Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

35 МАСАЛАДАН 29 ТАСИ СЕССИЯГА ОЛИБ ЧИҚИЛГАН...

12 Июл 2018

Нукус шаҳридаги «Массагет» меҳмонхонасида Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қорақалпоғистон Республика кенгаши ижроия қўмитасининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон Республика, шаҳар ва туман партия кенгашларининг биринчи ярим йилдаги фаолияти муҳокама қилинди. 

— Бугунги кунда Қорақалпоғистонда жами 15 та партиямиз ҳудудий тузилмалари фаолият юритиб келмоқда, — дейди Ўзбекистон ХДП Қорақалпоғистон Республика кенгаши раиси Халилла Ешимбетов. — Халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларидаги партия гуруҳлари билан ҳамкорликда амалий Ҳаракат дастури ижросини таъминлаш юзасидан муайян ишлар амалга оширилди.

Жумладан, Ҳаракат дастурида биринчи ярим йиллик учун белгиланган 35 масаладан барчаси депутатлик гуруҳлари ва доимий комиссия мажлисларида кўрилиб, 29 масала сессияга олиб чиқилди.

Ҳаракат дастуридан ташқари 18 масала депутатлик гуруҳлари ва доимий комиссия мажлисларида кўрилди. Шундан 16 масала сессия­ларда муҳокама этилиб, тегишли қарор қабул қилинишига эришилган.

Олти ой давомида 286 депутатлик сўрови юборилган. «Жамоатчилик қабулхоналари»га 425 нафар фуқародан мурожаатлар келиб тушган. Мурожаатларнинг 375 таси, яъни 88 фоизи ижобий ҳал этилган бўлиб, қолганлари назоратга олинган.

Мўйноқ ва Беруний туманларида «Ёшлар — келажак таянчи» шиори остида ўтказилган ёшлар форумларида 800 нафардан ортиқ ёшлар қамраб олинган.

Танқидий руҳда ўтган йиғилишда партия ташкилотлари томонидан йўл қўйилган камчиликлар атрофлича муҳокама қилинди.

Тадбирда Ўзбекистон ХДП Қорақалпоғистон Республика кенгаши ижроия қўмитаси, Жўқорғи Кенгесдаги партия фракцияси аъзолари, туман ва шаҳар партия кенгаши ­раислари, маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари аъзолари ва ­оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

 

Мнажатдин ҚУТЛИМУРАТОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.