Народно-демократическая партия Узбекистана
A- A A+

“ЁШЛАР УЧУН БАХТЛИ ҲАЁТ” ЁШЛАР ФОРУМИ ЎТКАЗИЛДИ

17.04.2019 , 16:00

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши ва Тошкент вилоят кенгаши томонидан “Ёшлар учун бахтли ҳаёт” шиори остида Ёшлар форуми ўтказилди.

Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши масъуллари, партиянинг Тошкент вилоят ҳамда Ангрен шаҳар кенгашлари масъул ходимлари, халқ депутатлари Тошкент вилоят ва Ангрен шаҳар Кенгашларидаги партия гуруҳлари аъзолари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Маълумки, жорий йилнинг 19 март куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида муҳим бешта ташаббус илгари сурилди. Айтиш керакки, турли зиддиятлар кучайиб бораётган бугунги дунё манзараларида ёшларимизнинг маънавий иммунитетини кучайтириш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш ҳар қачонгидан ҳам долзарброқ эканини замоннинг ўзи кўрсатиб турибди.

Форум ишида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенаторлар, партия масъуллари ва санъаткорлар иштирокида ёшлар билан учрашув ўтказилди. Унда Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган муҳим ташаббуслар хусусида фикр билдирилди. Таъкидланганидек, мазкур ташаббуснинг биринчиси ёшларнинг мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини оширишга, истеъдодини юзага чиқаришга хизмат қилса, иккинчи ташаббус ёшларни жисмоний чиниқтириш, уларнинг спорт соҳасида қобилиятини намоён қилишлари учун зарур шароитлар яратишга йўналтирилган. Учинчи ташаббус аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Тўртинчи ташаббус ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича тизимли ишларни ташкил этишга йўналтирилган. Шунингдек, бугунги куннинг энг долзарб муаммоли масалаларидан бири бўлган хотин-қизларни иш билан таъминлаш масаласи бешинчи ташаббусда назарда тутилган. Мазкур 5 ташаббус кенг жамоатчилигимиз томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди. Эндиликда ушбу тажрибани юртимизнинг барча ҳудудларида кенг жорий қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашувда мамлакатимизда ёшларга оид олиб борилаётган сиёсатнинг устувор йўналишлари, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида олиб борилаётган ишлар юзасидан атрофлича фикр алмашилди. Маърузаларда ёшларга эътиборни кучайтириш, ёш авлодни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларда ахборот технологияларидан тўғри фойдаланиш кўникмасини шакллантириш, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш масалаларига урғу берилди.

Форум давомида ёшлар ўртасида маънавий таҳдидлар, интернетдаги ахборот хуружларининг олдини олишга қаратилган 10 дақиқалик видеофильм номойиш этилди. Мазкур фильмда ёшларни оммавий маданият ҳамда интернетдаги зарарли хуружлардан асраш, уларни ахборот технологияларидан унумли фойдаланишга ўргатиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.Иштирокчилар томонидан ёшларнинг компьютер саводхонлигини ошириш, ахборот технологияларига қизиққан болаларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш ва малакали мутахассис даражасига олиб чиқиш, дастурий маҳсулотлар яратиш бўйича кўрсатмалар берилди. Тадбирда иштирок этган Ўзбекистон Миллий академик театрининг моҳир актёр ва актрисалари томонидан ёшларнинг маънавий дунёсини бойитувчи саҳна кўринишлари намойиш этилди. Актёр ва актрисаларнинг саҳнадаги профессионал чиқишлари ёшларда санъатга бўлган қизиқишни янада орттирди.

Форум доирасида етакчи нашриётлар ва йирик китоб дўконлари томонидан китоб ярмаркаси ташкил этилди. Китоб кўргазмаси давомида ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш мақсадида иштирокчи ёшлар ўртасида савол-жавоблар ўтказилди. Савол-жавобларда иштирок этган ёшлар ўз билимларини синовдан ўтказдилар. Фаол иштирокчи ёшларга Ўзбекистон ХДП томонидан ўзбек ва жахон адабиёти намуналаридан иборат китоблар ва партиянинг эсдалик совғалари тақдим этилди.

Шунингдек, тадбирда давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ташаббусларни ҳаётга татбиқ этиш, ёшларни жисмоний чиниқтириш, уларнинг спортга бўлган қизиқишларини кучайтириш мақсадида ёшлар ўртасида спорт мусобақалари ташкил этилди. Мазкур мусобақаларда Тошкент вилоятининг туман ва шаҳарларидан келган ёшлар спортнинг шахмат, шашка, кураш, дюздо, карате, бокс ва бошқа спорт турлари бўйича мусобоқаларда беллашдилар.

-Ўзбекистон ХДП томонидан ўтказилаётган бугунги ёшлар форумида иқтидорли, моҳир, зукко, спортчи ёшлар ўз маҳоратларини намоён этдилар. Бугун намойиш этилган тикувчилик, тўқувчилик, рассомлик, зардўзлик каби санъат асарларини бизнинг ёшларимиз ўз қўллари билан яратганини кўриб кўнгиллар қувнайди. Спортчи ёшларнинг чиқишлари давлатимиз томонидан ёшларга спорт билан шуғулланишлари учун яратиб берилган кенг имкониятларнинг натижасини яққол кўрсатиб берди. Китобхон ёшлар ўртасида ўтказилган савол-жавоблар мени руҳлантириб юборди. Китоб ўқиган одамнинг зеҳни ўткир бўлади, дунёқараши кенгаяди, тафаккури ортади. Берилаётган саволлар ҳоҳ тарих фанидан бўлсин, ҳоҳ адабиётдан ёшларимизнинг ҳозиржавоблиги, қисқа ва аниқ жавоб беришлари давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ёшлариннг маънавиятини юксалтириш, мутолаани кучайтириш, китобхонликни кенг тарғиб этиш каби ташаббусини ҳаётга нақадар татбиқ этилаётганини кўрсатади, - дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси Акмал Умаралиев. – Бугунги ёшлар форумида иқтидорли ёшларимизнинг меҳнат маҳсулларини намойиш этиш орқали бошқа ёшларда санъатга, китобхонликка, спортга бўлган қизиқишларини янада кучайтиришга, уларнинг истеъдодларини юзага чиқаришга эришилади.

Аҳоли бандлигини таъминлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли вакиллари, хусусан, хотин-қизларнинг ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни иш билан таъминлаш Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг устувор вазифаларидан саналади. Форум доирасида ҳудуддаги хотин-қизларни иш билан таъминлаш мақсадида бўш иш ўринлари ярмаркаси ташкил этилди. Мазкур ярмаркада Ангрен шаҳридаги корхона ва ташкилотлар мавжуд бўш иш ўринлари билан иштирок этди.

Форумда иштирок этган Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси, маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари томонидан ҳудуддаги мавжуд Имконияти чекланган ёшлар мактаб интернатлари ҳамда Меҳрибонлик уйларига ўзбек ва жахон адабиётларининг сара намуналаридан иборат китоб жамланмалари тақдим этилди.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон ХДП томонидан ташкил этилаётган бу каби тадбирлар ёш авлодни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларда ахборот технологияларидан тўғри фойдаланиш кўникмасини шакллантириш, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш ҳамда хотин-қизлар бандлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

 

 

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши

Ахборот хизмати