Народно-демократическая партия Узбекистана
A- A A+

ЖАВОБСИЗ ҚОЛГАН САВОЛЛАР

19.03.2019 , 17:00

Ёки бундан 16 йил аввал қотилликда айбланиб, 18 йилга озодликдан маҳрум этилган яккабоғлик Камол Очилов жиноят ишидаги ҳамон жавобсиз қолаётган саволлар

Бу жиноий иш ҳақида «Ўзбекистон овози» газетасининг 2005 йил 20 декабрь 152-сонида «Жавобсиз 8 савол» сарлавҳали мақола чоп этилганди. Унда жиноят ишидаги қатор ҳолатлар ноаниқ қолгани, уларга аниқлик киритиш муҳим аҳамиятга эгалиги ҳақида фикр-мулоҳаза юритилган эди.

Бироқ ушбу саволларга аниқ жавоб ўрнига ўша пайтларда анъана бўлган, «суд қарори тўғри», деган қуруқ жавобни олган эдик. Аниқ билардик, жиноят иши чақиртирилиб, ўрганилмаганини ҳам, таҳририятга номига жавоб ёзилганини ҳам. Бунинг оқибатида Камол Очилов қамоқда қолиб кетаверди. Ўн олти йил бўляптики, у адолат қарор топишидан умидини узмай, ҳамон ариза ёзишда давом этмоқда.

Бугун суд-ҳуқуқ тизимидаги тарихий ислоҳотлар, судлар ниҳоят мустақил фаолият кўрсата бошлаганини кўриб, у таҳририятимизга яна мурожаат қилибди. Шу боис мавзуга қайтишни лозим топдик.

Камол Очилов 1988 йилдан 2001 йилгача Қарши давлат университетининг «Роҳат» талабалар оромгоҳида директор бўлиб ишлаган. 2001 йилда университетга математика фанлари доктори, профессор Гулмирза Худойберганов ректорликка тайинланганидан кейин Камол Очиловнинг ҳаракатчан ва ташкилотчилигини кўриб, уни иқтисодиёт ва тадбиркорликни ривожлантириш ишлари бўйича проректор лавозимига ишга олади.

 Гулмирза Худойбергановга қадар ўқишга қабул қилиш мавсумида қабул комиссияси раиси, масъул котиб, декан ва ректорат қўлидаги абитуриентлар сони кўрсаткичларида чалкашликлар кўп бўлган. Чунки ўша пайтда университетда таниш-билишчилик, сохта ҳужжатлар билан ўқишга қабул қилиш, сохта диплом бериш авж олган эди.

Янги ректор бу қонунсизликларга чек қўйишга қаттиқ киришиб, 2003-2004 ўқув йилидаги тест синовларини ўзи назоратга олган. 2003 йилнинг 30 ноябрида ректорнинг шахсан ўзи бюджет ва шартнома бўйича ўқишга қабул қилинган абитуриентларнинг рўйхатини бирма-бир текшириб, кадрлар бўлими бошлиғи Зулфия Ражабовани чақириб, давлат тест марказидан берилган маълумотномалар асосида ўқишга кирганлар рўйхатини шакллантириб, буйруқ тайёрлашга топшириқ беради. Бу ишлар ректор хонасида бажарилади.

Зулфия Ражабова рўйхатни шакллантирганда баъзи таъмагирлар томонидан «сен ўқишга қабул қилиндинг», деб ишонтирилган абитуриентлар рўйхатдан қолиб кетади. Натижада низо келиб чиққан... Пул олган ким, қайтариб бермаган ким... Орадан икки ҳафта ўтиб, 2003 йилнинг 12 декабрида Зулфия Ражабовани уйида отиб кетишади. Жиноят ишини очиш мақсадида Қашқадарё вилоят ва Қарши шаҳар прокуратураси, ИИБ томонидан тезкор тергов гуруҳи тузилади. Камол Очилов ИИБ ходимлари Отабек Тоштурдиев ва Тўлқин Ярматовларга тергов ишларини олиб бориш учун ўз хонасини, ички назорат ва бухгалтериядан яна бир хонани ажратиб беради. Тезкор гуруҳ икки ой давомида ўша ерда гумондорларни сўроқ қилиб, тергов-суриштирув ишларини олиб боради.

Жиноят содир бўлган куннинг эртасига, яъни, 2003 йилнинг 13 декабрида университет ректори Гулмирза Худойберганов, Камол Очилов ҳамда яна бир проректор вилоят прокуратурасига чақирилиб, алоҳида-алоҳида суҳбатдан ўтказилади. Камол Очилов Зулфия Ражабова билан муносабати яхшилигини, бирор марта сан-манга бормаганини айтади. Уларга жавоб берилади.

2003 йил 16 декабрь куни Зулфия Ражабовани ўлдиришда гумондор қилинган Қарши шаҳар Гоголь кўчаси 4-уйда яшовчи, илгари судланган Шокир Аҳмедовнинг уйида тинтув ўтказилади. Унинг шкафда осиғлиқ турган костюми чўнтагидан 0,03 грамм «героин» ва 1,3 грамм «марихуана» гиёҳванд моддаси топилади. Ражабовани отиб ўлдирган қуролни қаерга яширганини сўраб унга дўқ-пўписа қилишади. Шокир Аҳмедов айбловни бўйнига олмайди. Уни гиёҳванд модда баҳонасида ҳибсга олишади.

Ўша даврда ҳибсга олинган шахсларни қийноққа солиш, уларга руҳий ҳамда жисмоний босим ўтказиш одатий ҳолга айланиб қолган эди. Қаерда жиноят содир бўлса, биринчи бўлиб, муқаддам судланганлар шубҳа остига олинарди. Илгари судланган Ғайрат Худойбердиев, Рустам Маҳмудов, Анвар Рашидов, Тагандурди Худойбердиев ва Олмос Худойбердиев ҳам қотилликда гумон қилиниб, уларнинг уйларида ҳам худди шу тарзда тинтув ўтказилади ва ҳар бирининг уйидан бир-икки граммдан гиёҳванд модда ёки патрон топилади...

2003 йил 17 декабрь куни яна бир киши — университет қурилиш-таъмирлаш бўлими ишчиси Отабек Ҳалимов гиёҳванд модда билан ушланиб, негадир Самарқанд шаҳридаги ҳибсхонага олиб кетилади. 19 декабрь куни у ўқишга киритиш баҳонасида фуқаро С.Ҳошимовдан 130 минг сўм ва И.Турсуновдан 250 минг сўм олиб, ўзлаштириб юборганлиги ҳолати юзасидан ЖКнинг 168-моддаси 2-қисм «б» банди билан жиноят иши қўзғатилади. Кейинчалик эса у қотиллик ижрочиси сифатида айбланади.

Отабек Ҳалимов Самарқанддаги ҳибсхонада ётган пайтдаги дастлабки терговда «Камол Очилов ва Санжар Қўлдошев 500 АҚШ доллари эвазига Зулфия Ражабовани ўлдиришни таклиф қилди», деб кўрсатма беради. Лекин Камол Очилов билан терговда юзлаштирилганида, унга нисбатан туҳмат қилганини тан олади.

Камол Очиловнинг айтишича, қотиллик рўй берганидан икки ой ўтиб, яъни 11 февраль куни икки нафар ички ишлар ходими келиб, уни вилоят ИИБ жиноят-қидирув бўлимига олиб боради. Бўлим бошлиғи уни Зулфия Ражабовани университет ректори ўлдиришга буюртма берганди, деб ёзиб беришга ундайди. Камол Очилов бегуноҳ одамга ноҳақдан туҳмат қилишга кўнмайди. «Ректор ўлдирган бўлса, уни олиб келиб қаманглар», дейди.

Ана шу савол-жавобдан уч кун ўтиб, 14 февралда икки ой мобайнида тезкор-тергов гуруҳи иш олиб борган проректор Камол Очиловнинг хизмат хонасидан «дормикум» психотроп моддаси топилади. Энди ўйлаб кўринг, проректорнинг хизмат хонасида икки ойдан буён ИИБ ходимлари ўтириб, тергов-суриштирув ишларини олиб борган бўлса, хонанинг калити уларда бўлса, Камол Очиловни «гиёҳванд модда сақлаган» деб айблаш қанчалик мантиққа тўғри келади?

Айбномадаги саналарга эътибор қилинг: «14.02.2004 йил соат 15.30 ларда Очиловнинг хизмат хонасидан 5 ампула «дормикум» психотроп моддаси сақлаб келингани аниқланди, далилий ашё сифатида олинди», деб ёзилган. Тинтув ўтказиш ҳамда суд кимёвий экспертизаси тайинлаш тўғрисидаги қарор ва ИИБ эксперт криминалистика бўлимининг хулосалари эса 13 февраль куни чиқарилган(?!)

Яъни, оддий қилиб тушунтирадиган бўлсак, гиёҳванд модда топилмасдан бир кун олдин экспертизага берилган ва унинг «дормикум» моддаси эканлиги ҳақида хулоса чиқарилган!?

Шундай қилиб, Камол Очиловнинг «жиноий иши» Нишон туман прокуратурасига оширилади. Прокурор у билан яккама-якка гаплашади. Камол Очиловнинг айтишича, «Нима қиласиз, шулар билан олишиб? Айтганларини ёзиб бериб, тинчгина яшайверинг-да!», — дея «насиҳат» беради. Лекин у бунга кўнмайди. Шундан кейин Камол Очилов прокурор санкцияси билан қамоққа олинади.

Мазкур ишнинг 10-жилд, 237-239-варақларида Отабек Ҳалимовнинг суд жараёнида берган кўрсатмасида таъкидланишича Зулфия Ражабова унга уйини таъмирлатиб, арзимаган пул берган. Отабек Ҳалимов ундан ўз ҳаққини талаб этганида, уйимдан нарса ўғирлади, деб уни мили¬цияга топшириб, бир ҳафтага қаматиб қўйган. Университетга ҳужжат қабул қилиш даврида Отабек Ҳалимов орқали абитуриентлардан пул олган, ўқишга киролмаганлар пулини қайтариб бермаган.

Отабек Ҳалимовнинг кўрсатмасида жумладан, шундай дейилган: «Опанинг бу қилмишлари йиғилиб, бўғзимга келганидан сўнг ундан қутулиш мақсадида отиб ташладим. Опанинг қилмишларидан асабларим шунчалик таранглашган эдики, қандай отиб қўйганимни билмай қолдим. Раис, Сиздан илтимос, менга ўлим жазоси берсангиз ҳам ёнимдаги бегуноҳларни қўйиб юборинг. Уларга қарши ёлғон кўргазма берганман».

Бироқ тергов ва суд Отабек Ҳалимовнинг дастлабки терговдаги кўрсатмасини Камол Очилов ва Санжар Қўлдошевни (университет қоровуллар бошлиғи) айблаш учун асос қилиб олади. Санжар Қўлдошев илгари судланмаган, лекин тергов ва суд ҳужжатларида негадир «хавфли рецидевист», деб қайд этилган.

Суд баённомасида қайд этилишича, Зулфия Ражабованинг ўлимига сабаб бўлган тўппонча ва 450 АҚШ доллари солинган сумка 2004 йил 11 февраль куни Отабек Ҳалимов яшаётган уй тинтув қилинганида ҳожатхо¬надан топилган. Шу ўринда савол туғилади: 500 АҚШ доллари эвазига қотилликка қўл урган Отабек нега сумка ичида тайёр турган 450 АҚШ долларини олмасдан уни ҳожатхонага ташлаб юборган. Шунингдек, Отабек Ҳалимов уйидаги ҳожатхонадан айнан қотиллик қуроли, деб топилгаи «Вольтер Р-38» русумли пистолет чиққан, деб тузилган баённомада унинг модели, серия рақами, узунлиги, номи, қалинлиги, баландлиги, ствол диаметри ҳамда олинган гильзанинг диаметри, узунлиги, уни тайёрлаган заводнинг номи ва чиқарилган санаси кўрсатилмаган. Баллистика мутахассиси сифатида эса Қашқадарё вилоят ИИБ ЭКБ ҳайдовчиси О.Насимов жалб қилинган.

Охир-оқибат Қашқадарё вилоят прокуратураси жиноятларни тергов қилиш бўлими алоҳида муҳим ишлар бўйича терговчиси томонидан ёзилган айблов хулосаси билан 7 кишининг иши судга оширилади. Адвокатлар талабидан сўнг судга олиб келиб кўрсатилган тўппонча жиноят ишида сурати тикилган тўппонча экани ҳам шубҳа остида қолган. Чунки текширилмаган, исботланмаган.

Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят суди судьяси Убайдулла Нурматов томонидан мазкур «жиноий иш» кўриб чиқилади. 2004 йил 30 июнь куни суд ҳукмига кўра, Зулфия Ражабованинг ўлими юзасидан Камол Очилов ва университет қоровуллар бошлиғи Санжар Қўлдошев ташкилотчиликда, Отабек Ҳалимов ижрочиликда ва қолган тўрт киши шу ишга алоқадорликда айбланиб, улар турли муддатларга озодликдан маҳрум этилади. Камол Очилов 18 йилга, «ижрочи» Отабек Ҳалимов 20 йил озодликдан маҳрум қилинади...

Асосий савол: Камол Очиловнинг Зулфия Ражабовага қандай хусумати бор эди?

Жиноят ишида кўрсатилишича, проректор Камол Очилов муқаддам судланган бўлиб, буни университет маъмуриятидан яшириб келган. Зулфия Ражабова бундан хабардор бўлган ва гуё Камол Очиловнинг судланганлигини ошкор қилиш билан қўрқитиб келган. Бундан қўрққан проректор 500 АҚШ доллари бериш ваъдаси билан университет қурилиш-таъмирлаш бўлими ишчиси Отабек Ҳалимовни ёллаб, Ражабовани ўлдиртирган...

Тўғри, Камол Очилов илгариги иш жойида камомадга йўл қўйгани учун судланган. Амнистия қабул қилиниб, жазодан озод этилган. Бироқ Яккабоғ туман судининг 1994 йил 5 октиябрдаги ҳукми Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 22.09.1994 йилдаги қарорига кўра бекор қилинган. Яъни 1995 йилнинг 1 апрелига қадар 1959 йилги жиноят кодексига асосан ҳукм қилинган, содир этган қилмишлар янги қабул қилинган Жиноят кодексига мувофиқ жиноий, деб топилмайдиган шахслар жазонинг барча туридан озод этилиши белгиланган. Демак, З.Ражабованинг қўрқитишига асос йўқ. Қолаверса, Камол Очилов ва Зулфия Ражабова ўртасида келишмовчилик бўлганини ҳеч ким эшитмаган.

Камол Очилов бундай ноҳақликлар ҳақида юқори инстанцияларга ариза билан мурожаат қилади. Апелляция инстанциясида ҳукм ўз кучида қолдирилади. Кейинчалик Олий суд раиси биринчи ўринбосари протестига асосан ишни кўриб чиққан Ўзбекистон Республикаси Олий суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати ажрими билан апелляция ажрими бекор қилинади ва иш Бухоро вилояти судига юборилади. 2005 йилнинг 20 апрель куни жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят суди апелляция судлов ҳайъати ажримига мувофиқ биринчи инстанция судининг 2004 йил 30 июндаги ҳукми яна ўз кучида қолдирилади...

Камол Очиловнинг айбсизлигини исботлашга хизмат қиладиган қатор ҳолатлар, гувоҳлар кўрсатмалари негадир инобатга олинмаган, важ ва далиллар текшириб кўрилмаган.

— Қилмаган ишим учун «Жаслиқ» қамоқхонасида 12 йил ўтирдим, — дейди Камол Очилов ўз аризасида. — Бу иш бирорта суд-ҳуқуқ идораси томонидан холис ва диққат билан қайта кўриб чиқилмади. Ҳозир Қаршидаги қамоқхонада ўтирибман. Мамлакатимизда бугун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари олдига янгича талаблар қўйилаяпти. Буни кўриб, билиб, қувониб ўтирибман.

Конституциямиз қабул қилинганининг 26 йиллиги муносабати билан Президентимиз инсон ҳуқуқлари ҳимояси бўйича айтган гапларини эшитганимдан кейин дор остидан қайтган Отабекдек қувонганимдан йиғлаб юбордим. Бу сўзлар менга куч берди, қанот берди. Чунки мен қотил эмасман...

Яқин ўтмишда тергов ёки суднинг нохолислиги ёки буюртма билан қамалганлар тақдири билан боғлиқ аризалар келиб турибди. Суд мустақил бўлмаган шароитда адолатсизликларга йўл қўйилганини инкор этиб бўлмайди. Бугун Олий суд томонидан оқлов ҳукмлари чиқарилаётгани ҳам яқин ўтмишда қонунсизликларга йўл қўйилганини билдиради.

Айрим рақамларга эътибор берайлик, 2018 йилда судлар томонидан 590 нафар шахс оқланган. 5 минг 462 нафар шахсга нисбатан терговда асоссиз қўйилган моддалар айбловдан чиқариб ташланди, 2 минг 449 нафар шахс эса суд залидан озод қилинди. Ваҳоланки, бу рақам 2016 йилда бор-йўғи 28 тани, 2017 йилда эса 263 тани ташкил этган.

Бугун Олий суд зиммасига жуда оғир ва масъулиятли вазифалар юкланганини англаш қийин эмас. Йиллар давомида йўл қўйилган юзлаб, эҳтимол, минглаб хатоларни аниқлаб, тузатиши, адолатсизликларга барҳам бериш осон иш эмас. Агар Камол Очилов иши назорат тартибида кўриб чиқилса, эҳтимол яна бир адолатсизликка барҳам берилган бўларди.

 

Нуруллоҳ ДОСТОН,

«Ўзбекистон овози» мухбири.