Народно-демократическая партия Узбекистана
A- A A+

ТАШАББУСГА “ЛАББАЙ” ДЕГАНЛАР

17.04.2019 , 18:30

Ёшларимизнинг билим олишга иштиёқи, китобга меҳр- мухаббати қанча баланд бўлса, уларнинг ички маданияти, тафаккури онгу шури ҳам шунча юксалиб бораверади. Ҳар бир инсоннинг билим доираси такомиллашиши, оламни англаши, шахс сифатида баркамолликка етишишида китобнинг ўрни беқиёс, албатта.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан китобхонлик маданиятини ошириш, айниқса, ёшларимизни мутолаага жалб этиш борасида билдирган ташаббуси кенг жамоатчилик ўртасида катта қизиқиш билан кутиб олинди. Бу борада барча жамоатчилик ташкилотлари ҳамда давлат идоралари ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини оширишда қатор лойиҳаларни амалга оширмоқдалар. Ўзбекистон Халқ Демократик Партияси ташкилотлари ва депутатлик гуруҳлари томонидан ҳам қатор амалий ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, “Ёшлар учун бахтли ҳаёт” шиори остида ўтказилиб келинаётган тадбирларда ёшларнинг санъатга қизиқишларини ошириш, истеъдодини юзага чиқариш, спорт соҳасидаги қобилиятини намоён қилиш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича тизимли ишлар ташкил этилмоқда.

Жорий йилнинг 17 апрель куни Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши ҳамда Ўзбекистон ХДП Тошкент вилоят кенгаши томонидан Тошкент тумани “Оқтом” маҳалалсидаги 30-умумтаълим мактабида “Ёшлар учун бахтли ҳаёт” шиори остида “Китоб маънавият кўзгуси!” мавзусида амалий семинар ташкил этилди.

Тадбирда сўз олганлар Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида жорий йилнинг 19 март куни ёшларга эътиборни кучайтириш, ёш авлодни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларда ахборот технологияларидан тўғри фойдаланиш кўникмасини шакллантириш, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, ҳамда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида илгари сурилган бешта муҳим ташаббуснинг мазмун-моҳияти тўғрисида сўз юритдилар.

Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган муҳим ташаббусларнинг биринчиси ёшларнинг мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини оширишга, истеъдодини юзага чиқаришга хизмат қилса, иккинчи ташаббус ёшларни жисмоний чиниқтириш, уларнинг спорт соҳасида қобилиятини намоён қилишлари учун зарур шароитлар яратишга йўналтирилган. Учинчи ташаббус аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Тўртинчи ташаббус эса,ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича тизимли ишларни ташкил этишга йўналтирилган. Шунингдек, бугунги куннинг энг долзарб муаммоли масалаларидан бири бўлган хотин-қизларни иш билан таъминлаш масаласи бешинчи ташаббусда назарда тутилган.

Дастлаб мамлакатимизда ёшларга оид олиб борилаётган сиёсатнинг устувор йўналишлари, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида олиб борилаётган ишлар юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенаторлар ва партия масъуллари иштирокида ёшлар билан учрашув ўтказилди. Учрашувда ёшларга эътиборни кучайтириш, ёш авлодни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларда ахборот технологияларидан тўғри фойдаланиш кўникмасини шакллантириш, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш масалалари юзасидан фикр-мулоҳазалар алмашилди. Таъкидландики, давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган мазкур бешта ташаббус кенг жамоатчилигимиз томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди.

— Бу тадбир келажак авлод қалбида китобга бўлган эътибор ва муҳаббатни кучайтиради. Олиб борилаётган бу каби лойиҳалар ёшлар саводхонлигини ошириш, уларнинг маънавиятини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этади, — дейди Тошкент тумани “Оқтом” маҳалалсидаги 30-умумтаълим мактабнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Маҳмуда Мавлонова. — Президентимизнинг бешта ташаббуслари доирасида ўтказилаётган ушбу тадбирда нафақат мактабимиз жамоаси, балки маҳалла аҳли, ота-оналар ва кенг жамаотчилик вакиллари ҳам иштирок этмоқда. Ўз ўрнида мен ҳам ота-она сифатида мактабимиз кутубхонасига китоблар жамланмасини совға қилдим. Бу тадбир ёшларнинг қалбида энг эзгу-мақсадларни жамлаб, онг ва тафаккурини теранлаштиришда муҳим аҳамият касб этади. Зеро, китоб маънавият гулшани, китобхонликни оммалаштириш эса маърифат шуъласи, фарзандларга китоб совға қилиш эса энг хайрли ва эзгу ишдир...

Тадбирда ёшларни интернетдаги зарарли хуружлардан асраш, уларни ахборот технологияларидан унумли фойдаланишга ўргатиш масалаларига ҳам алоҳида аҳамият қаратилди. Аҳолининг компьютер саводхонлигини ошириш, ахборот технологияларига қизиққан болаларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш ва малакали мутахассис даражасига олиб чиқиш, дастурий маҳсулотлар яратиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Шу ўринда мазкур мактабнинг 10 “А” синф ўқувчиси Гулбону Сайдалиеванинг фикрлари билан ҳам қизидик:

 – Бизнинг мактабимизда қозоқ ва ўзбек тиллларида дарс олиб борилади. Мен қозоқ синфида ўқийман. Қозоқ ва ўзбек халқларининг дўстлиги бардавом бўлсин. Бу иккала миллатнинг тотувлигига асло кўз тегмасин. Тадбир биз ёшларга жуда ҳам манзур бўлди. Мен қозоқ халқининг миллий куйига рақс тушиб бердим. Ижроимнинг олқишларга сазовор бўлгани эса қалбимга бир олам қувонч бағишлади. Тадбирни уюштирган партия фаолларига тенгдошларим номидан чексиз миннатдорлик билдираман...

 Тадбирда давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ташаббусларни ҳаётга татбиқ этиш, ёшларни жисмоний чиниқтириш, уларнинг спортга бўлган қизиқишларини кучайтириш мақсадида ёшлар ўртасида спорт ўйинлари ва мусобақалари ташкил этилди. Мазкур мусобақаларда Тошкент тумани ёшлари спортнинг шахмат, шашка, кураш, карате, бокс ва бошқа спорт турлари бўйича мусобоқаларда беллашдилар.

Бу ҳақда тарих фани ўқитувчиси Севара Рустамаова шундай дейди:

Мактабимизда ўқувчиларнинг билим олишлари билан бирга турли фан тўгаракларига қатнашишлари, спорт билан шуғулланишлари учун ҳам барча шарт-шароитлар бекаму-кўст яратилган. Ўқувчиларимиз нафақат туман балки вилоят, республика миқёсидаги фан олимпиадалари ва спорт мусобақаларида ҳам фаол иштирок этиб муносиб ўринларни қўлга киритиб келмоқдалар. Мактабимиз ўқувчиларининг спорт соҳасида ҳам ғолибликни қўлга киритиши жуда қувонарлидир. Шу ўринда, ўқувчим Акрамхон Юнусхоновнинг шахмат мусобақаси бўйича ўтказилган мусобақаларда доимий равишда фахрли ва биринчи ўринларни қўлга киритиши ҳам мактабимизнинг улкан ютуқларидан биридир. Акрамхон сингари фан ва спорт соҳасида зафарларни қўлга киритиб келаётган ўқувчиларимиз жуда ҳам кўп ва биз улар билан фахрланамиз. Бу ютуқлар негизида муҳтарам Президентимиз раҳнамолигида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг давомийлигини кўришимиз мумкин. Ушбу тадбир барча иштирокчиларга бирдай манзур бўлиши билан бирга, кўнглимизга нурли бир ёлқин сифатида нур улашди.

Тадбир доирасида ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш мақсадида иштирокчи ёшлар ўртасида савол-жавоблар ўтказилди. Савол-жавобларда иштирок этган ёшлар ўз билимларини синовдан ўтказдилар. Фаол иштирокчи ёшларга Ўзбекистон ХДП томонидан ўзбек ва жахон адабиёти намуналаридан иборат китоблар ҳамда партиянинг эсдалик совғалари тақдим этилди. Мактаб ўқувчилари ўзлари севиб ўқиган асарлари, ёд олган шеьрларидан парчалар ўқиб, тенгдошларига китоб билан ошно бўлишнинг завқи тўғрисида ҳам сўзлаб бердилар.

Зеро, китоб-саҳрода дўст, ҳаёт йўлларида таянч, ёлғиздик дамларида — йўлдош, бахтиёр дақиқаларда раҳбар, қайғули дамларда мададкор, одамлар орасида зебу зийнат, душманларга қарши курашда қуролдир. Ўзбекистон ХДП томонидан ташкил этилаётган бу каби тадбирлар ёш авлодни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларда ахборот технологияларидан тўғри фойдаланиш кўникмасини шакллантириш, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилишда муҳим аҳамият касб этади.

 

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши

Ахборот хизмати.