Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзоси Ирина Токарева пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги 29-сонли умумтаълим мактабида янги ўқув йили ва Билимлар куни муносабати билан ташкил этилган тантанали тадбирда иштирок этди.
Тадбир давомида депутатимиз мактаб остонасига илк бор қадам қўйган болажонлар, барча ўқувчилар ва устозларни янги ўқув йили бошлангани билан муборакбод этиб, уларга мустаҳкам соғлик ва зафарлар тилади. Ўқувчилар билан мулоқотда замонавий билим ва кўникмаларни пухта эгаллаш, китобхонликни ҳаётий одатга айлантириш, доимий изланиш ва меҳнат орқали юқори натижаларга эришиш муҳимлигини таъкидлади.
Шунингдек, мактабда яратилган шароитлар, таълим сифати ва инфратузилмани ривожлантириш масалаларига эътибор қаратилди. Хусусан, жорий йилда мактаб ҳудудида “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари муҳокама қилинди. Мазкур лойиҳа депутат И. Токареванинг кўмаги ва фаол иштирокида илгари сурилган. Лойиҳа доирасида мактабнинг айрим объектлари таъмирланиб, замонавий талабларга мос равишда реконструкция қилинди ҳамда янги ўқув йили арафасида фойдаланишга топширилди.
Учрашув якунида таълим соҳасини қўллаб-қувватлаш ва мактаб инфратузилмасини янада яхшилаш масалалари юзасидан фикр алмашилди.