Кипрда бўлиб ўтаётган Номзодлар турнирининг 13-турида юртдошимиз Жавоҳир Синдаров ўзининг энг яқин таъқибчиси Аниш Гири билан дуранг ўйнади ва мусобақада муддатидан олдин ғолибликни расмийлаштирди.
Энди Жавоҳир шу йил якунида амалдаги жаҳон чемпиони – ҳиндистонлик Гукеш Доммаражу билан жаҳон тожи учун беллашиш имконига эга бўлди.
Бу нафақат спортдаги йирик ютуқ, балки тарихий натижа бўлди. Энг эътиборлиси, ушбу мусобақани минглаб юртдошларимиз, айниқса ёшлар катта қизиқиш билан кузатди. Бу эса келажакда янги истеъдодларнинг етишиб чиқишига мустаҳкам замин яратади, ёшларни юксак марралар сари руҳлантиради.
Бундай ютуқлар жамиятимизда ижтимоий бирдамликни мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонамиз.
Жавоҳир Синдаровни, унинг оила аъзолари ва устозларини, албатта, бутун халқимизни ушбу тарихий ғалаба билан самимий табриклаймиз!