Народно-демократическая партия Узбекистана
A- A A+

ХОТИН-ҚИЗЛАР СИЁСИЙ ФАОЛЛИГИНИ ОШИРИШГА ОИД ЯНА БИР МУҲИМ ҲУЖЖАТ ИМЗОЛАНДИ

16.04.2019 , 16:45

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясида сиёсий партияларнинг хотин-қизлар ижтимоий - сиёсий фаоллигини ошириш бўйича масъул ходимлари иштирокида хотин-қизларнинг мамлакатимизда ўтказиладиган сайловларда конституцион ҳуқуқларидан фойдаланишини таъминлаш бўйича ўзаро ҳамкорликни такомиллаштириш мақсадида Марказий сайлов комиссияси ва Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида келишувни имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Келишувда сайлов қонунчилигига оид ҳуқуқни қўллаш амалиётини биргаликда таҳлил қилиш, сайловларни ўтказишда хотин-қизларнинг сиёсий фаоллигини таъминлаш билан боғлиқ муаммоларни ўрганиш ҳамда уларнинг сайлов ҳуқуқларини кенгайтиришга қаратилган тавсиялар ишлаб чиқиш, шунингдек, аёлларнинг сиёсий фаоллигини ошириш масалалари бўйича қўшма форумлар ўтказиш, таҳлилий ахборот - маълумотнома материалларни ишлаб чиқиш ва чоп этиш, хотин-қизлар ўртасида сайлов тўғрисидаги билимлари ва ўзларининг сайлов ҳуқуқларини ҳимоя эта олишни шакллантиришга кўмак бериш мақсадида ҳуқуқий тушунтириш ишларини олиб бориш назарда тутилмоқда.

Анжуманда сўзга чиққан Марказий сайлов комиссияси раиси М.Абдусаломов мамлакатимиз аҳолисининг 50% дан ортиғини аёллар ташкил этиши, бугунги кунда барча соҳаларда аёлларнинг фаоллиги тобора ошиб бораётганлиги, сайлов жараёнлари иштирокчилари ҳамда сайлов участкалари аъзоларининг аксариятини, яъни 60% га яқинини хотин-қизлар ташкил этиши, энг асосийси, хотин-қизлар томонидан амалга ошириладиган ҳар бир иш ва тайёрланадиган ҳужжатлар сифатли, саранжом-саришталиги билан эътирофга сазоворлигини алоҳида таъкидлаб ўтди. Хотин-қизларнинг ўзига юклатилган ҳар бир ишга масъулият билан ёндашишини инобатга олган ҳолда қонун билан белгиланган 30% лик квота ижросини таъминлаш, шунингдек, аёллар ҳамда эркаклар тенг ҳуқуқлилиги нуқтаи назаридан депутатликка номзодларнинг 50 фоизгача аёллар ташкил этишини таъминлашда сиёсий партиялар билан ҳамкорликда янада кучайтириб, хотин-қизларнинг сиёсий фаоллигини ошириш, улар орасидан депутатликка номзодлар заҳирасини шакллантириш бўйича ишларни такомиллаштириш, заҳирага киритилган аёлларни депутатликка тайёрлаш борасида ўқув-семинарлари ташкил этиш муҳимлиги юзасидан тавсиялар берилди.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т.Норбоева томонидан бугун давлатимиз раҳбари томонидан хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, улар учун барча шароитларни яратиб беришга, алоҳида эътибор қаратилаётгани, аёллар ва оила масалалари давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, мазкур сиёсатни мамлакатимиздаги барча идора ва ташкилот раҳбарлари қўллаб қувватлаётгани ва уни амалга оширишда фаол иштирок этаётганлиги эътироф этилди. Айниқса, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган, ногиронлиги бўлган, иш билан таъминланмаган хотин-қизлар ижтимоий ҳимояси борасида мамлакатимизда мисли кўрилмаган ишлар олиб борилаётганини нафақат мамлакатимиз балким, чет элликлар ҳам тан олиб, қизиқиш билдиришмоқда, биздан тажриба ўрганишга ҳаракат қилишмоқда. Олиб борилаётган амалий ишлар натижасида бугунги кунда аёлларимизда ҳар томонлама олға силжиш кузатилмоқда, билимли, салоҳиятли хотин-қизларимиз сони тобора ошиб бормоқда. Лекин, бугунги парламент ёки маҳаллий Кенгашлардаги депутат аёлларимиз сони бизни қониқтирмаяпти, бу рақамлар аёллар салоҳиятига мос эмаслиги, бу йилги сайловларда бошқача тайёргарлик билан кириб боришимиз, хотин-қизлар орасидан энг муносиб номзодларни танлаб, депутат этиб сайланишига барчамиз бирдек ҳаракат қилишимиз, бу борада хотин-қизлар қўмитасининг қуйи бўғинларида ҳам сиёсий партиялар билан ҳамкорликни янада кучайтиришимиз лозим.

Анжуман сўнггида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси М.Абдусаломов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т.Норбоева томонидан келишув имзоланди ва мазкур келишувни амалга оширишга қаратилган йўл харитаси тадиқланди.

Мазкур келишув юртимизда хотин-қизларнинг салоҳиятини янада ривожлантириш, етакчилик қобилиятини кучайтириш, сиёсатчи, раҳбар ва жамоат арбоблари сифатида ўзларини намоён қилиш ҳамда мамлакатимизда олиб борилаётган ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, ахборот ва мафкуравий ислоҳотлар жараёнида уларнинг иштирокини кенгайтириш ва аҳоли фаровонлигини таъминлашда ўз самарасини беради.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ҳамда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан илк маротаба имзоланаётган мазкур ҳужжат муҳим тарихий аҳамиятга эга. Ушбу келишув ва йўл харитасида белгиланган вазифаларда сиёсий партияларнинг бевосита ишторики ҳам муҳим ҳисобланади.

Хотин-қизларнинг давлат ва жамият бошқарувида, сиёсий жараёнларда, жумладан сайлов жараёнларида, сайловолди тарғибот-ташвиқот ишларида иштирокини янада кенгайтириш борасида ҳамкорликда тадбирлар, ўқув-семинарлар ташкил этиб, хотин-қизлар орасидан депутатликка муносиб номзодларни танлаш, уларни депутатликка тайёрлаш ҳамда кўпроқ ўринлар эгаллашга эришишнинг янгича усулларини ишлаб чиқиб амалиётга татбиқ этиш лозим. Шунингдек, номзоди депутатликка заҳирага олинган хотин-қизларни партия тадбирларига жалб этиш орқали уларни халққа яқиндан таништириб бориш албатта яхши самара беради.

 

Гулшан АСАТОВА,

 Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш сектори мудири