
Кейинги йилларда болаларга таълим ва тарбия бериш самарадорлигини ошириш, мактабгача таълим ташкилотларини ривожлантириш, уларда соғлом овқатланиш тартибини жорий қилиш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Олиб борилаётган тизимли ислоҳотларга қарамасдан депутатларнинг ҳудудларда сайловчилар билан учрашувлари ва ижтимоий тармоқларда айрим боғчаларда озиқ-овқатлар сифати пастлиги, давлат томонидан ажратилаётган маблағлар талон-тарож қилинаётганлиги, соҳага масъул бўлган давлат ташкилотлари етарли равишда ишлар олиб бормаётганлиги ҳақида эътирозлар билдирилмоқда.
Шу сабабли Қонунчилик палатаси депутатимиз И.Токарева Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг биринчи ўринбосари Ш. Каримовга депутат сўрови юборди.
Сўровда 4 та масала юзасидан тушунтириш сўралган. Жумладан:
- Вазирлик тизимидаги давлат мактабгача таълим ташкилотларини босқичма-босқич аутсорсинг усулида овқатланиш тизимига ўтказиш бўйича қандай ишлар амалга оширилаётгани;
- "Ягона мавсумий таомнома"ни жорий этиш ҳамда озиқ-овқат харажатларининг (натура кўринишида) ҳисобини "Болалар боғчаси" мактабгача таълимини бошқариш ахборот тизимида яратилган модуллар орқали юритиш бўйича қандай ишлар амалга оширилаётгани;
- Аутсорсерлар томонидан кўрсатилаётган хизматлар бўйича ота-оналар томонидан таклиф ва шикоятларни киритиб бориш ҳамда ушбу жараён устидан жамоатчилик назоратини ўтказиш бўйича самарали ахборот тизими жорий қилинганлиги;
- Вазирлик томонидан келгусида мактабгача таълим ташкилотлари озиқ-овқатлар сифатини пастлиги давлат томонидан ажратилаётган маблағларни талон-тарож қилинишини олдини олишда қандай қўшимча чора-тадбир белгиланганлиги масалаларида асослантирилган тушунтириш берилиши сўралган.