Народно-демократическая партия Узбекистана
A- A A+

ВАТАНГА МУҲАББАТ, УНГА БЎЛГАН САДОҚАТИ БИЛАН БЕЛГИЛАНАДИ

04.06.2019 , 17:20

Куни кеча Президентимиз Нурафшон шаҳрида Тошкент вилояти фаоллари билан учрашди ва вилоятнинг бир йил давомида ижтимоий-иқтисодий соҳаларда амалга оширган ишлари таҳлили ҳақида маъруза қилди. Мажлис қатнашчиларининг ҳар бирига, шу жумладан менга ҳам, маърузада келтирилган фикр ва мулоҳазалар жуда қаттиқ, худди элект токидек таъсир қилди. Очиғи ҳаёжон билан тинглаб ўтирдим. Зарур вазифаларни ўзимга белгилаб олдим.

Президент ўта куюнчаклик билан Тошкент вилоятида ислоҳатлар яхши амалга ошмаётганини, ҳамма жойда ўзгариш бўлаётгани, аммо, Тошкент вилояти уйғонмаётгани натижасида аҳолининг ҳаётида ижобий ўзгаришлар сезилмаётганини, айниқса пойтахт вилояти аҳолисининг катта қисми ичимлик сув билан таъминланмаганлигининг ўзи вилоятда аҳоли кайфиятининг қай даражада эканлигини қайд этди. Маърузада вилоятда аҳолининг атиги 64 фоизи марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлигига алоҳида тўхталиб ўтди. Қайд этилдики, бу – ҳисобот кўрсаткичи. Амалда бу рақам 40-50 фоиз.

Тошкент вилояти пойтахт вилоят бўлиши билан бирга, фақат ўзига хос бўлган иқлим, географик, ижтимоий хусусиятларга эга. Ушбу хусусиятлар ислоҳотларни амалга оширишда ҳам ижобий ҳамда салбий таъсир кучига эга.

Узоқ йиллар давомида ижтимоий объектларга деярли эътибор берилмагани сабабли уларни тартиб келтириш, аҳолининг бугунги талабларига жавоб берадиган ҳолатни ташкил этиш анча қийин кечмоқда. Тошкент шаҳрининг биқинида жойлашганлик бир ҳисобдан яхши, лекин ана шу “яқинлик” оқибатида йиллар давомида вилоят ўз марказига эга бўлмади, вилоятнинг барча корхона ва ташкилотлари, муассасалари Тошкент шаҳрида “ижара”да ўтирар эди.

Биргина тиббиёт сохасини оладиган бўлсак, бугунги кунда барча вилоятлар тўлиқ шаклланган, замонавий асбаблар билан таъминланган марказларга эга бўлсада, Тошкент вилояти аҳолисига Тошкент шаҳридаги марказлар хизмат қилади, деган иддао билан вилоятда тиббий марказлар ташкил қилиш учун маблағлар ажратилмади. Натижада вилоят аҳолисига тиббий хизмат самараси камайди. Вилоятимизда барча соҳаларда билимли, салоҳиятли мутахассислар кўп, лекин яна ўша пойтахтга “қўшнилик” оқибатида уларнинг кўпчилиги Тошкент шаҳрида ишлашни афзал кўришади.

Йиғилишда тадбиркорлик ва қишлоқ хўжалиги, бандлик, ижтимоий шароитларга доир долзарб масалалар, аниқ рақамлар асосида муҳокама қилинди. Президентимиз вилоят иқтисодиётини ривожлантириш, янги корхоналар ва иш ўринлари яратиш бўйича олдимизга муҳим вазифаларни белгилаб берди. Хусусан, биргина «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастури доирасида жорий йилда 350 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратиш бўйича топшириқ берилди. Мазкур пул маблағлари вилоятнинг чекка-чекка қишлоқларида оилавий тадбиркорлик, уйларда паррандачилик, чорвачилик, томорқачиликни ривожлантиришга қанот бўлади. Натижада Ўзбекистон ХДП электорати бўлган ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларининг даромади ошиб, тўлов қобилияти юқори бўлади. Шу орқали аҳолининг ижтимоий ҳимояси таъминланади.

Президентимиз вилоятни ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини таъминлаш учун энг муҳими халқни жипслаштириш, унинг кучи, имкониятларидан самарали фойдаланиш зарур эканлиги уқтирар экан, ҳаммамизга “Нимага Тошкент вилояти уйғонмаяпти?”деган саволни берди.

Бугунги кунда табиий, моддий, кадрлар потенциалга эга вилоятда ишга солинмаган имкониятлар мавжуд. Афсуски, улардан фойдаланилмай килинаётганлиги, аҳолининг ислоҳотларга бўлган ишонч ва умидини пучга чиқармоқда. Йиғилишда Президентимизни ушбу масала қаттиқ ташвишга солаётганлигини рўй-рост гапирди. Сўнги икки йил давомида вилоят ижтимоий ҳаётида кўзланган натижага эриша олинмагани сабабли вилоятни иккига бўлиш таклифи ўртага ташланганда мажлисда бирданига жуда кучли, инсон этини жунжиктириб юборадиган жимлик пайдо бўлди.

Бу ҳолатни таҳлил қилар экан, Президент вилоятда рақобат муҳити йўқлигида деб баҳолади. Қачон рақобат бўлса, натижа бўлади, одамларда эртанги кунга ишонч пайдо бўлишини таъкидлади.

Ишни тўғри ташкил этиш, кўзланган мақсадга етиш учун албатта тўғри режа тузилиши ва талабчанлик билан амалга оширилиши кераклиги ҳақида фикрлар билдирилди. Шу ўринда ислоҳатларни амалга ошириш, халқни бир ғоя атрофида бирлаштиришда депутатлар, сиёсий партиялар, жамоатчилик бирлашмаларининг вазифалари ва ўрни ҳақида ҳам асосли танқидий хулосалар берилди.

Вилоятдаги ҳолатни кескин яхшилаш мақсадида алоҳида дастур зарурлиги ва уни ҳаётга татбиқ этиш учун зарур маблағлар Президент томонидан ажратилиши айтилганда залда кучли жонланиш кузатилди. Масалан, Ангрен ва Янги Ангрен станциялар 100% кўмирда ишлашга ўтказилиши билан уларнинг қуввати 2 баробарга оширилади, Оҳангарон цемент заводи қуввати 5 миллион тоннага кўтарилади. Кам таъминланган оилаларни молиявий қарамликдан қутқариш учун 100 миллиард сўмлик қўшимча имтиёзли кредитлар ажратиш белгиланди. Соғлиқни сақлаш муассасаларини таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларига 300 миллиард, таълим соҳасига ҳам деярли шу миқдорда маблағлар ажратилиши Президентнинг Тошкент виолояти аҳолиси фаровонлигини таъминлаш ҳақида жиддий қайғураётгани белгисидир. Тошкент вилояти аҳолисини ичимлик суви ва қишлоқ хўжалигини сув билан таъминлаш учун 3та сув омбори қурилиши ҳақида маълумот берилди.

Вилоятдаги барча соҳаларни ривожлантириш учун жуда катта маблағлар ажратилиши белгиланди. Хусусан, ичимлик суви, оқова тизими объектлари билан бирга умумий ўрта таълим ва соғлиқни сақлаш, автомобиль йўллари билан боғлиқ муаммоларни тезкор ҳал қилиш бўйича топшириқлар берилди. Бунинг учун қўйимча равишда 1 триллион 100 миллиард сўм маблағ ажратилиши маълум қилинди. Ушбу маблағларнинг 300 миллиадр сўми соғлиқни сақлаш соҳасига, 200 миллиард сўми эса таълим тизимини ривожлантиришга йўналтирилади. Қолган қисми эса, ичимлик суви, автомабил ва ички йўлларни таъмирлаш каби ишларга сафарбар қилинади. Очиғи, вилоятимиз чўпни суқса боғ яраладиган, тоғларида Менделев жадвалидаги барча табий бойликларга эга ҳудуд ҳисобланади. У ҳосилдор тупроғи, бой минерал хомашё манбалари, етарли сув захиралари билан алоҳида ажралиб туришини, гўзал табиати, хушманзара масканлари билан ҳар қандай кишини ҳайратга солади. Улардан оқилона фойдаланиш, ҳалқни бир мақсад сари бирлаштириш, унинг кучи, салоҳияти, тажрибасидан фойдаланиш ҳаммамиздан ватанпарварликни, халқни севишни, фидойиликни талаб қилади. Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, ватанга муҳаббат, унга бўлган садоқат билан белгиланади.

 

МАҚСУДА ВОРИСОВА,

Олий Мажлис Сенати аъзоси,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари.