Бугунги кунда мактабгача таълим ташкилотларида болалар ҳаёти ва соғлиғини ишончли ҳимоя қилиш масаласи жамият учун энг устувор ва кечиктириб бўлмайдиган вазифалардан бири сифатида намоён бўлмоқда. Айниқса, озиқ-овқат, санитария-гигиена ҳамда умумий хавфсизлик талабларига риоя қилиниши масаласи жамоатчилик орасида доимий муҳокама мавзусига айланмоқда.
Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда тез-тез учраётган болаларнинг овқатдан заҳарланиши, электр токи уриши ёки ёнғин хавфи билан боғлиқ нохуш ҳолатлар масалага жиддий ва тизимли ёндашишни тақозо этмоқда.
Шуларни ҳисобга олган ҳолда, Халқ демократик партияси мактабгача таълим ташкилотларида болалар хавфсизлигини депутатлик ва жамоатчилик назорати тартибида республика миқёсида ўрганишга киришмоқда.
Мазкур мақсадда партиянинг маҳаллий Кенгашлардаги гуруҳлари томонидан мактабгача таълим ташкилотида хавфсизлик талабларига риоя этилиши ҳолатини ўрганишга қаратилган чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди.
Дастур доирасида Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгаш депутатлари ва, албатта, ваколатли ташкилотлар вакиллари иштирокида ишчи гуруҳлар тузилиши режалаштирилган. Болалар ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирувчи омиллар махсус саволнома асосида манзилли ўрганилиши белгиланган.
Манзилли таҳлиллар натижалари ва хулосалари ҳудудларда Халқ демократик партиясининг маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари йиғилишларида соҳа мутасаддилари иштирокида очиқ муҳокама қилинади. Вазият жиддий бўлган ҳудудларда партия депутатлик гуруҳлари қарорларига мувофиқ равишда масалани маҳаллий Кенгашлар сессиялари муҳокамасига олиб чиқиш назарда тутилган.
Халқ демократик партияси мактабгача таълим ташкилотларида болалар хавфсизлигини таъминлаш ўз электоратини ўйлантираётган долзарб ижтимоий масалага айланганини таъкидлайди.
Ҳудудлардаги тизимли ўрганиш, очиқ муҳокамалар якунлари бўйича масъулият ва назоратни кучайтириш мақсадида тегишли давлат органлари вакиллари иштирокида Халқ демократик партиясининг Қонунчилик палатасидаги фракциясида муҳокамалар ўтказилади, таъсирли комплекс чора-тадбирлар ва заруратга қараб қонунчиликни такомиллаштиришга оид таклифлар ишлаб чиқилади.