Народно-демократическая партия Узбекистана
A- A A+

ХОЛИСЛИК, ҲАҚҚОНИЙЛИК, ҲАЛОЛЛИК

04.06.2019 , 14:50

Бугунги ҳаётда оммавий ахборот воситалари ходимларидан шундай фаолият юритиш талаб этилади

Ҳаёт шиддат билан ўзгариб бормоқда. Кечаги янгилик бугун эскиряпти, тезкорлик биринчи ўринга чиқди. Бугунги ахборот даврида журналистнинг энг муҳим вазифаси аҳолига ахборотни тез ва холис етказишдир. Ахборотни танлаш, тайёрлаш, аҳолига етказишда хатога йўл қўймаслик, биринчидан, журналист билими, малакасига боғлиқ. Иккинчидан, ОАВ фаолияти, журналист эркинлиги, ҳақ-ҳуқуқларини тартибга соладиган қонунларга боғлиқ. Бу масалаларда мамлакатимизда ютуқлар билан бирга муаммолар ҳам оз эмас.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан ўтказилган «ОАВ соҳасида миллий қонунчиликни янада такомиллаштиришнинг долзарб масалалари» мавзуидаги конференцияда шулар ҳақида батафсил сўз юритилди.

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва сенаторлар, давлат ҳамда хўжалик бошқаруви органларининг раҳбарлари, масъул ходимлари, шунингдек, хорижий ташкилотлар, дипломатик корпус вакиллари, журналистлар иштирок этди.

— Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимизда ахборот ва сўз эркинлигини таъминлаш, мамлакат медиа-бозорини ривожлантириш орқали оммавий ахборот воситаларини том маънодаги тўртинчи ҳокимият даражасига етказиш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда, — деди Агентлик директори Комилжон Алламжонов. — Буни кейинги икки йил мобайнида республикамизда оммавий ахборот воситалари ва журналистларнинг самарали ҳамда эркин фаолият юритишларини таъминлашга йўналтирилган бир қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинганида ҳам кўриш мумкин.

Президентимизнинг жорий йил 2 февралдаги «Ахборот соҳаси ва оммавий коммуникацияларни янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига мувофиқ, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги негизида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ташкил этилди.

Агентлик зиммасига Ўзбекистон Республикасининг ахборот соҳасидаги ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш борасида алоҳида мақом ҳамда ваколат берилди. Хусусан, фуқароларнинг сўз ва ахборот эркинлигига доир конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш, мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида оммавий ахборот воситалари ролини кучайтириш, медиа-бозорда мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча турдаги ОАВ учун тенг шароит яратиш ва албатта, журналистлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш сингари долзарб масалалар Агентликнинг асосий вазифаси сифатида белгиланди.

Агентлик томонидан ушбу вазифалар, 2019-2020 йилларда Ўзбекистон Республикаси ахборот ва оммавий коммуникацияларни янада ривожлантириш дастури ижросини таъминлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, ўтган давр мобайнида халқаро рейтингларда сўз эркинлиги ва ОАВ фаолияти бўйича мамлакатимизнинг мавқеини яхшилаш, медиа-омбудсман лавозимини жорий этиш, суд органлари ва журналистлар ўртасида изчил ҳамкорликни ўрнатишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари тайёрланди.

Ҳар бир киши ва ҳар қандай оммавий ахборот воситаси ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатишда яратиб берилган эркинлик ва имкониятдан тўғри фойдаланган ҳолда, ахборот соҳасига оид қонун ҳужжатларига риоя этиш масъулиятини ҳам унутмаслигини эслатиб ўтамиз.

— Бугунги кунда мамлакатимизда кенг кўламли ўзгаришлар, халқнинг муносиб ҳаёт кечиришига қаратилган ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва демократик ислоҳотлар жадал амалга оширилмоқда, — деди Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари Саида Мирзиёева. — Бу ўзгаришлар мазмун-моҳиятини халқимизга, кенг жамоатчиликка ва дунё ҳамжамиятига холис, ишончли, тезкор ва тўлақонли етказиб беришда, шак-шубҳасиз, оммавий ахборот воситалари, айниқса, давлат ахборот хизматларининг самарали фаолияти муҳим аҳамиятга эга.

Маълумки, ахборот хизматлари давлат органлари ва фуқаролар ўртасидаги мулоқотни амалга оширишда ўзаро боғлаб турувчи «кўприк» вазифасини бажаради. Халқ билан давлат ўртасидаги ўзаро мулоқот қанчалик яхши таъминланса, аҳолининг давлат органларига бўлган ишончи ва ҳурмати шунчалик ортади.

Шу ўринда нима учун матбуот амалда тўртинчи ҳокимият даражасига кўтарила олмаяпти, деган саволга, кўп омиллар қатори вазирлик ва идора раҳбарларининг матбуот котиби ёки ахборот хизматларига нисбатан эътиборсиз муносабатини асосий сабаб қилиб кўрсатиш мумкин.

Бу ҳолатларга барҳам бериш мақсадида жорий йилнинг февраль ойида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ахборот соҳаси ва оммавий коммуникацияларни янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони қабул қилинди.

Агентлик зиммасига яна бир муҳим —давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ахборот хизматлари фаолиятини янада ривожлантириш ва бу борадаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш вазифаси ҳам юклатилган.

Ўтказилган таҳлиллар ва ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, ушбу соҳада энг асосий муаммо — бугунги кунда ягона давлат ахборот сиёсати тўғрисидаги концептуал ҳужжатнинг мавжуд эмаслигидир.

Ҳозир ушбу ҳужжат тайёрланмоқда. Аммо уни амалга оширувчи ахборот хизматларининг фаолияти бугунги ислоҳотлар талабига жавоб берадими? Улар ишини янада фаоллаштириш ва такомиллаштириш учун нималар тўсиқ бўлмоқда? Бу саволлар долзарб бўлиб қолмоқда.

Афсуски, уларнинг иш юритиш тартиби, ахборот тарқатиш усул ва механизмлари замон талабларига мутлақо мос эмас, десак хато бўлмайди.

Яна бир энг асосий масалага эътиборингизни қаратишни истар эдим. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликларида ахборот хизматлари фаолияти деярли олиб борилмаяпти. Иш ҳажмларининг кўплиги ва қўшимча топшириқлар билан бандлиги сабабли ахборот хизматлари фаолияти қониқарсиз аҳволда қолиб кетмоқда.

Бундан ташқари, 10 дан ортиқ республика даражасидаги давлат ташкилотларида ҳамда 200 га яқин туман ва шаҳар ҳокимликларида ҳалигача ахборот хизматлари фаолияти ташкил этилмаган. Умуман олганда, давлат ташкилотларида ахборот хизматларига етарлича штат бирликлари ажратилмагани сабабли ишлар ниҳоятда суст олиб борилмоқда, уларнинг мавқеи ҳануз пастлигича қолмоқда.

Кўпгина давлат органларининг раҳбарлари ушбу муҳим масалага жиддий эътибор қаратмаяпти, ахборот хизматларининг моддий-техник базаси яратилмаган, штатлар малакали мутахассислар билан тўлдирилмаган.

Қолаверса, Президент ёки Ҳукумат томонидан қабул қилинаётган фармон ва қарорлар, долзарб ташаббуслар ҳамда дастурларнинг асосий моҳияти ва тафсилотлари аҳолига тўлақонли етказиб берилмаяпти, хорижда ҳам таҳлилий жиҳатдан етарлича ёритилмаяпти.

Агар ҳар қайси давлат органлари раҳбарлари ўз иши самарадорлигини таъминламоқчи бўлса, албатта, биринчи галда оммавий ахборот воситалари вакиллари билан фаол мулоқот қилиши талаб этилади. Бунинг учун ахборот хизматлари ишини тубдан такомиллаштириш лозим.

Ахборот хизматлари раҳбарлари ва ходимлари малакасини мунтазам ошириб бориш, уларга соҳага оид замонавий тенденциялар ва билимларни етказиб бериш мақсадида Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида ҳар икки йилда камида бир маротаба малака ошириш курсларида ўқувларини ташкил этиш режалаштирилмоқда.

Бир сўз билан айтганда, ушбу ишларнинг ижроси очиқ ва адолатли демократик жамиятда аҳолининг ахборот майдонидаги фаоллигини, сиёсий ва ҳуқуқий билимларини оширишга хизмат қилади.

Конференцияда мавзуга оид қатор маърузалар тингланди. Жумладан, «Минтақавий мулоқот» халқаро нодавлат ташкилоти филиали (Словения)нинг Ўзбекистондаги минтақавий идораси раҳбари Петра Горьюп «Давлат органларининг оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлиги: Европа мамлакатлари тажрибаси», «Очиқ маълумотлар» компанияси (Украина) директори Андрей Хорсев ва бошқаларнинг ОАВ фаолиятига оид маърузалари ҳам тадбир иштирокчилари учун қизиқарли бўлди. Баҳс-мунозараларда таклифлар айтилди, муаммолар кўтарилди, уларнинг ечими бўйича тавсиялар берилди.

— Оммавий ахборот воситалари фаолияти бўйича 10 та қонун бор. Бироқ, уларга шарҳ ёзилмаган, — деди Олий суд матбуот хизмати раҳбари вазифасини бажарувчи Олимжон Ўсаров. — Бугун ана шу қонунларга шарҳ ёзишнинг фурсати етди. Қолаверса, қонунчиликда бир-бирини такрорлайдиган нормалар бор. Судлардан ахборот олишнинг аниқ механизми йўқ. Соҳага доир юзга яқин қонуности ҳужжат ҳам мавжуд. Таклифим шуки, оммавий ахборот воситалари соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш мақсадида Ахборот кодексини тайёрлаш керак.

Шунингдек, сенатор Светлана Ортиқова матбуот хизмати ходимлари ва журналистлар клубини ташкил этиш ҳақида таклиф билдирди.

 Конференциянинг иккинчи қисмида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Саъдулла Ҳакимов Ўзбекистон журналистларининг касб этикаси кодекси лойиҳаси ҳақида ҳам батафсил маълумот бериб, ушбу кодекс мазмун-моҳияти, мақсади ҳақида тўхталди.

Бугун журналистлар учун ахборот майдони очиқ. У ахборотни одамларга холис, ҳаққоний етказиши керак. Конференцияда бу фикр қайта-қайта айтилди. Журналист билими ҳамда малакасини, масъулиятини ошириш борасида ҳали кўп иш қилиниши керак. Билдирилган фикр-мулоҳазалар, таклиф ва тавсиялар мамлакатимизда сўз ҳамда ахборот эркинлигини таъминлашга, журналистлар мавқеини кўтаришга, аҳолига холис ахборот етказишга хизмат қилади.

 

Равшан ШОДИЕВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.