ЎзХДП фракцияси аҳоли хавфсизлиги ва ҳуқуқий кафолатларга оид масалаларни муҳокама қилди

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда дастлаб депутатлар биринчи ўқишга киритилган «Радиоактив чиқиндилар билан муомалада бўлиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси атрофида кенг муҳокамалар олиб боришди. Жумладан, аҳолининг ҳаёти, соғлиғи ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда радиоактив чиқиндилар билан муомалада бўлиш соҳасини ҳуқуқий тартибга солиш, бу борада ягона давлат сиёсатини шакллантириш масалаларида таклиф-мулоҳазалар ўртага ташланди.

Хусусан, депутат Ф. Шарипов ташаббускорлардан мазкур қонун лойиҳаси билан амалдаги қатор қонунчилик нормаларига ўзгартириш киритиш таъкидлангани, бироқ бу ҳақда қонун лойиҳаси ҳужжатларида асослантирилган маълумотлар киритилмаганига изоҳ сўради.

Фракция аъзоси И. Турсунов бу соҳада самарали бошқарув механизмларини жорий этиш инновацион технологиялар, тажрибали мутахассисларга талабни кучайтиришини билдирди. Шунинг учун лойиҳада давлат бюджетидан мақсадли маблағлар ажратилишини ҳам назарда тутиш зарурлигини қайд этди.

Фракциянинг яна бир аъзоси Ш. Аҳмедов қонун лойиҳасида радиоактив чиқиндилар билан муомалада бўлиш соҳасидаги муносабатларни бузганлик учун таъсирчан жавобгарлик чораларини белгилаш масаласига қизиққан бўлса, депутат З. Шадиева радиоактив чиқиндиларни махсус жиҳозланган омборларга жойлаштириш, узоқ муддатли назорат қилиш ва техник хизмат кўрсатиш тартиби ҳақидаги савол билан юзланди.

Яна бир депутатимиз Қ. Қосимова мазкур қонун лойиҳасини амалиётга жорий этиш ташаббуси долзарб эканини айтиб, уни концептуал жиҳатдан маъқуллаш, иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида фракция аъзолари билан ҳамкорликда ишлаш таклифини билдирди.

Шунингдек, фракция йиғилиши кун тартибидан ўрин олган молиявий жарималарни қўллаш тартибини белгилаш, улар устидан шикоят қилиш ҳамда ноқонуний ундирилган маблағларни қайтаришга қаратилган лойиҳа депутатлар томонидан синчковлик билан муҳокама қилинди.

Қонун ижодкорларининг фикрича, амалдаги қонунчиликда молиявий жарималарни қўллаш тартиби қонун ҳужжатларида турлича бўлиб, ҳуқуқбузарликни расмийлаштириш, қарор қабул қилиш, қарор устидан шикоят қилиш, унинг ижросини тўхтатиб туриш ҳамда ноқонуний ундирилган маблағларни қайтариш билан боғлиқ муносабатларда ягона ҳуқуқий ёндашув мавжуд эмас.

Таклиф этилаётган қонун лойиҳасида молиявий жарималарни қўллашнинг ягона тартиби, хусусан, ҳуқуқбузарликни расмийлаштиришда далолатнома тузиш, уни имзолаш, имзолаш рад этилган ҳолларда видеоёзув ёки холислар иштирокида тасдиқлаш каби жараёнлар аниқ белгиланмоқда.

Шунингдек, ҳуқуқбузарга молиявий жаримани ихтиёрий равишда енгиллаштирилган тартибда тўлаш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти яратилиб, молиявий жарима қўллаш тўғрисидаги қарор устидан юқори турувчи органга ёки судга шикоят қилиш ҳуқуқи ҳамда шикоят берилганда қарор ижросини тўхтатиб туриш кафолати мустаҳкамланмоқда.

Шу билан бирга, лойиҳада суд томонидан қарор бекор қилинганда ёки ҳақиқий эмас деб топилганда ноқонуний ундирилган маблағларни белгиланган муддатда қайтариш, шунингдек, уларни қайтариш кечиктирилган тақдирда фоиз ҳисоблаш тартиби кўзда тутилмоқда.

ЎзХДП фракцияси аъзолари ушбу қонун лойиҳаси давлат идоралари ваколатли шахсларининг қонуний қарор қабул қилиш борасидаги масъулиятини оширишга, жарималар белгилашда ягона ҳуқуқий меъёрлар амал қилинишига хизмат қилишини таъкидлаб, лойиҳани умумий мазмунига кўра маъқуллашди. Иккинчи ўқишгача фракция саволлари ва таклифлари шакллантириладиган бўлди.

Йиғилиш якунида кун тартибидаги масалалар бўйича Ўзбекистон Халқ демократик партияси электорати манфаатлари ва партия дастурий ғояларидан келиб чиқиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш