Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда бир қатор қонун лойиҳалари, хусусан, ҳарбий хизматчиларнинг ижтимоий ҳимояси, ҳарбий сафарбарлик, Марказий Банк фаолиятини янада такомиллаштириш, давлат фуқаролик хизматчилари касбий малакасини ошириш, ногиронлиги бўлган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли вакилларининг ҳуқуқларига оид қонун лойиҳалари кенг муҳокама қилинди.
Йиғилиш аввалида, “Ҳарбий хизматчилар мақоми ва уларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди. Лойиҳага кўра, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш назарда тутилмоқда.
Депутат Д. Мамажанова мазкур қонун лойиҳасида ҳарбий хизматчилар учун кўзда тутилаётган дахлсизлик ҳуқуқининг таърифи ва уни белгиловчи ҳамда ушбу ҳуқуқдан маҳрум этувчи тегишли органлар ваколатлари бўйича атрофлича фикр-мулоҳазалар билдирди. Ҳарбий хизматчилар мақомининг муқобил ҳарбий хизматни ўтаётган фуқаролар учун ҳуқуқий аҳамияти ва белгиланаётган бошқа нормаларга аниқликлар киритилди.
Шу билан бирга, йиғилишда “Ўзбекистон Республикаси Марказий банки фаолияти янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Мазкур лойиҳада Марказий банкнинг айрим назорат вазифалари кенгайтирилиши назарда тутилмоқда. Фракциянинг бир гуруҳ аъзолари қонун лойиҳасининг молиявий ресурсларни барқарор бошқариш, қонун устуворлигини таъминлаш борасидаги аҳамияти ҳақида қўллаб-қувватловчи фикрлар билдиришди.
Фракция аъзоси З.Акрамова қўшимча тарзда аҳоли орасида кредитлар фоиз ставкаларининг юқорилиги бўйича фикрлар билдирилаётгани, хорижий тажрибаларни ўрганиш асосида фуқароларнинг молиявий юкини енгиллаштириш чораларини кўриш муҳимлигини таъкидлади.
Шунингдек, “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига давлат фуқаролик хизматчисининг касбий малакасини ошириш кафолатларини белгилашга қаратилган қўшимча киритиш ҳақида”ги қонуни лойиҳаси муҳокамалар марказида бўлиб, унда давлат фуқаролик хизматчисининг касбий фаолияти билан бирга касбий таълим олиш имкониятларининг давлат томонидан қўллаб-қувватланиши, хорижий олийгоҳларда таҳсил олиш муддатининг меҳнат стажига қўшиб ҳисобланиши каби қатор масалалар ҳақида сўз борди.
Депутат Ф. Шарипов мазкур қонун лойиҳасида халқаро нуфузли олий таълим муассасаларининг турлари ва категориялари бўйича аниқ рўйхатлар белгиланмаётганлигига эътибор қаратди ҳамда чет эл олийгоҳларининг номи, тури ва категориясини белгилаш зарурлиги таъкидланди.
Фракция йиғилишида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимининг янада такомиллаштирилишига оид киритилган қонун лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди.
Депутат А.Темиров ижтимоий ҳимоя тушунчасига оид айрим ҳуқуқий нормалар, хусусан, “кам таъминланган” тушунчасининг “ижтимоий реестр” тушунчасига аниқлаштирилиши, муҳтожларни турар жойни таъмирлаш мақсадида маблағлар ва уй-жой билан таъминлаш ҳақидаги нормаларни такомиллаштириш муҳимлигига эътибор қаратди.
Депутатлар муҳокамалар жараёнида қонунлар лойиҳаларининг партия Сайловолди дастурий мақсадларига ҳамоҳанглигига эътибор қаратиб, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини давлат реестрларига киритиш тартибларини янада соддалаштириш лозимлигини таъкидлади.
Фракция йиғилишида муҳокама қилинган қонун лойиҳалари концептуал жиҳатдан маъқулланиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси йиғилиши муҳокамасига киритилиши қўллаб-қувватланди.