Депутатлик ва жамоатчилик назорати кучайтирилади

 

Ўзбекистон Президентининг парламентга ва халқимизга Мурожаатномасида Халқ демократик партияси устувор дастурий мақсадларидан бири бўлган ижтимоий давлат моделининг келгуси йил учун ҳаракатлар дастури аниқ белгиланган.

Шу сабабдан Халқ демократик партияси мамлакатимизнинг барча ҳудудларида тарғибот-тушунтириш ишларини изчил йўлга қўйиб, партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари олдида турган энг муҳим вазифаларни белгилаб, уларнинг ижросини таъминлашга қаратилган ўқув-семинарлар ташкил этмоқда.

Жумладан, партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан “Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномаси мазмун-моҳияти ва унда белгиланган устувор вазифаларни амалга оширишда вакиллик органларининг роли” мавзусида сиёсий семинар ўтказилди.

Маълум қилинишича, бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида партиянинг 11 нафар депутати фаолият юритмоқда. Улар ўтган 2025 йил давомида аҳолидан келиб тушган муҳим ижтимоий-сиёсий масалалар бўйича жами 86 та депутатлик сўрови юборган бўлиб, шундан 86 тасига ҳам ижобий ечим топишган. Туман ва шаҳар Кенгашларида партиянинг 82 нафар депутати бўлиб, улар ўтган йил мобайнида юборган 663 та депутат сўровларидан 608 тасига самарали ҳал этилган.

Бундан ташқари, партиянинг жамоатчилик қабулхоналарига келиб тушган 1473 та мурожаатларнинг қарийб 90 фоизи ўз ечимини топган. Таҳлиллар ҳудуддаги депутатлик гуруҳларининг фаолияти тизимли йўлга қўйилганини, аҳоли томонидан келиб тушган мурожаатлар ўз ечимини топаётганини кўрсатмоқда. Аммо депутатлар гуруҳлари ижтимоий соҳага масъул идора-ташкилотлар мутасаддиларининг ҳисоботларини эшитиш, шу орқали таъсирчан чоралар белгилаш йўналишида ташаббускорликни ошириши зарурлиги қайд этилди.

Шу билан бирга, Мурожаатномада белгиланган депутат сўровларининг ижроси ҳар чоракда таҳлил қилиниб борилиши масаласига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.

Семинарда халқ вакилларининг амалий фаолиятини янада изчил ва самарали ташкил этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Йиғилганларга кўпни кўрган, улкан тажрибага эга партиянинг фидойи масъуллари ўз узоқ йиллик тажрибаларидан келиб чиқиб зарур таклиф ва тавсияларини билдиришди.

Йиғилишда Халқ демократик партияси дастурий мақсадлари сўл ғояларга асослангани учун Мурожаатномада белгиланган камбағалликни қисқартириш, бандлик, таълим ва тиббий хизмат сифатини ошириш каби вазифалар ижросида партия ташкилотлари, асосийси, депутатлик бирлашмалари фаолиятининг натижадорлиги ҳамда таъсирчанлигини ошириш бўйича вазифалар ҳақида фикр алмашилди.

Ҳар бир депутат фуқаролардан келиб тушган мурожаатларни ўз вақтида ва ижобий ҳал этиши, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини яхшилашга, одамларнинг ҳаёт сифатини оширишга қаратилган изчил ислоҳотларнинг янада самарадор бўлиши учун доимий равишда депутатлик ва жамоатчилик назоратини кучайтириб бориши лозимлиги таъкидланди.

 

 

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш