Таълим ва ёшлар – Янги Ўзбекистон пойдевори
Таълим ва ёшлар – Янги Ўзбекистон пойдевори

 

Мустақилликбеқиёс неъмат, у халқимизнинг нафақат давлатчилик тимсоли сифатида, балки миллий ўзлигини, маънавиятини, қадриятларини тиклаш ва янги босқичга олиб чиқишда катта аҳамиятга эгадир.

34 йилда мамлакатимизда таълим соҳасини ислоҳ этишга қаратилган давлат сиёсати фақат замонавий талабларга жавоб бериш билан чекланиб қолмади, балки халқимизнинг асрий орзулари, маънавий эҳтиёжлари ва миллий руҳияти билан ҳам чамбарчас боғлиқ бўлди. Бугун таълим соҳаси фақатгина бир йўналиш эмас, балки жамият тараққиётининг асосий мезонига айланмоқда.

Ҳозирги кунда олиб борилаётган ислоҳотлар, хусусан, ёш авлодда интеллектуал салоҳият, миллий ўзлик, тарихий хотира ва замонавий билимларга интилишни рағбатлантириш – янги давр талаби сифатида ҳаётга жорий этилмоқда.

Айниқса, қамров даражасидаги ўсиш рақамлари ўзига хос тараққиёт салоҳиятини акс эттиради. Мактабгача таълим қамрови сўнгги етти йил ичида 27 фоиздан 77 фоизга, олий таълим қамрови эса 9 фоиздан 42 фоизга етди. Бу рақамлар ортида – юз минглаб фарзандларимизнинг маърифатга, тенг имкониятларга, замонавий билимга эришиш йўлидаги орзу-умидлари мужассам.

Президент мактаблари, ихтисослаштирилган ва ижод мактаблари каби янги авлод таълим муассасалари тизими яратилди. Ушбу муассасалардаги таълим нафақат юқори савиядаги билим беришни, балки ёшларнинг ҳар томонлама баркамол шахс сифатида шаклланишини таъминламоқда.

Замонавий фан, ахборот технологиялари, инновациялар, чет тиллари, тадбиркорлик соҳаларида билим олаётган ёшларимиз халқаро олимпиадаларда муносиб иштирок этиб, юртимиз шарафини юксакка олиб чиқмоқда. Бу эса таълим ислоҳотларининг узвий натижасидир.

Ҳақиқатан ҳам, бугун таълимга берилаётган кенг эътибор – бу соҳага қилинган сармоя эмас, балки келажак авлодга, Янги Ўзбекистоннинг пойдеворига қўйилаётган ишонч ва масъулиятдир.

Мустақилликнинг 34 йиллиги арафасида юртимизда илм ва маърифат билан барпо этилаётган Янги Ўзбекистон ғояси барчамиздан янада масъулият, фидойилик ва ҳамжиҳатликни талаб қилмоқда.

Чунки бизнинг энг катта бойлигимиз ҳам, энг устувор сармоямиз ҳам – бу билимли, ташаббускор, фидокор, юртини севувчи ёшлар. Улар таълим масканларида тарбия олмоқда ва келажакнинг ҳақиқий эгаларига айланмоқда.

Шунинг учун ҳам, Янги Ўзбекистон пойдевори – илм, маърифат ва ёшлардир. Бу йўлда олға интилиш, ўзлигини англаган, билимли, ташаббускор ва юртига садоқатли ёшларни тарбиялаш — энг устувор мақсадимиз бўлиб қолади.

 

Малика РАШИДОВА,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши бўлим мудири.

«Ўзбекистон овози», 6.8.2025, 31

 

 

 

 

 

 

 

 
← Рўйхатга қайтиш