Народно-демократическая партия Узбекистана
A- A A+

АЁЛЛАР БАНДЛИГИ — ОИЛА ФАРОВОНЛИГИ ГАРОВИ

19.04.2019 , 17:35

Ўзбекистон ХДП Навоий вилоят кенгаши ташаббуси билан Конимех туманидаги “Зафаробод” маҳалла фуқаролар йиғинида Президентимизнинг “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш” тўғрисидаги Фармонида белгиланган вазифалар ижроси ҳамда давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган бешта ташаббуснинг бешинчи йўналишида таъкидланган хотин-қизлар бандлигини таъминлашга бағишланган “Ижтимоий кўмак—ташаббускорликка йўл очмоғи керак” мавзусида хотин-қизлар форуми ўтказилди.

Форумда Ўзбекистон ХДП Навоий вилоят кенгаши ва Конимех тумани кенгаши масъуллари, халқ депутатлари Навоий вилоят ва Конимех туман Кенгашидаги партия гуруҳи аъзолари, Соғлиқни сақлаш бошқармаси, туман Хотин-қизлар қўмитаси, “Қишлоқ қурилиш банк” акциядорлик тижорат банки, Оила илмий-амалий маркази туман бўлими, Адлия бошқармаси вакиллари иштирок этди.

Форум доирасида 70 дан ортиқ хотин-қизлар тиббий кўрикдан ўтказилди. Гинеколог ҳамда эндокринолог шифокорлар томонидан бир қанча касалликлар аниқланиб, шифокор тавсиялари берилди. Беш нафар хотин-қизларга бепул даволаниш учун вилоят касалхонасига йўлланма берилди.

Шунингдек, туманда истиқомат қилувчи ҳотин-қизларнинг муаммо ва таклифларини ўрганиш мақсадида Ўзбекистон ХДП Навоий вилоят кенгаши томонидан сайёр қабул ташкил этилди. Ўзбекистон ХДП Навоий вилоят Кенгаши раиси М.Нуруллаев, вилоят “Оила” илмий-амалий маркази раҳбари М.Ҳамроева, туман ИИБ бошлиғи Б.Қурбонов, туман Адлия бўлими бошлиғи Э.Файзуллаевлар иштирокида ўтказилган очиқ мулоқотда иштирокчилар томонидан берилган саволларга атрофлича жавоблар берилди. Аниқланган муаммолар мутасадди ташкилотлар томонидан тегишли тартибда ечилиши бўйича келишиб олинди.

Шунингдек, “Ҳар бир оила тадбиркор” Давлат дастуридан келиб чиқиб, Ўзбекистон ХДП Навоий вилоят кенгашининг оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган, кам таъминланган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги мурожаати “Қишлоқ қурилиш банк” акциядорлик тижорат банки томонидан қўллаб қувватланди. “Зафаробод” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилиб келаётган оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган, кам таъминланган 15 нафар хотин-қизларга кам фоизли кредит асосида тадбиркорлик ишларини бошлаш, турмуш тарзини яхшилаш, тикувчилик ва касаначиликни ривожлантириш мақсадида тикув машиналари берилди.

Куннинг иккинчи ярмида “Зафаробод” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилаётган ногиронлиги бўлган аёллар хонадонига ташриф буюрилиб, уларнинг ҳолидан хабар олинди. Бу каби хайрли тадбирлар Ўзбекистон ХДП томонидан бошқа ҳудудларда ҳам ўтказилмоқда.

Мўмина ЎРИНОВА, “Зафаробод” МФЙ фуқароси:

Ўзим уй бекасиман. 1995 йилда туғилган қизим Мактуба Носирова 2-гуруҳ ногирони. Қизим ногиронлиги бўлишига қарамай изланувчан, ҳаракатчан. Анча вақтдан буён қизим бирор тадбиркорлик иши билан шуғулланиш истагида эди. Бугун унинг орзуси ушалди, десам хато бўлмайди. Унга тикув машинаси тақдим этилди. Муҳтарам юртбошимиздан миннатдормиз. Ижтимоий қийин аҳволда бўлган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ишлари Президентимиз эътиборида эканидан жуда мамнунмиз. Бугун Ўзбекистон ХДП ташаббуси билан ўтказилган хотин-қизлар форуми жуда ижобий натижаларга бой бўлди. Биз каби ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларнинг 15 нафарига тикув машиналарини берилиши ҳаёт тарзимизни яхши томонга ўзгартиришизга омил бўлади. Ўзбекистон ХДП томонидан ўтказилаётган бу каби хайрли тадбирлари бардавом бўлсин.

Гавҳар МАМАШАРИПОВА, “Зафаробод” МФЙ фуқароси:

Мен ҳаётнинг турли синовларини кўрдим. Бир фарзандим бор. Турмуш ўртоғим билан ажрашганмиз. Отам вафот этган. Онамнинг хонадонида яшаймиз. Муқум иш ўрнига эга эмасман. Шу сабабли, ижтимоий аҳволимиз яхши эмас. Бирор иш фаолияти билан шуғуллангим келади, доимий иш ўрнимга эга бўлишни истардим. Кичикроқ тадбиркорлик ишини бошламоқчи бўлиб бир неча бор ҳаракат қилиб, уддасидан чиқа олмаётган эдим. Бугун Ўзбекистон ХДП ташаббуси билан хотин-қизлар форуми ўтказилди. Шу форум доирасида мен ҳам янги тикув машинасига эга бўлдим. Энди ўз рўзғоримни тебратишим, фарзандим келажаги ҳақида қайғуришим мумкин. Бугуннинг ўзидаёқ тикув ишларига буюртмалар келиб тушмоқда. Албатта, бу хайрли ишлардан биз каби хотин-қизлар мамнунмиз. Авваломбор, муҳтарам Президентимизга. Қолаверса шу форумни ташкиллаштирган Ўзбекистон ХДП вакилларига катта рахмат. Бу каби хайрли ишлар юртимизда давом этаверсин.

 

Зулфия ШОМУРОДОВА,

Ўзбекистон ХДП Навоий вилоят кенгаши бўлим бошлиғи