Народно-демократическая партия Узбекистана
A- A A+

ВАТАННИНГ МЕҲРИ 156 НАФАР ОНА ВА БОЛАНИ ҲАЁТГА ҚАЙТАРДИ

04.06.2019 , 13:58

Козим БАЙЗАКОВ, халқ депутатлари Ўрта Чирчиқ туман кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси:

— Яқин Шарқдаги қуролли можаролар ҳудудидан қайтариб келинган ватандошларимиз ҳикояларини эшитган одамнинг юрак-бағри эзилади.

Очиғи, ватандошларимизнинг самолётдан тушиш тасвирларини ҳаяжон билан кузатдим. Боласини кўтарган аёлларнинг она юрт тупроғига қадам қўйган чоғиёқ, унга таъзим қилиб, тупроғини кўзига суртишидан тўлқинландим. Кимдир фарзандини қидириб, кимдир турмуш ўртоғи ортидан уруш ўчоғига жонини хавфга қўйиб борган. Албатта, биз уларни бу хатти-ҳаракатини оқламоқчи эмасмиз. Аммо бошқа тарафдан қараганда, уларнинг барчаси ҳам ўз ихтиёрига кўра, ҳавасмандлигидан Сурияга йўл олмаган. Президентимиз Тошкент вилояти фаоллари билан ўтказилган йиғилишда «Меҳр» операциясига ҳам тўхталиб ўтиб, ушбу фуқаролар ҳаётини хавф остига қўйиб, мажбурлигидан кетганлигини эслатди. Ҳақли саволларни ўртага ташлади. Хўш, улар нима учун кетган? Ҳар ким турли сабабларни келтириши мумкин. Лекин у ерда нима бўлди? Хотин-қизларимиз инсонийлигини йўқотишига бир баҳя қолди.

Ҳар куни матбуот ва интернет сайтларини, хорижий телеканалларни кузатиб бораман. Шу боисдан жаҳонда қандай ўзгаришлар, хунрезликлар содир бўлаётганини яхши биламан. Билиш билан бирга таҳлил қилишга уринаман. Суриядаги давомий уруш оқибатида бир авлод аросатда қолмоқда. Бу эса тикланишга муҳтож мамлакат келажаги учун катта зарар, жиддий йўқотишдир. Можаро бошланганда туғилган болалар ҳалигача тинчлик, болалик нималигини билмайди. Оиласи билан урушдан қочганлар ҳам можаро асоратлари билан юзлашмоқда.

Мутахассисларнинг фикрича, урушнинг кети кўринмаётгани сурияликларга жисмоний, руҳий ва маънавий шикаст етказмоқда. Айни кунда қарийб икки миллион бола таълим олишдан маҳрум, мамлакатни тарк этишга мажбур бўлганлардан бир миллиони эса етарлича билим олмаяпти. Ҳар бир суриялик оиладан камида бир одам қуролли тўқнашувлар натижасида ҳалок бўлмоқда.

Оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган юртимизга қайтарилган оилалар билан суҳбатни ўқидим. Ундаги қуйидаги жумлалар хаёлимни ҳеч тарк этмаяпти. «Катта ўғлим илм олишга қизиққани учун қишлоқдаги мадрасага ўқишга қатнай бошлади. Лекин бир куни шу мадрасага бомба тушди. Ҳали ўн саккизга тўлмаган ойдек ўғлим шу фожиада парча-парча бўлди. Бўйи-бўйимдан баланд, орзулари бир дунё бўлган болажонимнинг тирноғини ҳам қайта кўрмадим». Фарзанд доғи онани то тирик экан ҳеч қачон тарк этмайди. Бу ҳақиқат. Бироқ аёлнинг бошига тушган бундай оғир савдо шу билан тугамади. 2018 йилга келиб, 16 ёшга қадам қўйган иккинчи ўғли Абдухолиқ нон топиб келиш илинжида кўчага чиқиб кетиб, уйга қайтмади. Унинг ҳаётида ҳам акасининг тақдири такрорланди. Боласидан умиди узилган онаизор қон дарёсидан унинг кийимидан бир парча қидирди, бироқ топа олмади...

Юртига қайтарилган 156 нафар аёллар ва болаларнинг тақдиридан хулоса қилиб, инсоннинг бахти, қайғуси ҳам Ватанида кечиши кераклигини англайсан. Тинч мамлакатда яшаётганингга шукрона келтирасан. Ҳақиқатан ҳам, инсон фақат киндик қони тўкилган юртида ўзини мағрур, хотиржам ва бахтиёр ҳис эта олади.

Хулоса ўрнида айтишим жоизки, мамлакатимизда Президентимиз ташаббуси билан «Меҳр» инсонпарварлик амалиётининг ўтказилиши халқаро ҳамжамият томонидан мамлакатимизда олиб бораётган тинчликпарвар сиёсат, деб баҳоланиб, алоҳида эътироф этилмоқда. Ушбу гуманитар амалиёт инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги асосий халқаро ҳужжатларга тўлиқ риоя этилган ҳолда амалга оширилди. Ўзбекистон фуқаролик паспортида муҳрланганидек, Ўзбекистон ўз фуқароларини қаерда бўлишидан қатъи назар ҳимоя қилади. Зеро, Бош Қомусимизда ҳам бу ҳақда шундай дейилган: «Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам ўз фуқароларини ҳимоя қилиш ва уларга ҳомийлик кўрсатишни кафолатлайди».

 

Хусан АБДУНИЯЗОВ, халқ депутатлари Дўстлик туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси:

— Муборак Рамазон кунларида Яқин Шарқ ва Суриядан ўзбекистонлик 156 нафар аёл ва боланинг юртимизга қайтарилиши оламшумул воқеа бўлди.

Бундан бутун халқимиз ич-ичидан қувонди, жабр кўрган аёллар ва болаларнинг ватанимиз сарҳадига қўйган қадами-ю, оналарнинг ўз она ерига бош қўйиб, кўз ёш билан тавба-тазарру қилишлари, Аллоҳга шукроналар, Президентимизга эса раҳмат айтганларини ОАВда кўриб, ҳар бир инсоннинг кўнгли юмшаб кетган бўлса, ажаб эмас.

Бу, албатта, ўзбек халқига хос бўлган бағрикенглик, кечиримлилик, инсонпарварлик ва меҳр-оқибатдан далолатдир.

Ҳукуматимиз томонидан «Меҳр» амалиёти ўзбек халқига хос бўлган одамийликнинг энг олий намунаси бўлди. Беғубор фарзандини кўтариб интервью берган оналарнинг кўз ёш билан билдираётган миннатдорчиликлари, тўғриси, қалбимизни жунбушга келтириб юборди.

Қайтариб келинган ватандошларимиз Тошкент вилоятидаги «Бўстон» сиҳатгоҳига жойлаштирилиб, уларга табиий ва руҳий ёрдам кўрсатилмоқда. Кеча яна бир қувончли хабар эшитдик. У ердаги болаларга таълим, тарбия бериш учун педагоглар гуруҳи юборилибди. Қоронғу кунлар ортда қолди, энди болалар учун ёруғ ҳаёт бошланяпти. Давлат ва жамият ғамхўрлиги билан бу болалар етук инсонлар бўлиб етишишига, оналарига бахтли кунлар кўрсатишига, Ватанга содиқ хизмат қилишига ишонамиз.

Биз, депутатлар аҳоли билан учрашувларда бу хайрли ишнинг моҳияти ва аҳамиятини тушунтиришимиз, адашган кишиларнинг қисматидан сабоқ чиқаришга ундашимиз лозим, деб ўйлайман.