кўрсатилмаган маҳсулотларни реализация қилиш ҳамда сотишнинг олдини олишга қаратилган қонунчиликни кучайтиришга қаратилган лойиҳа ҳам кенг муҳокамалар марказида бўлди.
Жумладан, статистик таҳлилларга кўра, айрим дўконларда инсон саломатлигига тўғридан-тўғри таъсир этувчи ишлаб чиқарилган санаси ва яроқлилик муддати кўрсатилмаган маҳсулотларни сотишга йўл қўйилаётган салбий ҳолатларнинг ортиб бораётганини кўриш мумкин.
Шунингдек, ҳозирда маҳсулотларни ишлаб чиқарилган санаси ва яроқлилик муддати кўрсатилмаган ҳолда сотишга нисбатан амалда қўлланилаётган жарималар миқдорининг камлиги бу каби салбий оқибатларнинг олдини олиш учун етарли бўлмаётгани қайд этилди.
Шу билан бирга, депутат Ф.Шарипов томонидан мазкур қонун лойиҳаси фуқароларнинг ижтимоий ҳимояси ва инсон саломатлиги билан боғлиқ бўлиб, нега қонун лойиҳаси кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилмаганига изоҳ сўралди.
Қонун ташаббускорлари халқ вакилларининг саволларига атрофлича жавоб беришди. Лойиҳанинг айрим бандлари бўйича алоҳида изоҳлар тақдим этилди.
Якунда кун тартибидаги масалалар юзасидан Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг тегишли қарорлари қабул қилинди.