Народно-демократическая партия Узбекистана
A- A A+

ЧАПАК ҲАМ...ЧИРОЙЛИ БЎЛАДИМИ?

15.03.2019 , 10:02

Ёки тилимизга бўлаётган айрим беписандликлар ҳақида

...Маҳаллий телеканаллардан бирида дўкон сотилиши ҳақида эълон бериляпти. Экранда эълон матни пайдо бўлади, тасвир ортида матнни кимдир ифодали ўқияпти. Телевизорга тикилиб ўтирган ўн яшар неварам беихтиёр «Ота, Хива сўзи кичик ҳарфларда ёзиладими?», деб сўраб қолди. Эътибор берсам, ҳақиқатда «реклама ижодкорлари» машҳур қадим шаҳар атамасини кичик ҳарфда ёзишган экан.

Майли, бу шунчаки жузъий хатодир. Аммо...

Ойнаи жаҳон каналларида айтилаётган сўзлар, жумлалар гарчи касбим қурувчи бўлса-да, энсамни қотиради.

Ҳурматли таҳририят! Ушбу мактубни кўп ўйлаб, мулоҳаза қилиб кўргач, ёзишга қарор қилдим. Гапларим кимгадир ёқса, кимгадир ёқмаслигини ҳам биламан. Лекин она тилимизга нисбатан бепарволик, масъулиятсизлик кўпайиб кетаётганига сабрим чидамай ёзишга қарор қилдим.

Бир бошловчи «Вақт — олий ҳакам», деб ўз кўрсатувини тамомлади. Қизиқ, бундай гап бирор воқеа рўй берган ёки мунозарали масалага нисбатан айтилади-ку. Оддий кўрсатув охирида бундай иборани айтиш ўринлимикин? Эҳтимол «Вақт олтиндан қиммат», дейиш маъқул эмасми?

Ҳозир нима кўп, телеканал кўп. Телеканалларда нима кўп, кўрсатувлар кўп. Тўғрироғи, турлича шоулар кўп. Ана шу шоуларни бошлайдиган тили бурро сухандонлар одатда сизга бирор беш дақиқа «амру маъруф» ўқигачгина саломлашиш эсига тушади.

Тасаввур қилинг, йўлда бирор танишингизга дуч келдингиз. Ҳали қўл олиб саломлашишдан олдин ўша танишингизга бир қоп муаммолар, янгиликларни тўкиб солсангиз ва ниҳоят...ҳушингизга келиб саломга қўл узатсангиз, танишингиз сизни ақлдан озибди, деб ўйлаши мумкин.

Қайсики, ана шундай шоулардаги бошловчилар гап орасида ва кўпинча якунда қандайдир афоризм, ибратли гапларни келтиришни яхши кўришади. Бу қолипга айланиб қолган тарки одат. «Қадимда бир донишманд шундай деган экан» ёки «Алломаларимиздан бири шундай деганлар», дейди. Ким айтган, умуман бу иборани биров айтганми, бошловчининг ўз ижодими...билолмайсиз.

Телеканаллардан бирида «Кроссворд» кўрсатувини мунтазам кузатиб бораман. Негаки, ўзим ҳам турли бошқотирма, кроссвордлар ечишга қизиқаман. Бу билан хотирамни синовдан ўтказаман.

«Кроссворд»нинг навбатдаги «беллашуви»да бошловчи ўқияпти: «Қимматбаҳо тош. Беш ҳарфдан иборат». Ваҳоланки, шу беш ҳарфнинг икки ҳарфи аллақачон очилган. Бўйинбоғ таққан иштирокчи эса зўр бериб ўйлаяпти. Бошловчи қўшимча маълумотлар ҳам беради: «Қадимдан юртимизда очиқ ҳолда қазиб олинган. Сув орқали ювиш орқали ҳам қазиб олинади». Иштирокчи терлаб кетган, ҳатто «бриллиант» ёки «марварид» вариантини ҳам айтади. Беш ҳарфли сўздая?!

Ўйлаб қоласан киши, бу кўрсатувга қандай мезонлар билан иштирокчи танланади? Ахир ҳозир телеканлларимизни сунъий йўлдошлар орқали хорижда ҳам кўришади. Уят эмасми?

Ушбу кўрсатувда олий ўқув юртида таҳсил олган хоразмлик талаба «Хоразмдаги қурилиши чала қолган меъморий ёдгорлик»ни топа олмади. Бўлмаса, ўнта ҳарфнинг учтаси очилганди. Боя айтган ўн яшар набирам эса «Калтаминор! Калтаминор!» деб унга қичқиради.

Қисқаси, уч нафар олий маълумотли иштирокчи шу кўрсатувда кроссворднинг учдан бирини ҳам топа олмади. Бу ёқда томошабин бўлган мен уялиб кетдим...

Ёки олдинги йили 14 январь — Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан мусиқали шоуда қатнашган уч нафар ҳарбий билим юрти курсантларига бошловчи «Офицер сўзининг мазмуни нима?», деган савол берганида бўлажак офицерлар мулзам бўлиб, жим қолишганида уятдан ерга кириб кетгим келган.

Спорт шарҳловчилари, айниқса миллионлар ўйини ҳисобланмиш футбол шарҳловчилари айтаётган сўзлар, иборалар латифаларга хамиртуруш бўлгулик. «Пахтакор» жамоаси «Динамо» Самарқандни 0:1 ҳисобида мағлуб қилиб, уйига уч очко билан қайтди», деган хабарни қандай тушунмоқ керак? Аслида, 1:0 га мағлуб қилмаганми?

...Кўрсатув кетяпти. Студиядаги томошабинлар ҳар бир чиқишни олқишлашяпти. Олқишлар кўнгилдагидек чиқмаганидан бошловчи томошабинларга мурожаат қилади: «Қани, бир чиройли қарсаклар бўлсин!»

Қарсак ҳам чиройли бўладими? Унинг чиройи, руҳсори, сувратини ким кўрган? Қарсак тўхтовсиз, давомли, гулдуросли бўлиши мумкин. Тилшунос эмасман, хато гапираётган бўлсам, узр сўрайман. Айрим бошловчилар бўлар-бўлмасга «муболаға эмас», деб қўшиб қўйиши болалаб кетган. Ўрта мактабда бизни ўқитишган даврда «муболаға» нималигини ўргатишган. Тилшунослар муболаға бирор нарсани ошириб кўрсатиш, кўпиртириш эканлигини яхши билишади. Бу ёқда бошловчи кўрсатув қаҳрамонини мақтаркан: «Ёш иқтидор эгаси ўз соҳаси бўйича кўпгина ютуқларга эришган, десак муболаға эмас», дейди. Бу ноўрин гапи билан қаҳрамонига нисбатан ишончсизлик уйғотмаяптими? Шу гапини бироз ўйлаб, жўн, самимий қилиб айтса бўлмайдими? Ҳеч бўлмаса, ...«кўпгина ютуқларга эришган», деб қўя қолсин. Бошловчининг шевада гапиришлари одат тусига кириб қолгани ҳақидаку гапирмасак дилимиз, гапирсак, тилимиз куймоқда.

Айнан ойнаи жаҳонда ёзилаётган матнларда имло хатолар исталганча топилади, буни қандай тушуниш мумкин? Тилга эътиборсизликми ёки чаласаводликми?

... Мен қурилиш соҳасида ишлаб, қарилик нафақасига чиққанман. Ўрта мактабда тил дарсларидан озроқ бўлса-да сабоқ олганман. Аммо, боболаримиздан мерос бўлган тил қоидаларини бир қадар биламан. Гаплашишни билиш учун олий даргоҳда ўқиш шарт эмас, деб ўйлайман.

... Бу бошловчилар эса атай ўқишган, диплом олишган. Ё ёмон ўқишган, ё она тилини ҳурмат қилиш нималигини билмайди. Буни кўра туриб, «чиройли қарсак» чалиб томошабин бўлиб ўтирсак, инсофдан бўлмас, деб ушбу мактубни битдим.

 

Эргаш ХЎЖАҚОВ,

меҳнат фахрийси, Хоразм вилояти, Боғот тумани, Деҳқонобод қишлоғи.

www.uzbekistonovozi.uz