Народно-демократическая партия Узбекистана
A- A A+

“ПОЙКЕНТ ҚАЧОН ЗИЁРАТГОҲГА АЙЛАНАДИ?”

19.04.2019 , 12:30

Дарҳақиқат, Ўзбекистоннинг ўз қадимий тарихи ва бой маданий ёдгорликлари, буюк тарихий шахслари томонидан ёзиб қолдирилган ноёб қўлёзмаларидаги турфа мавзуларга оид қарашлари бугунги XXI асрда ҳам ўз долзарблигини йўқотмаган. Йиллар ўтган сари улар инсоният тараққиёти ва кишилар турмуши фаровонлиги учун муҳим аҳамиятга эга бўлиб бормоқда.

Бироқ кун мавзусидан келиб чиқиб, бир мулоҳаза қилиб кўрсак. Бугунги кунда маданий ёдгорликларни асраб авайлаш, узоқ ўтмишимиздан хабар берувчи асори атиқалар, буюк боболаримиз томонидан қолдирилган маънавий меросни ҳар томонлама чуқур ўрганиб, ундаги ғоялар орқали мамлакатимизни ривожланишида фойдаланиш борасидаги ҳаракатларимизнинг ҳолати қандай? Улардан етарли даражада фойдаланаяпмизми ўзи? Бу каби ҳақли саволлар ҳар бир юртимиз фарзандини ўйлантиради.

Хусусан, биз муҳокама қилаётган Бухоро вилоятининг Қоракўл туманида жойлашган қадимги Пойканд шаҳри давлатчилик тарихимизнинг ажралмас бир бўлаги ҳисобланади. Манбалардан маълум бўлишича бу қадимий шаҳарда биринчи турар жойлар миллоддан аввалги III асрда қурилгани топилмалар орқали тасдиқланган. Бу қарийиб 2500 йил илгари бунёд этилган ўзига хос архитектура ва шаҳарсозликнинг такрорланмас маъморий-санъат намунаси деганидир. Шаҳар дастлаб икки қисмдан иборат бўлиб, X асрда унинг учинчи работ қисми ҳам бунёд қилинган.

Энг аҳамиятлиси ўрта асрларнинг бошида қадимги Пойкент, Самарқанд шаҳри каби Ўрта Осиёнинг қадимий шаҳарлар орасида савдо маркази вазифасини бажарган.

Булар ҳақида Фирдавсийнинг “Шоҳнома”си, ишончли тарихчи ат-Табарийнинг муҳим тарихий асарларида қимматли маълумотлар берилган. Шунингдек, 899-959 йилларда яшаб ижод қилган Наршахий эса ўзининг “Бухоро тарихи” китобида бу шаҳар ҳақида маълумотларни туҳфа қилар экан, уларда ёзилганидек, илк ўрта асрларда арабларнинг Ўрта Осиё ерини фатҳ қилишида Пойкент жанги ниҳоят даражада оғир кечгани ва шаҳарни аёллар, қариялар ва ёшлар ватанпарварликни намоён қилиб мардоновор ҳимоя қилганини баён қилади. Шунингдек, араблар кун санаб бу шаҳарга кира олмади деб ёзади. Чунки бу вақтларда шаҳарнинг кўп эркаклари савдогар бўлиб, узоқ шаҳарларга кетиб қолган эди деб хотиралайди тарихчи. У ўз фикрини давом эттириб, қадимги Пойкент “Мадина ут туджор” яъни “Савдогарлар шаҳри” деб эътироф этилганлигини алоҳида эслаб ўтади.

Қарангки, XI асрда Пойкент ислом дини марказларидан бирига айланди. Бухорода Самонийлар ҳукумронлиги даврида Пойкентда кенг қўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилиб, шаҳар ҳаёти ҳар қачонгиданда кўра гуллаб яшнайди. Булар ҳақида бугунги кунда олиб борилаётган археологик тадқиқотлар ҳам гувоҳлик беради. Масалан 790 йилга оид Ўрта Осиёдаги энг қадимги дорихонанинг Пойкентга бунёд қилингани бу маконнинг инсоният цивилизацияси тарихида муҳим ўрин эгаллаганлигидан аниқ ва равшан далолат беради.

Бироқ XII асрдан бошлаб Зарафшон дарёсининг суви тўлиқ Пойкентга етиб бормай ўз йўналишини ўзгартира бошлайди. Йиллар давомида шаҳар секин-асталик билан таназзулга юз тутиб, бу ерда яшовчи аҳоли пастроқ, яъни сув етиб борадиган жойларга кўчиб ўта бошлайди.

Шу билан шаҳар ҳаётининг қарийиб 1500 минг йиллик тарихи қум остида қола бошлайди.

Ўтган XX асрнинг ўрталаридан бошлаб бир гуруҳ олимлар эътибори қадимга Пойкент шаҳар қолдиқларини ўрганиш ва уни тадқиқ қилишга қизиқиш билан хотираланади. Бироқ номаълум сабаблар билан бу шаҳарнинг топилмалари қисқа вақтларда ўрганилди холос.

1991 йил Ватанимиз азалий орзуси, истиқлолга эришди. Ўтган асрда бу шаҳар тарихи батафсил ўрганилмаганлиги сабаблари маълум. Бироқ истиқлол йилларида бизга тарихий ёдгорликларни тўлиқ ўрганиш борасида қандай тўсиқ ва қаршилик бўлди? Саволнинг жавоби эса аниқ, давлатимиз томонидан тарихий ёдгорликларни ўрганиш юзасидан тўлиқ имконият ва шароит яратиб берилди. Бироқ шу соҳага масъул бўлган ташкилотлар, илмий жамоатчилик ва мутахассислардан баъзи тарихий манзилгоҳларни ўрганиш ва обод қилишга оид етарли даражада ташаббус кўрсатилмади.

Натижада минг йиллик тарихига эга бўлган Пойкентнинг бугунги ҳолати қуйидагича бўлиб қолди.

Қадимги Пойкент нафақат ўзининг узоқ ўтмиши билан қадрли, балки саҳиҳ ҳадислар муаллифи бўлган Имом Бухорийнинг ёшлиги ўтган шаҳар эканлиги билан аҳамиятлидир. Бу ҳақида ишончли тарихий манбалар гувоҳлик беради. Бу улуғ зотнинг биринчи устозлари бўлган Муҳаммад ибн Салом ал-Пайкандий, Муҳаммад ибн Юсуф ал-Пойкандийлардан буюк бобомиз дастлабки ва энг асосий ҳадис илми таълимини олгани ҳақида муаррихлар томонидан кўп бор баён қилинган.

Устозларидан пухта билим олган Имом Бухорий сўнгра Басра, Қува ва Бағдодга сафар килади. Шом ва Мисрга ўтади. Бундан ташқари Хуросон, Марв, Балх, Хирот, Нишопур, Рай, Жибол каби шаҳарларда бўлиб, бу шаҳарлардаги олимлардан сабоқ олди ва ҳадислар тўплади. Хорижий юртлардаги сафардан кейин Бухорога қайтгач, ҳадис илмини тарғиб этишга киришади. Ул зотнинг саъй-ҳаракатлари бу вақтда Бухорода ҳукмдорлик қилган Холид ибн Аҳмад аз-Зухлийга хуш келмайди. 

Шу сабабли, Имом Бухорий Бухорони тарк этиб, Пойкентга, кейин эса Самарқанд яқинидаги Хартанг қишлоғига келиб яшашга мажбур бўлади ва шу ерда вафот этади. 

Мамлакатимизда мустақиллик йилларида Имом Бухорийнинг номини абадийлаштириш ва меросини чуқур ўрганиш борасида кўп амалий ишлар қилиб келинди. Бироқ, у зотнинг ҳаёти ва ҳадис ўрганиш борасидаги муҳим ўрин тутадиган қадимги Пойкентга муносабатимиз ўзгаргани йўқ.

Мамлакатмизда жойлашган музейларнинг таъмирланиши юзасидан ишлаб чиқилган дастурга кўра Пойкент музейи 2027 йилгача таъмирланиши белгиланган. Бугунги кунда Имом Бухорий каби улуғ сиймонинг умри ўтган, уларнинг устозлари абадий қўним топган бу шаҳарни кўришни миллионлаб инсонлар орзу қилмаяптими ёки Пойкент шаҳрини кўришни хоҳловчи миллионлаб хорижлик мутахассислар ва сайёҳларга ҳам жавобимиз шуми?

Албатта бу каби масалаларни ўз вақтида ҳал этиб, ҳозирда юз мингдан ортиқ фуқаролар яшайдиган Бухоро вилоятининг Қорақўл туманидаги ижтимоий-иқтисодий жараёнларни фаоллаштириш, мамлакатда туризмни ривожлантириш мақсадида бир қатор амалий ишларни бажариш вақти келган.

Хусусан, Ўзбекистон ХДП нинг Сайловолди дастур ва мақсадларида аҳолини доимий иш ўринлари билан таъминлаш, ижтимоий ҳимояга мухтож қатлам вакилларининг манфаатларини ифода этиб, хотин-қизлар, ёшларни моддий ва маънавий жиҳатдан ҳар томонлама қўллаб–қувватлашни ўзининг муҳим вазифаси деб билади. Шундай экан, қадимги Пойкент тарихини чуқур ўрганиш ва археологик тадқиқотларни олиб бориш, шу орқали қадимги шаҳар ўрнида яна бир сайёҳлар учун муҳим ва қизиқ бўлган қадамжо барпо этиш лозим. Шунингдек, ёш авлодни буюк бобомиз, саҳиҳ ҳадислар муаллифи Имом Бухорийнинг қадимги Пойкентдаги фаолияти билан таништириш ва Имом Бухорий устозларининг номини тиклаш муҳим вазифалардан саналади. Қоракўл туманида туризмни ривожлантиришучун етарли имконият мавжудлигини инобатга олиб, яъни қадимги Миср билан бир вақтда пайдо бўлган Замонбобо тарихий ёдгорлигини таъмирлаш мақсадга мувофиқ. Бу каби хайрли чора-тадбирлар амалга оширилса, албатта бу қадамжога ташриф буюраётган сайёҳлар оқими ортади. Аҳолининг иш билан банд бўлмаган қисми доимий иш ўрни билан таъминланади. Мамлакатимизда сайёҳлар ташриф буюрадиган маконлар сони ортади. Натижада бир вақтлар кўм остига чўккан шаҳар обод бўлади.

 

Равшан ХОМИТОВ,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши масъул ходими,

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети тарих фанлари бўйича тадқиқотчиси