
Сўнгги ойларда халқаро сиёсий ареналарда ўтказилган глобал саммит ва йиғилишларда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилаётган ташаббуслар бугунги сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан беқарор даврда ниҳоятда долзарб масалаларни қамраб олгани билан алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Хусусан, МДҲ Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида қайд этилган ташаббуслар нафақат мамлакатимиз, балки бутун минтақанинг барқарор ривожланиши, иқтисодий ва сиёсий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, инновацион тараққиётни жадаллаштиришда муҳим ўрин тутади. Бугунги глобал беқарорлик ва геосиёсий ўзгаришлар шароитида билдирилган таклифлар минтақа давлатлари олдида турган долзарб муаммоларни ҳал қилишга қаратилган амалий ва конструктив ёндашувни акс эттириши билан аҳамиятлидир.
Президент ўз нутқида МДҲ формати аҳамиятли ва ҳаётий тузилма эканини, у барча иштирокчи давлатлар учун самарали мулоқот ва ҳамкорлик майдони бўлиб хизмат қилиши мумкинлигини таъкидлади. Шу боис, умумий мақсадларга эришиш учун ташкилотнинг салоҳиятини реал имкониятлар билан уйғунлаштириш, қоғозда қолиб кетадиган қарорлар ўрнига амалий натижа берувчи лойиҳаларга эътибор қаратиш зарурлиги алоҳида урғуланди.
Илгари сурилган таклифлар ичида иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган ташаббусларга диққат қаратсак. Жумладан, барча транспорт турлари билан интеграциялашган ахборот-логистика марказларини яратиш, давлат-хусусий шерикликни кучайтириш бўйича МДҲ конференциясини Ўзбекистонда ўтказиш таклифлари жуда долзарбдир. Бу нафақат юк ташиш самарадорлигини ошириш, балки минтақавий савдо айланмасини кўпайтириш, янги транзит йўналишларини очиш, экспорт салоҳиятини ривожлантиришга хизмат қилади.
Шу билан бирга, иқтисодий зоналар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларни ривожлантиришга доир “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш, МДҲ венчур платформасини яратиш орқали стартаплар ва инновацион ғояларни молиялаштириш тизимини йўлга қўйиш ҳозирги рақобат муҳитида жуда муҳим. Бу ташаббуслар инновацион иқтисодиёт сари қадам ташлаш, илмий изланишлар ва технологияларнинг амалиётга жорий этилишига кенг йўл очади.
Тошкент шаҳрида “ИННОПРОМ” кўргазмаси доирасида МДҲ инновацион саноат форумини ўтказиш таклифи эса қўшма ишлаб чиқариш лойиҳаларини муҳокама қилиш, саноат кооперациясини чуқурлаштириш, замонавий технологиялар алмашинувини йўлга қўйиш учун муҳим платформа бўлиб хизмат қилади. Бунинг натижасида, аъзо давлатлар ўртасида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда ўзаро боғлиқлик кучаяди, маҳаллийлаштириш даражаси ошади, экспортга йўналтирилган янги қўшма корхоналар ташкил этилади.
Шунингдек, рақамлаштириш ва сунъий интеллект соҳаларида кўп томонлама ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш, бу йўналишларда тажриба ва технологиялар алмашиш ҳам кун тартибидаги долзарб масалалардан биридир. Рақамли трансформация нафақат иқтисодиёт, балки таълим, соғлиқни сақлаш, давлат бошқаруви каби муҳим соҳаларда самарадорликни оширишда ҳал қилувчи аҳамият касб этади. МДҲ давлатларининг бу борадаги ҳамкорлиги инновацион муҳитни шакллантиришга, рақамли тенгликка эришишга хизмат қилади.
Дипломларни ўзаро тан олиш бўйича янги давлатлараро келишув тайёрлаш таклифи, Хива шаҳрида МДҲ Ёшлар форумини ўтказиш, Ёшлар инновация лабораториясини ташкил этиш каби ғоялар ёшлар ўртасида ўзаро англашув, инновацион ёндашув ва интеллектуал салоҳиятни ошириш учун мустаҳкам замин яратади. Бу каби ташаббуслар маданиятлараро мулоқотни кенгайтириш, ўзаро ишонч ва дўстликни мустаҳкамлашда муҳим роль ўйнайди.
МДҲ мамлакатлари ташқи сиёсат идоралари ва махсус хизматлари ўртасида ҳамкорликни кучайтириш, ахборот алмашинувини тизимлаштириш бўйича таклифлар терроризм, экстремизм ва трансмиллий таҳдидларга қарши биргаликда курашишни мустаҳкамлашга қаратилган.
Шунингдек, Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштиришда МДҲ давлатларининг инфратузилма лойиҳаларида биргаликда иштирок этиши, бу мамлакатда тинчликни таъминлаш ва уни минтақавий иқтисодий жараёнларга жалб этишда катта аҳамиятга эга бўлади.
Бу таклифлар МДҲ доирасидаги ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш, ташкилотни ҳаётий ва рақобатбардош тузилмага айлантириш, аъзо давлатлар манфаати йўлида ишлайдиган самарали механизмларни шакллантиришга хизмат қилади.
Ушбу ёндашув нафақат ташкилот келажаги, балки Евроосиё минтақасидаги тинчлик, барқарорлик ва тараққиётни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.
Шерали МАМАДЕЦОЕВ,
халқ депутатлари Сирдарё вилоят Кенгаши депутати.
«Ўзбекистон овози», 15.10.2025, №41