Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг парламент қуйи палатасидаги мухолифат фракцияси қонун лойиҳаларини ҳуқуқлар ва имкониятлар тенглигини таъминлаш, аҳолининг кам даромадли қисми манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда давлат бошқарувида шаффофликни ошириш нуқтаи назаридан таҳлил қилиб бормоқда.
Фракциянинг бугунги йиғилишида «Рақамли маркировкалаш тизимининг самарадорлиги оширилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ҚЛ–169-сонли қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.
Хусусан, депутат Ф.Шарипов солиқ маъмуриятчилиги ва рақамли маркировкалаш масалалари юзасидан ўз фикрини билдириб, солиқ юкининг адолатли тақсимланиши қўшимча харажатлар келтириб чиқармаслиги ҳамда рақамли назорат механизмлари инсон омили таъсирини камайтириши лозимлигини таъкидлади.
«Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳаси юзасидан депутатлар ўзларининг принципиал позицияларини билдирди.
Масалан, депутат О.Иминов қонунга киритилаётган ўзгартиришлар юзасидан ўз фикрини баён этиб, маҳаллий Кенгашларнинг ваколатлари ва назорат функцияларини кучайтириш, аҳолининг қарор қабул қилиш жараёнларидаги иштирокини кенгайтириш тарафдори эканини билдирди. Шунингдек, ҳокимият ваколатларининг марказлашуви кучайиб кетмаслиги, аксинча, жойларда ижтимоий муаммоларни ҳал этишда депутатлар роли оширилиши лозимлигини таъкидлади.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси мухолифат фракцияси сифатида қонун ижодкорлиги жараёнида ижтимоий йўналтирилган сиёсат устувор бўлиши шарт, деб ҳисоблайди. Ҳар бир қабул қилинаётган қонун аввало инсон манфаатларига, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари ҳуқуқлари чекланиб қолмаслигига хизмат қилиши кераклиги бўйича ўз позициясида қолади.