Аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш даражаси муҳокама қилинди

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Жиззах вилояти кенгаши ташаббуси билан халқ депутатлари Жиззах вилояти Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи ҳамкорликда аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш, марказлаштирилган ичимлик ва оқова сув хизматларини яхшилаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳолатига бағишланган жамоатчилик эшитуви ўтказилди.

Жамоатчилик эшитувида қайд этилганидек, 2026 йил 1 январь ҳолатида Жиззах вилоятида 1,5 миллион нафар аҳолининг 76,3 фоизи марказлашган ичимлик суви билан таъминланган. Вилоятда 660 та ичимлик суви иншооти ва 4 минг километрга яқин ичимлик суви тармоғи мавжуд бўлса-да, уларнинг 69 та иншооти ҳамда 1,1 минг километр тармоғи таъмирталаб ҳолатда. Оқова сув хизматлари билан қамров эса 26,2 фоизни ташкил этиб, мавжуд 460 километрдан ортиқ оқова сув тармоғининг деярли 100 километри таъмирга муҳтож.

Партия депутатлари фикрича, мазкур кўрсаткичлар соҳада амалга оширилаётган ишлар билан бир қаторда, ҳали ечимини кутаётган тизимли муаммолар борлигини кўрсатади. Айниқса, аҳолини сув билан таъминлаш даражасини фақат қамров фоизи орқали баҳолаш етарли эмас. Аҳоли учун сувнинг ўз вақтида, етарли ҳажмда ва сифатли етказиб берилиши, мавжуд тармоқларнинг ишончли ишлаши ҳам асосий мезон бўлиши лозим.

Ўрганишлар жараёнида бу ҳолатни тасдиқловчи қатор мурожаатлар ҳам аниқланган. Хусусан, Зарбдор туманида марказий ичимлик сув тармоғи ёз ойларида аҳолига етарли сув етказиб бера олмаслиги, янги қурилган сув минораларининг тўлиқ ишламаётгани бўйича мурожаатлар келиб тушган.

Бахмал тумани Новқа қишлоғида 3 километр янги сув тармоғи тортилганига қарамасдан, аҳолига сув уч кунда бир марта берилаётгани масаласи кўтарилган. Ўрганиш давомида бу ҳолат марказий тармоқдан фойдаланувчи хонадонлар сони кўплиги билан изоҳланган. Бироқ партия депутатлари нуқтаи назарича, бундай ҳолатни фақат мавжуд график билан изоҳлашнинг ўзи етарли эмас. Аҳоли сони ва эҳтиёж ортиб бораётган шароитда инфратузилманинг қуввати ҳам шунга мос равишда кучайтирилиши зарур.

Пахтакор туманида эса партиянинг сайёр қабуллари давомида 57 та мурожаат кўриб чиқилиб, 6 та сайёр қабул ўтказилган, 8,8 километр ичимлик суви тармоғи тортилган ва 329 та сув ҳисоблагичи ўрнатилган. Бу каби амалий ишлар аҳолининг мавжуд муаммоларини ҳал этишда депутатлик назорати муҳим аҳамиятга эга эканини кўрсатмоқда.

Жамоатчилик эшитувида соҳани молиялаштириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. 2026 йилда Жиззах вилоятида ичимлик ва оқова сув таъминотини яхшилаш учун 316,4 миллиард сўм маблағ ажратилиши белгиланган бўлиб, унинг асосий қисми республика бюджети ва халқаро маблағлар ҳисобига тўғри келади. Ушбу маблағлар ҳисобидан ичимлик ва оқова сув тармоқлари ҳамда тегишли иншоотларни қуриш ва реконструкция қилиш режалаштирилган. Жорий йил 2 сентябрь ҳолатига кўра, йиллик режанинг 65 фоизи бажарилган.

Амалдаги режаларга кўра, 2026 йил якунига қадар 60,5 минг нафар аҳолини илк бор ичимлик суви билан таъминлаш, марказлашган қамров даражасини 76,3 фоиздан 80,2 фоизга ошириш, шунингдек, 111,4 минг нафар аҳолига илк бор канализация хизмати кўрсатиш ва оқова сув қамровини 26,2 фоиздан 34,1 фоизга етказиш кўзда тутилган.

Ўзбекистон ХДП мазкур мақсадларни қўллаб-қувватлайди. Чунки партиянинг сайловолди дастурида аҳолини сифатли коммунал хизматлар билан таъминлаш алоҳида устувор вазифа этиб белгиланган. Партия коммунал хизматлар кўрсатувчи ташкилотларнинг аҳоли олдидаги ҳисобдорлигини ошириш, ресурслар йўқотилишига йўл қўймаслик ҳамда хизматлар сифатини яхшилаш тарафдори.

Жамоатчилик эшитуви якунида билдирилган таклиф ва мулоҳазалар асосида вазифалар белгилаб олинди. Ўзбекистон ХДП Жиззах вилояти кенгаши бу масалани депутатлик ва жамоатчилик назорати доирасида изчил давом эттириш, белгиланган вазифаларнинг ижросини кузатиб бориш ва аҳоли мурожаатларида кўтарилаётган муаммоларни масъул ташкилотлар билан биргаликда ҳал этишга эришишини маълум қилди.

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш