Партиямиз Андижон тумани кенгаши депутатлари туман тиббиёт муассасаларининг куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари билан танишди.
Маълум бўлишича, тиббиёт бирлашмаси тасарруфидаги муассасаларга 2025-2026 йил куз-қиш мавсуми учун 455,4 тонна импорт ва 117,6 тонна маҳаллий кўмир етказилган.
Муассасаларга жами 23 дона янги иситиш қозонлари ўрнатилиб, мавсумга тайёр ҳолатга келтирилган.
Шу билан бирга ўрганишлар давомида айрим муассасаларда иситиш тизими билан боғлиқ муаммолар аниқланган. Масалан, 2-оилавий поликлиниканинг Хортум тиббий пунктида иссиқлик қозони ҳамда иситиш тизими умуман мавжуд эмас. Жевачи тиббий пунктида таъмирлаш ишлари ҳали ҳам якунига етмаган бўлса, Мингўрик тиббий пунктида иссиқлик қозони таъмир талаб ҳолатга келиб қолган.
Аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш мақсадида мутасадди ташкилотлар билан боғланилиб, масалаларга ижобий ечим топишга қарор қилинди.