Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда бир қатор муҳим қонун лойиҳалари муҳокама қилинди.
Жумладан, Ҳукумат томонидан киритилган “Фахрийлар тўғрисида”ги қонун лойиҳасини кенг муҳокама қилинди. Хусусан, депутат Ф.Шарипов биринчи ўқишда қабул қилинган мазкур қонун лойиҳасининг “Фахрий мақомини бекор қилиш ва тугатиш”ни назарда тутувчи 6-моддасининг бугунги иккинчи ўқиш мобайнида “Фахрий мақомини бекор қилиш” дея қайта номланётганига изоҳ сўради.
Ушбу саволга жавобан биринчи ўқишда фахрийлар тоифаларига кирадиган шахс вафот этса ёки бедарак йўқолган деб топилса, унинг фахрий мақоми тугатилиши кўзда тутилганлиги билдирилди.
Лойиҳа янада такомиллаштирилиб, эндиликда фахрий мақоми тугатилмаслиги, фақат ижтимоий ҳимоя қилиш чоралари тўхтатилиши, масалан, фахрий вафот этган тақдирда ҳам унинг фахрий мақоми умрбод сақланиб қолиниши лойиҳада илгари сурилмоқда.
Йиғилишда яна бир қонунчилик таклифи – «Халқаро меҳнат стандартлари миллий қонунчиликка имплементация қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига ўзгартириш ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди.
Лойиҳада инсон терисининг ранги ва сиёсий қарашлари сабабли меҳнат ва машғулот соҳасида бирор-бир чеклов ва имтиёзлар берилиши камситиш, деб белгиланиши назарда тутилмоқда.
Шу нуқтаи назардан Меҳнат кодексига «терисининг ранги» ва «сиёсий қарашлар»ни камситиш белгилари қаторига киритиш мамлакатимиз томонидан қабул қилинган халқаро мажбуриятларнинг мантиқий ва изчил давоми ҳисобланиши таъкидланди.
Шунингдек, йиғилишда “Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида»ги қонуннинг 35-моддасига қўшимча киритишга қаратилган лойиҳа муҳокамадан ўтди.
Aмалиётда кўчмас мулкка оид ижара ҳуқуқини давлат рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ айрим камчиликлар мавжудлиги аниқланган. Жумладан, бир йилдан кам бўлмаган муддатга тузилган кўчмас мулкка доир ижара ҳуқуқлар давлат реестрида рўйхатдан ўтказилиши керак.
Лекин қонунчиликда ижара ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказишда ҳужжатларни ижарага берувчининг ёки ижарага олувчининг қайси бири томонидан топширилиши аниқлаштирилмаган. Бунда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 681-моддасида кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ўз вақтида мурожаат қилинмаганлиги юзасидан жавобгарлик назарда тутилган. Шу тариқа қонунчиликда ҳуқуқий бўшлиқ юзага келиб, мазкур ҳуқуқбузарлик учун ким жавобгарликка тортилиши ноаниқ бўлиб қолган.
Мазкур лойиҳада бинолар ва иншоотларнинг ижара шартномасини рўйхатдан ўтказиш мажбурияти, агар ижара шартномасида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, бинонинг ёки иншоотнинг мулкдори ёхуд унинг ваколатли вакили зиммасига юклатилиш кўзда тутилмоқда.
Якунда кун тартибидаги масалалар юзасидан Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг тегишли қарорлари қабул қилинди.