Ўзбекистон Халқ демократик партияси депутатлари бутун республикамиз ҳудудларида мактабгача таълим ташкилотларида болалар хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ масалаларни манзилли ўрганмоқда. Тўпланган маълумотлар, аниқланган муаммоли ҳолатлар мутасадди ташкилотлар ва экспертлар иштирокида муҳокама қилинмоқда. Камчиликларни тўғрилаш бўйича тезкор чоралар кўрилишига эътибор қаратилмоқда.
Тошкент вилояти Кенгашида Халқ демократик партияси депутатлари гуруҳининг йиғилишида ҳам айни шу масала муҳокама марказида бўлди. Мажлисда Тошкент вилоятининг туман-шаҳар Кенгашларидаги депутатлар ҳам қатнашди.
Маълум қилинишича, бугунги кунда вилоятда жами 2422 та мактабгача таълим ташкилотлари фаолият юритмоқда. Шундан, 617 таси давлат, 170 таси хусусий, 63 таси ДХШ асосидаги ва 1572 таси оилавий боғчаларидир.
Ишчи гуруҳ ўрганишларида Нурафшон шаҳридаги 7 ва 26-сонли, Юқори Чирчиқ туманидаги 7-12-сонли, Чирчиқ шаҳридаги 17-сонли ҳамда Ангрен шаҳридаги 41-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотларида асосий меъёрий ҳужжатлар мунтазам юритилмагани, хавфсизлик бўйича йўриқномалар ўтказилгани расмийлаштирилмагани, фавқулодда вазиятларга тайёрлик даражаси етишмаслиги аниқланган.
Шунингдек, Оҳангарон туманидаги 20-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида ҳам қатор муаммолар кўзга ташланган. Жумладан, гуруҳ хоналари ва ўйин майдончалари таъмирталаб, ёғингарчилик пайтида хоналар томидан чакка ўтиши ва бошқа носозликларга гувоҳ бўлингани билдирилди.
Ёнғин, электр, санитария ва умумий хавфсизлик талабларига жавоб бермаганлиги сабабли ҳозирда фаолияти вақтинча тўхтатилган Ўрта Чирчиқ туманидаги 31-сонли, Тошкент туманидаги 19, 24, 26-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини тез орада тиклаш масалалари ҳам манзилли муҳокама қилинди.
Йиғилишда аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли мутасадди ташкилотларга депутатлик сўровлари чиқарилгани қайд этилди.
Тизимли муаммо ва камчиликлар таҳлил қилиниб, халқ депутатлари Кенгашларидаги маҳаллий Кенгашлар доимий комиссиялари ва сессиялари муҳокамасига олиб чиқиш бўйича вазифалар белгилаб олинди.
Депутатлар болалар учун хавфсиз ва қулай муҳит яратиш, бунга бевосита жавобгар идора-ташкилотлар фаолияти устидан қатъий депутатлик ҳамда жамоатчилик назоратини кучайтириш Халқ демократик партиясининг устувор вазифаси эканини таъкидлашди.