Ўзбекистон Халқ демократик партияси сўл ғояларга таянгани учун жамиятда кучли ижтимоий ҳимоя тизими устувор бўлиши керак, деб ҳисоблайди. Партия дастурларида кам даромадли, эҳтиёжмандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар ҳамда мамлакат ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этаётган ёшларни манзилли рағбатлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.
Шу сабабдан, юртимиз ижтимоий ҳаётида содир бўлаётган воқеликлар, мазкур йўналишда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлиги партия фаоллари, депутат ва масъуллари томонидан доимий таҳлил қилиб борилади.
Жумладан, Жиззах вилоятида оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар, ногиронлиги бўлган шахслар, кам таъминланган ва тўлиқсиз оилалар хамда уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оналарга арзон уй-жойлар ажратилиши ҳолати ўрганилди.
Ўрганишлар нафақат ҳудуддаги реал вазиятни, балки, айни соҳанинг бутун республика бўйича умумий картинасини гавдалантирди. Натижада уй-жой сотиб олиш учун фуқароларга субсидия ажратиш ҳолатини ўрганиш натижаларига бағишланган партия гуруҳи йиғилиши бўлиб ўтди.
Ўрганишларда маълум бўлишича, вилоятга 2025 йилда 1229 та уй-жойни субсидия асосида харид қилиш учун Давлат бюджетидан 105.1 млрд сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилган. Ўтган йил давомида фуқаролардан ипотека кредитига давлат субсидиясини олиш юзасидан ягона портал орқали жами 22 443 та ариза юборилган бўлиб, шундан 2692 тасига ижобий хабарнома берилган.
Лекин 2025 йилда молиялаштиришда чекловлар кузатилган. Бу субсидия ажратиш ва уй-жой билан таъминлаш жараёнига таъсир кўрсатган. Субсидия ажратилган фуқароларнинг 40 фоизи ҳозиргача уй-жой ололмаган.
Ўрганиш олиб борган ишчи гуруҳ аъзолари субсидия ажратилган бўлишига қарамай уй ололмаган фуқаролар билан боғланишди. Уларнинг аксарияти мавжуд уйлар нархи ажратилган пулдан анча юқори эканлигини таъкидлашиб, белгиланган суммани қайта кўриб чиқишни таклиф қилишган бўлса, айримлари ўзлари яшаётган ҳудудда субсидия асосида олишга уй йўқлигини айтишди.
Партия гуруҳи йиғилишида субсидия ажратиш тартибини соддалаштириш, тизимда шаффофликни кучайтириш ва ижтимоий адолатни таъминлаш лозимлиги таъкидланди. Қолаверса, назорат механизмларини кучайтириш ва ҳудудий муаммоларни ҳисобга олиш зарурлиги қайд этилди.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси республикамизнинг барча ҳудудларида ижтимоий соҳадаги ислоҳотларнинг самарадорлигини ўрганиб, ўз электорати манфаати ҳимоясига жиддий эътибор қаратмоқда.