Народно-демократическая партия Узбекистана
A- A A+

БИР МАРТАЛИК ВАҚТИНЧА ИШ БИЛАН БАНД БЎЛГАН ШАХСЛАРНИНГ МЕҲНАТИ МУҲОФАЗА ҚИЛИНАДИМИ?

11.06.2019 , 17:00

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамкорлигида “Бир марталик вақтинча иш билан банд бўлган шахслар меҳнат фаолиятининг қонуний асосларини такомиллаштириш” мавзусида семинар ўтказилди.

Семинарда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши масъул ходимлари, халқ депутатлари Тошкент шаҳар ва вилоят Кенгашларидаги депутатлик бирлашмалари аъзолари ҳамда ижрочи котиблари, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги мутасадди ходимлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Мазкур семинар меҳнатга лаёқатли аҳолини иш билан таъминлаш, бир марталик вақтинча иш билан банд бўлган шахслар меҳнат фаолиятининг қонуний асосларини такомиллаштириш, уларнинг пенсия таъминоти ва ижтимоий суғуртаси билан боғлиқ масалаларни ҳал қилишнинг меъёрий-хуқуқий асосларини ишлаб чиқиш ва амалиётга киритиш, шунингдек, бандлик соҳасида давлат сиёсатини амалга оширишда янгича ёндашувларни жорий этиш мақсадида ташкил этилди.

Тадбирда таъкидландики, Ўзбекистон Халқ Демократик партиясининг Сайловолди дастурида меҳнатга лаёқатли аҳолига муносиб ҳақ тўланадиган иш билан таъминлашда уларга мақбул шарт - шароитлар яратиш асосий мақсад этиб белгиланган. Шунингдек, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги фаолияти устидан самарали парламент ва депутатлик назоратини олиб боришни йўлга қўйиш мақсадида ҳамкорликда чора –тадбирлар режаси ишлаб чиқилган. Шу боис, амалий Ҳаракат дастурида Ўзбекистон ХДП фракцияси томонидан 2015 -2019 йилларда назорат –таҳлил фаолияти доирасида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва Меҳнат муносабатлари вазирлигининг иш ўринларини ташкил этиш ҳамда аҳолини бандлигини таъминлаш дастури кўрсаткичларининг бажарилиши тўғрисида ахборотини тинглаш йўлга қўйилди. Жорий йилда бу борада бажарилган амалий ишлар таҳлилий ўрганилиб, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг тегишли доимий комиссияларида ўттиздан ортиқ масалалар кўриб чиқилди.

Эътироф этиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 6 майдаги “Аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар натижадорлиги ва самарадорлигини оширишда маҳаллий ижро ҳокимияти ва иқтисодий комплекснинг ҳудудий органлари раҳбарларининг шахсий маъсулиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ҳамда 2017 йилнинг 25 майда қабул қилинган “Бандлик соҳасида давлат сиёсатини янада такомиллаштириш ва меҳнат органлари фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан аҳоли бандлиги соҳасидаги мавжуд муаммолар ва уларнинг ечими юзасидан аниқ механизм яратиб берилди. Шунингдек, Ўзбекистон Респбуликасининг “Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди.

Бугунги кунда мамлакатимизда 80дан ортиқ хусусий бандлик агентликлари фаолият олиб бормоқда. Уларнинг 60 таси фуқароларимизни хорижий мамлакатларда ишга жойлаштириш билан шуғулланади. Ўтган давр мобайнида 18 мингдан ортиқ фуқароларимиз уларга мурожаат этган. 400 нафардан ортиқ мурожаатлар ижобий қондирилиб, мурожаатчилар хорижий мамлакатларда қонуний иш билан таъминланган.

Семинарда таъкидландики, юқоридаги амалий ишлар билан бир қаторда, соҳада ҳали бу борада ўзининг ижобий ечимини кутаётган талай муаммолар мавжуд. Ҳеч кимга сир эмаски, юртимиз бўйлаб ҳар бир туман, шаҳарлар марказларида норасмий бир марталик иш билан таъминлаш жамоат жойлари, яъни мардикор бозорлари фаолият юритади. Мазкур бозорларга ҳар куни минглаб юртдошларимиз иш излаб чиқишади. Булар асосан муқум иш ўрнига эга бўлмаган, касб ҳунарсиз, аҳолининг меҳнатга лаёқатли қатлами вакилларидир. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, вақтинчалик бир марталик ишларни бажарувчиларнинг асосий қисмини аввало муқум иш ўрнига эга бўлмаган ёшлар, ўрта ёшли эркак ва аёллар, зарур меҳнат кўникмалари, касб ва малакага эга бўлмаган шахслар ташкил этмоқда. Фуқаролар томонидан ташкил этилаётган норасмий вақтинчалик, бир марталик иш билан таъминлаш жамоат жойларида зарурий жамоат тартиби ва ижтимоий-маиший шарт-шароитлар мавжуд эмас. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 2001 йил 18 майдаги “Вақтинчалик бир марталик иш билан таъминлаш бюроларини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори ва Низоми талабларининг тўлиқ ижроси таъминланмаяпти.

Мамлакатимизнинг турли ҳудудларида норасмий тарзда шаклланган “Мардикор бозорлари” ҳамон ёлланма ишчилар билан гавжум. Бу ерда бир марталик, кунлик, қисман қурилиш ва ойлик ишлар ўз эгаларини топади. Кўп ҳолларда иш берувчилар томонидан арзимас сабабларга кўра хизмат ҳақини қисман ёки умуман бермаслик ҳолати учрайди. Ёлланма ишчилар деярли ҳеч қандай ҳақ-ҳуқуқсиз фаолият олиб боради. Масалан, оғзаки келишувлар, меҳнат дафтарчасининг юритилмаслиги каби ҳолатлар унга пенсия ёшига етганда панд бериши тайин. Ўзларини суғурта қилдирмайди. Ваҳоланки, уй бузиш, дарахт кесиш, чуқур ковлаш, юк ташиш каби кўплаб хавфли иш шароитида ишлашади. Жароҳат олиш эҳтимоли жуда юқори. Даволанишга эса умуман имтиёз берилмайди.

Семинарда Ўзбекистон ХДП томонидан соҳага доир қонунчиликни такомиллаштириш бўйича қатор таклифлар берилди. Вақтинчалик ишларни бажарувчи фуқароларнинг меҳнат фаолиятини тартибга солиш бугунги куннинг долзарб масалаларидан бири ҳисобланади. Маълумки, халқаро амалиётда бозор иқтисодиёти шароитида ноқонуний меҳнат бозорлари фаолиятини тугатиш бўйича «аутсорсинг» тушунчаси киритилган. Аутсорсинг ташқи меҳнат ресурсларидан вақтинчалик фойдаланиш тушунчасини англатади. Аутсорсинг хизматини махсус ширкатлар амалга оширади. Ишчилар ўз навбатида бу корхонада вақтинчалик эмас, балки доимий ишга олинади. Ширкатлар шартнома асосида бошқа субьектларга вақтинчалик ёки доимий хизмат кўрсатади. Ўзбекистон ХДП ишчиларга зарур ижтимоий-маиший шарт-шароитлар яратиш учун мамлакатимизда фаолият юритаётган норасмий бир марталик иш билан таъминлаш жамоат жойларида замонавий типдаги вақтинчалик иш билан таъминлаш ширкатларини ташкил этиш ва унга юридик мақом бериш, «аутсорсинг» тизимини амалиётга татбиқ этишни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайди. Шу орқали ишчилар учун муносиб меҳнат шароити, қонуний ҳимоя, тиббий таъминот ва келажакда муносиб нафақа олиш имкони яратилади.

Шунингдек, семинарда билдирилган фикр-мулоҳазалар ва таклифлар атрофлича муҳокама этилди.

 

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши

Ахборот хизмати