Кейинги йилларда мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш масаласи давлат сиёсатининг устувор масалаларидан бирига айланди. Аҳоли ижтимоий ҳимоясини мустаҳкамлаш, кучли ижтимоий сиёсат юритишни мақсад қилган Халқ демократик партияси учун ҳам бу принципиал масала ҳисобланади. Шу сабабдан партия бу йўналишдаги стратегик вазифаларининг ҳудудлардаги ижроси бўйича доимий ўрганиш ва таҳлиллар олиб бормоқда.
Навоий шаҳрида ўтган “Камбағалликни қисқартириш: натижалар, мурожаат ва ечимлар” мавзусидаги жамоатчилик эшитувида вилоятдаги мавжуд ҳолат масъул идоралар мутасаддилари иштирокида атрофлича муҳокама қилинди.
Кун тартибидаги масала юзасидан Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси, шунингдек, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармаси раҳбарларининг ахборотлари эшитилди.
Қайд этилишича, 2025 йил бошида вилоятда ижтимоий реестрда турган камбағал оилалар сони 13,8 минг та бўлиб, камбағаллик даражаси 5,7 фоизни ташкил қилган. Йил давомида 10,2 минг оила камбағалликдан чиқарилиб, камбағаллик даражаси 4,2 фоизга тушган.
Ўтган йили вилоятда 156,7 минг нафар аҳолини даромадли меҳнат билан таъминлаш режа қилинган бўлса, амалда 162,7 минг нафар аҳоли бандлиги таъминланган.
Навоий, Зарафшон ва Ғозғон шаҳарларида ишсизлик даражаси 4 фоиздан пасайиб, “табиий ишсизлик” даражасига яқинлашгани ҳам муҳим натижа сифатида қайд этилди.
Эшитувда депутатлар камбағалликни қисқартиришда эришилган натижалар билан бир қаторда, ҳали ечимини кутаётган масалаларга ҳам тўхталиб ўтдилар. Хусусан, бугунги кунда вилоятдаги 310 та маҳалладан 143 таси камбағалликдан чиқарилгани, айрим ҳудудларда аҳолини доимий ва барқарор даромад манбалари билан таъминлашда учраётган муаммолар таҳлил қилинди.
Мутахассисларнинг фикрича, камбағалликни қисқартиришда таълим тизими билан меҳнат бозори ўртасидаги узвий боғлиқликни таъминлаш муҳим. Касб-ҳунарга ўқитиш марказларида бозорда талаб юқори бўлган мутахассисликлар бўйича ўқув курсларини ташкил этиш ва битирувчиларни ишга жойлаштириш бўйича аниқ механизмларни жорий этиш орқали самарадорликни ошириш мумкин.
Шунингдек, камбағалликни қисқартиришга фақат ижтимоий нафақалар ажратиш ва бир марталик ёрдамлар билан эмас, балки аҳолининг доимий даромадга эга бўлиши, янги иш ўринлари яратиш орқали эришиш мумкинлиги таъкидланди.
Жамоатчилик эшитувида партия электорати вакиллари мутасаддиларга бевосита мурожаат қилиш имкониятига эга бўлди, фуқароларни ўйлантираётган масалалар ҳал қилиниши бўйича аниқ чоралар белгиланди.
Халқ демократик партияси депутатлари ҳудудлардаги ўрганиш натижалари асосида фикр-мулоҳаза ва таклифларини билдиришди. Камбағалликни қисқартириш ва ижтимоий ҳимоянинг манзиллилигини ошириш муҳимлиги билдирилди. Айниқса, ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш устувор вазифалардан бири экани қайд этилди.
Халқ демократик партияси сўл қанот сифатида мазкур йўналишдаги ишларнинг ижроси устидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини кучайтириш, аҳоли мурожаатлари билан яқиндан ишлаш, уларни янада самарали ҳам этиш бўйича саъй-ҳаракатларни изчил давом эттириши таъкидланди.