Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракциясининг бугунги йиғилишида жорий йилнинг биринчи ярмида Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари ижроси ҳолати, шунингдек, қатор қонун лойиҳалари муҳокама қилинди.
Йиғилишда дастлаб Давлат бюджети ижросига доир ҳисобот атрофлича кўриб чиқилди. Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Отабек Фозилкаримов масала юзасидан умумий ахборотларни тақдим этди.
Қайд этилганидек, 2025 йилнинг биринчи ярим йиллигида Давлат бюджети даромадлари 144,2 трлн. сўмни ташкил этиб, 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 19,2 фоизга ошган ва деярли барча солиқ турлари бўйича белгиланган режа кўрсаткичлари тўлиқ бажарилган. Давлат фуқаролар олдидаги барча ижтимоий мажбуриятларини тўлиқ амалга оширган. Хусусан, ойликлар, нафақалар, стипендиялар ўз вақтида ва тўлиқлигича молиялаштирилган.
Депутатлар ижтимоий соҳага йўналтирилган маблағлар ҳажми ортгани, аҳолининг ижтимоий ҳимояси, таълим, соғлиқни сақлаш ва инфратузилмани такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилганини қайд этишди.
Фракциямиз аъзолари Давлат бюджети ижросидаги юқори натижаларни эътироф этган ҳолда, айрим муаммоли масалаларни атрофлича муҳокама қилишди.
Хусусан, инвестиция дастурларига кирган лойиҳалар, айниқса, таълим, тиббий хизматлар билан боғлиқ лойиҳаларнинг ўз вақтида амалга оширилмаслиги сабаблари таҳлил қилинди.
Жамоат транспорти соҳаси ҳалигача ўзини-ўзи қоплаш даражасига чиқмаётгани, шунинг учун Давлат бюджетидан қўллаб-қувватланаётгани ҳақида танқидий муҳокама юритилди. Ҳукумат вакилларининг таъкидлашича, жамоат транспортида тарифларнинг қайта кўриб чиқилмаганлиги, темир йўл инфратузилмасининг ҳозирги фаол талабларга етарлича жавоб бермаётгани, соҳада рақобат муҳитининг ривожланиши қийин кечаётгани муаммоларга сабаб бўлмоқда. Депутатлар жамоат транспорти тизимини халқимизнинг ҳаракатланиш фаоллиги ва эҳтиёжларига мувофиқ равишда тизимли ислоҳ қилиш бўйича стратегик ёндашув зарурлигини билдиришди.
Йиғилишда ЎзХДП электорати ва дастурий мақсадлари билан узвий боғлиқ бўлган бандлик ва иш ўринлари яратилиши масаласига, статистик маълумотлар ва реал ҳолатнинг мувофиқлигига алоҳида эътибор берилди. Депутатлар ҳукумат ҳисоботида бу борада келтирилган рақамларнинг қанчалик асосланганлиги, айрим ўринларда вазирлик-идоралардаги маълумотларда ўзаро жиддий тафовут борлиги, уларнинг қай даражада ҳаққонийлиги ҳақидаги масалани кўтарди.
Мутасадди вазирлик-идоралар фракциямиз аъзолари кўтарган бу йўналишдаги саволлар бўйича қўшимча таҳлилий материалларни тақдим этишларини маълум қилишди.
Депутатлар Давлат бюджети ижросининг самарадорлигини янада ошириш, молиявий интизомни кучайтириш ҳамда бюджет маблағларидан мақсадли ва оқилона фойдаланиш бўйича тегишли таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқиш лозимлигини таъкидлади.
Йиғилиш давомида муҳокама қилинган Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ногиронлиги бўлган болаларга ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган ўзгартиришлар киритиш тўғрисида қонун лойиҳаси ҳам алоҳида аҳамиятга эга бўлди. Лойиҳага кўра, фарзандларга нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ёки мактаблар кўрсатадиган таълимга оид хизматлар, шунингдек, 3 ёшдан 18 ёшгача ногиронлиги бўлган болалар учун кундузги парвариш хизматларидан фойдаланилганда, ҳар бир фарзанд учун тўланадиган ойига 3 миллион сўмгача бўлган тўловлар солиқдан озод қилиниши кутилмоқда.
Депутат Ирина Токареванинг фикрига кўра, мазкур соҳада фаолият кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, уларнинг хизматларидан фойдаланувчилар учун имтиёзлар бериш Халқ демократик партияси электорати учун долзарб масала.
Йиғилишда Давлат бюджети ижроси ҳақидаги ҳисобот қўллаб-қувватланди, ҳуқуқлар ва имкониятлар тенглигини таъминлаш қонун ижодкорлигида устувор аҳамиятга эга бўлиши кераклиги қайд этилди.