Народно-демократическая партия Узбекистана
A- A A+

ЭНЕРГЕТИКА ВА КИМЁ СОҲАЛАРИДАГИ ИНВЕСТИЦИЯ ЛОЙИҲАЛАРИ ИЖРОСИНИ ЖАДАЛЛАШТИРИШ МАСАЛАЛАРИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

18.06.2019 , 10:30

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 17 июнь куни нефть-газ, кимё ва электр энергетикаси соҳаларидаги инвестиция лойиҳалари ижросини янада жадаллаштириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.

Ушбу соҳалар саноат ва тадбиркорлик ривожи, аҳоли турмуш даражасига асос бўлиши билан жуда муҳимдир. Шу боис мазкур тармоқларда кўплаб истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Хусусан, жорий йилда 2 миллиард 730 миллион АҚШ доллари миқдоридаги инвестицияларни ўзлаштириш ҳисобига нефть-газ соҳасида 16 та, 850 миллион доллар эвазига кимё тармоғида 17 та, 1 миллиард доллардан зиёд маблағ воситасида электр энергетикаси бўйича 28 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган.

Йиғилишда ушбу лойиҳалар муҳокама қилиниб, уларнинг ижроси бўйича мутасаддиларнинг ҳисоботи тингланди.

Давлатимиз раҳбари энергия ресурслари ишлаб чиқарувчи, тақсимловчи ва етказиб берувчи корхоналарни молиявий қўллаб-қувватлаш, углеводородлар қазиб олиш ҳажмини кўпайтириш, маҳсулот ишлаб чиқаришни кенгайтириш зарурлигини таъкидлади.

Тўрақўрғон, Навоий, Тахиатош иссиқлик электр станцияларида олиб борилаётган қурилиш ва модернизация ишларини тезроқ якунлаб, бу йил фойдаланишга топшириш, Тошкент ва Сурхондарё вилоятларида замонавий буғ-газ қурилмаларини ўрнатиш бўйича ишларни жадаллаштириш юзасидан топшириқлар берилди. Электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини янада кенг жорий этиш кераклиги қайд этилди.

«Навоийазот» акциядорлик жамиятида поливинилхлорид, каустик сода ва метанол, Жиззах пластмасса заводида тўқимачилик соҳаси учун кимёвий қўшимчалар ишлаб чиқариш лойиҳаларини фойдаланишга топшириш, Янгиер шаҳрида аммиак ва карбамид ишлаб чиқариш лойиҳаси ижросини жадаллаштириш бўйича вазифалар қўйилди.

— Иқтисодиётимиз рақобатбардошлигини оширувчи ушбу тармоқлардаги инвестиция лойиҳаларини ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш керак. Бу бошқа турдош ва ёндош соҳалар ривожини ҳам таъминлаб, кўплаб иш жойлари яратади, — деди Президент.

Йиғилишда нефть-газ, кимё ва электр энергетикаси соҳаларида йил якунида кутилаётган натижалар ҳамда келгуси йилга мўлжалланган режалар кўриб чиқилди.

 

ЎзА