Народно-демократическая партия Узбекистана
A- A A+

МАҚСАДИМИЗ ДЕПУТАТ АЁЛЛАР САФИНИ КЕНГАЙТИРИШ

19.04.2019 , 16:20

Мамлакатимизда хотин-қизларга қаратилаётган юксак эътибор, уларнинг билим олиши, касб танлаши, меҳнат қилиши, ўз иқтидорини намоён этиши учун яратилаётган шарт-шароитлар натижасида бугун хотин-қизларимизда ҳар жабҳада фаоллик сезилмоқда. Бир сўз билан айтганда, уларнинг ижтимоий сиёсий фаоллиги ошиб, салоҳиятли хотин-қизлар сафи тобора кенгаймоқда. Юксак салоҳиятли, ҳар томонлама етук хотин-қизлар сафи кенг бўлсада, Парламентда, маҳаллий Кенгашлар депутатлари орасида аёллар кўчиликни ташкил этмайди.

Шу боис, бу йилги сайловларда уларнинг фаол иштирокини таъминлаш, истеъдодларини юзага чиқариш ҳамда депутатлар сафида хотин-қизларнинг кўпроқ ўрин эгаллашига эришиш мақсадида Ўзбекистон ХДП томонидан Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти билан ҳамкорликда “Депутатликка старт”, “Хотин-қизларнинг сиёсий фаоллигини ошириш ва сайлов жараёнларига тайёргарлик кўриш” мавзуларида ўқув семинар-тренинглари ўтказилиб келинмоқда. Шундай тадбирлардан бири Тошкент шаҳридаги Тараққиёт стратегияси марказида бўлиб ўтди. Унда партиямиз аъзолари орасидан фаол, номзоди депутатликка заҳирага киритилган хотин-қизлар иштирок этдилар.

Семинар-тренингда Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти директори, Ўзбекитсон Республикаси Президенти ҳузуридаги Маслаҳат Кенгаши аъзоси, юридик фанлари номзоди С.Ходжаева, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги ЮМОМнинг Халқаро ҳуқуқ кафедраси раҳбари, юридик фанлар доктори, ИҲДИ Бошқаруви аъзоси Л.Саидовалар ўз маърузалари билан иштирок этдилар. Маърузачилар қатнашчиларга Ўзбекистон Республикасида сайлов тизимининг ўзига хос жиҳатлари, сиёсий партияларда сайлов учун кураш, уни амалга ошириш жараёнлари, сайловларда иштирок этиш ва ғалаба қозониш тактикалари тўғрисида батафсил тушунчалар бердилар. Шунингдек, иштирокчиларнинг семинар-тренингда олган билимларини мустаҳкамлаш мақсадида интерфаол усулларда гуруҳларда иш олиб борилди. Экспертлар томонидан гуруҳларнинг тақдимоти, чиқишлари баҳолаб борилди ва семинар–тренинг сўнггида иштирокчиларга сертификатлар топширилди.

Баҳс-мунозара, савол-жавобларга бой тарзда ўтган мазкур тадбирда хотин-қизлар сайловлар, сайлов жараёнлари ва унда иштирок этиш, ғалаба қозониш бўйича янги билим ва малакаларга эга бўлдилар.

Бундай тадбирлар режа асосида республикамизнинг барча минтақа ва ҳудудларида ўтказилади. Бу эса хотин-қизларни сиёсий жараёнларда фаол иштирокини таъминлайди ҳамда депутат аёллар сафининг кўпайишига хизмат қилади.

 

Гулшан АСАТОВА,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши сектори мудири