Халқ депутатлари Муборак туман Кенгашидаги депутатимиз Гулчеҳра Жўраева туман тиббиёт бирлашмасида ўрганиш олиб борди. Унда аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини баҳолаш, мавжуд тизимнинг самарадорлигини таҳлил қилиш ҳамда муаммоли жиҳатларни аниқлаш мақсад қилинган эди.
Ўрганиш жараёнида, аввало, Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланадиган тиббий ёрдамнинг ўз вақтида етказилиши ва тўғри тақсимланиши ўрганилди. Бу жараёнда дорилар таъминотида узилишлар бор-йўқлиги, амалиётда қандай муаммолар учраётгани ҳам таҳлил қилинди.
Бундан ташқари, ижтимоий рецептлар асосида аҳолининг имтиёзли қатламларига хизмат кўрсатиш тизимига эътибор қаратилиб, 1 ва 2-гуруҳ ногиронлиги бўлган фуқароларга махсус ижтимоий дорихона орқали бепул дори воситалари берилиши амалиёти баҳоланди.
Ўрганиш натижаларига кўра, муассасанинг умумий ҳолати ижобий баҳоланган бўлса-да, айрим йўналишларда камчиликлар борлиги, бирлашма фаолиятини янада такомиллаштириш зарурлиги таъкидланди. Бунда, дори воситалари таъминотини барқарорлаштириш, рақамлаштириш тизимини кенгайтириш, аҳолига хизмат кўрсатиш маданиятини ошириш ва профилактик кўриклар қамровини кенгайтириш зарурлиги айтилди.