Рақамли майдон имкониятлари ғояларимизни кенг оммага етказади
Рақамли майдон имкониятлари ғояларимизни кенг оммага етказади

 

Бугунги кунда инкор этиб бўлмас бир ҳақиқат бор, яъни, инсонларни, керак бўлса, бутун бошли давлатларни ахборот бошқармоқда. Демак, сиёсий партиялар ҳам ушбу имконият кучидан энг максимал даражада фойдаланиши ҳаётий эҳтиёждир. Чунки партия фаолиятини самарали ташкил этишда ташвиқот ишларининг аҳамияти катта. Зеро, айнан ахборот олами замонавий дунёда сиёсий курашнинг асосий майдонидир. Шу маънода, партия ташкилотларининг мазкур йўналишдаги фаоллигини янги босқичга олиб чиқиш жуда муҳим, деб ҳисоблайман.

Ушбу фикрга келишимнинг қатор омиллари мавжуд. Улардан бири ахборот майдонидаги фаолиятимизни тизимли йўлга қўя олмаётганимизда. Гап шундаки, бугун фикрни ким биринчи ва таъсирли етказса, жамият шу овозга қулоқ тутади. Аммо партиямиз ахборот майдонида тизимли фаолият етишмаяпти. Фақатгина анъанавий 40-50, нари борса 100 кишилик аудиторияли йиғилиш ва тадбирлар билан чекланиб қоляпмиз. Тўғри бундай тадбирлар ҳам керак. Бироқ миллионлаб инсонлар ижтимоий тармоқларда фаол бўлаётган бу даврда партиянинг дастурий мақсадлари, депутатлар фаолияти ва амалий ташаббуслари кенг оммага таъсирчан ва тезкор етказилиши шарт, менимча. Асосийси, бу ишларга 1-2 кишигина эмас, барча бирдек бош қўшиши талаб этилади.

Афсус билан айтишни истаганим яна бир жиҳат, кўпчилигимизда ташаббус ва таъсирчан позиция етишмаяпти. Ҳозирги кун сиёсий рақобати Telegram, Instagram ва Facebook орқали кечаётган бир даврда ҳалигача айрим кенгашларимиз ва депутатлар ижтимоий тармоқларда фаол эмас. Баъзилари бутунлай ташқи ахборот муҳитини кузатмайди.

Шунинг учун ҳар бир туман кенгашининг расмий ижтимоий саҳифаси мунтазам ва сифатли юритилиши лозим. Видеоконтент, инфографика, тезкор баёнотлар орқали фаолият ёритилиши, депутатларнинг чиқишлари, ташаббуслари видеотасвирлар орқали халққа етказилиши ташвиқот жозибадорлигини оширади.

Кузатувларимга кўра, тарғиботда стратегик ёндашув ҳам анча оқсоқ. Ҳозирда бу жараён ойлик тарғибот режаси асосида олиб борилади. Биз бу услубни ўзгартириб, “бир ҳафта-бир мавзу-бир позиция” тамойилига ўтишимиз зарур.

Содда қилиб тушунтирсам, бу ҳар ҳафтада аниқ бир ижтимоий муаммо, фракция позицияси ва ечим таклифлари партиянинг барча даражадаги ташкилотлари томонидан бир хил тарзда, бир хил ахборот тилида халққа етказилади. Шу орқали жамоатчилик онгида партиянинг фикри ҳамда позицияси очиқ ва ишончли шаклланади.

Буларнинг барчаси замирида сиёсий фаолият тадбир билан эмас, натижа билан баҳоланиши керак, деган оддий ҳақиқат бор. Доим айтамиз, лекин негадир амалга ошириш қийин бўляпти. Сиёсий партия маънавият маркази эмас, балки таҳлил, ташаббус ва таъсир ўчоғига айланишига оид ғояларнинг ҳаётга кўчиши жуда суст кечмоқда.

Ўйлайманки, ҳар бир депутат “бир муаммо – бир позиция – бир ечим” тамойилида ишлашини таъминлаш вақти келди. Ана шунда масалаларни чуқур таҳлил этиш, аниқ ечимлар илгари суриш, ижросини назорат қилиш механизми самара бера бошлайди.

Бундан ташқари, “медиада партия юзи”ни яратиш борасидаги камчиликлар ҳам кун тартибида турибди. Очиғини айтиш керак, ушбу жараёнда ҳали аниқ бир ёндашув шаклланмаган. Айни пайтда партиянинг ахборот майдонидаги "шахсий юзи" мавжуд эмас. Бу – жиддий камчилик.

Ҳар бир вилоятда доимий равишда чиқиш қиладиган фаоллар, таъсирчан, нутқ маданиятига эга партия вакиллари шакллантирилмаган. Ваҳоланки, бу асосий вазифаси тарғиботдан, одамларни ўзига, ғояларига эргаштиришдан иборат бўлган сиёсий кучдан кутиладиган биринчи масаладир. Қачонки, партия “бир овоз, бир юз”га айланади, шундагина одамларда “бу ХДПнинг фикри”, деган ишонч юзага келади.

Айтиш жоиз, партиямиз фаолиятини жонли тарғибот, таъсирчан позиция ва рақамли майдондаги фаол иштирок билан жамият онгига яқинлаштириш имконига эга бўламиз. Тажриба кўрсатадики, фикрлар унутилади – натижалар эса ёдда қолади. Биз эса натижага ишлайдиган партия бўлишимиз шарт, деб ҳисоблайман.

 

Шоҳрух ЎКТАМОВ,

ЎзХДП Фарғона вилоят кенгаши раиси.

«Ўзбекистон овози», 23.7.2025, №29

 

 

 

 

 

 

Теглар

Пленум Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш