Народно-демократическая партия Узбекистана
A- A A+

ЎЗБЕКИСТОН ВА ҚОЗОҒИСТОН ЎРТАСИДА ДОИМИЙ ДЎСТЛИК ВА ҲАМКОРЛИК

16.04.2019 , 14:20

Ўзбек—Қозоқ халқларининг тили, дини бир, тарихи туташ, маданияти муштарак. Халқларимизнинг дўстлиги ва қардоршлиги узоқ ўтмишга бориб тақалади. Ўзаро алоқалар, айниқса, кейинги йилларда янада мустаҳамланди. 2018 йилда Қозоғистонда Ўзбекистон йили нишонлангани бунга ёрқин мисолдир.

Қозоғистон Республикаси Президенти Касым- Жомарт Токаевнинг мамлакатимизга қилган ташрифи улкан тарихий воқеа сифатида Ўзбекистон–Қозоғистон ўзаро манфаатли ҳамкорлигини юқори суръатларда ривожланишига, мамлакатларимиз ўртасида савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

 Бугунги кунда савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорлик, минтақавий хавфсизликни таъминлаш ҳамкорлигимизнинг устувор йўналишларидан. Хусусан, машинасозлик, электротехника, озиқ-овқат саноати, туризм, транспорт ва логистика соҳаларида кооперация дастурлари ва лойиҳалари амалга оширилмоқда. 2018 йилда мамлакатларимизнинг товар айланмаси ҳажми 3 миллиард АҚШ долларидан ошди, бу 2017 йилга нисбатан қарийб 50 фоизга кўп. 2019 йилда Ўзбекистон—Қозоқистон савдо-иқтисодий алоқаларини янада кенгайтириш ва ўзаро товар айрибошлаш ҳажмини 4 миллиард долларга, хусусан, экспорт кўрсаткичларини 2,3 миллиард долларга етказиш режалаштирилган. 

 Яқин тарихга назар ташлайдиган бўлсак, мамлакатларимиз ҳамкорлиги 1998 йилда Тошкентда имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида Абадий дўстлик тўғрисидаги шартнома, 2013 йилда пойтахтимизда имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида Стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома асосида тараққий этмоқда. 

Ўзбекистон ва Қозоғистон халқаро сиёсий масалаларда бир-бирини қўллаб-қувватлаб келмоқда. Мамлакатларимиз икки томонлама ва БМТ, ШҲТ, МДҲ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси каби халқаро тузилмалар доирасида самарали ҳамкорлик қилмоқда. Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар бўйича томонларнинг позициялари ўхшаш ёки яқиндир. 

Ўзбекистон Қозоғистоннинг 2017-2018 йилларда БМТ Хавфсизлик кенгашига муваққат аъзоликка сайланишини қўллаб-қувватлади. Бу бутун минтақамиз давлатлари манфаатларини халқаро майдонда илгари суриш имконини беради. Қозоғистон Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда ядро қуролидан холи ҳудуд барпо этиш борасидаги ташаббусини қўллаб-қувватлаган, мамлакатимизнинг ҳеч қандай ҳарбий-сиёсий блокларга қўшилмаслик, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш тамойилларига асосланган ташқи сиёсатини юқори баҳолайди. 

Олий даражадаги Ўзбекистон–Қозоғистон мулоқоти самимий ва амалий руҳда ўтди. Музокаралар якунида икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликнинг турли соҳаларига оид ўнга яқин ҳужжат имзоланди. Хусусан, Солиқ резидентлигини тасдиқловчи расмий ҳужжатларни тан олиш тартиби, Ўзбекистон ва Қозоғистонда фаолият юритаётган икки мамлакат фуқароларининг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида битимлар, “Марказий Осиё” савдо-иқтисодий ҳамкорлик марказини ташкил этиш тўғрисида меморандум ва бошқа соҳаларга оид келишувлар имзоланди. Шунингдек, Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2019-2020 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ҳамда Қозоғистон Республикаси Ахборот ва ижтимоий ривожланиш вазирлиги ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум қабул қилинди.

Ушбу давлат ташрифи мамлакатларимизнинг стратегик шерикликни мустаҳкамлашга, минтақада тинчлик ва барқарор тараққиётни таъминлашга интилиши қатъий эканини кўрсатди.

 

Аксауле ТУМИШОВА,

 Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси