Народно-демократическая партия Узбекистана
A- A A+

ҚОР ҚОПЛОНИНИ ИЗЛАБ...

15.03.2019 , 15:00

«Ҳисор» қўриқхонаси мамлакатимизнинг жанубий-шарқий қисмида, Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз, Яккабоғ ва Қамаши туманлари ҳудудида, Ҳисор тоғ тизмасининг ғарбий ёнбағрида, денгиз сатҳидан 2500-4500 метргача бўлган баландликда жойлашган. У жанубий-шарқда Сурхондарё вилояти, шарқда Тожикистон Республикаси билан чегарадош.

Помир-Олой тоғ тизимига кирадиган «Ҳисор» қўриқхонасининг умумий майдони салкам (81 минг гектарни ташкил этиб), шарқдан-ғарбга 40 км гача, шимолдан-жанубга салкам 100 км гача чўзилган.

Қўриқхона ҳудудида баландлиги салкам 4500 метргача бўлган чўққилар: Ҳазрати Султон, Хўжа қиршивор, Тўртқўйлик, Биби Ўлмас, Номсиз чўққилари жойлашган бўлиб, улар Сурхондарёдаги Хўжапирпир ота, Хўжапиряк чўққилари ҳамда Осмон талаш ва Тожикистон тоғ чўққилари билан ёнма-ён қад кўтарган, уларнинг сони жами еттита бўлиб, биридан иккинчиси-учинчиси ва қолган барчаси кўриниб туради. Шунинг учун уларни «етти ака-ука» дейишади.

Мамлакатимизнинг энг баланд чўққиси – Номсиз чўққи. У чўққига советлар даврида ҳам, ҳозир ҳам ҳеч ким чиқолмаган. Шунинг учун минг-минг йиллар давомида унга ном қўйилмаган. Биргалашиб унга ном қўйсак, яхши бўларди. Унинг баландлиги денгиз сатҳидан 4500 км га яқин.

Абадий музликлар саналган ушбу чўққилар сувидан Тўполон дарё, Оқ дарё, Танхоз дарё ҳосил бўлади. Йил давомида улар миллионлаб аҳоли ва минглаб гектар ерларни сув билан таъминлайди. Ушбу тоғ дарёлари ва сойлари чуқур дараларни ҳосил қилади. Бу тоғларда даралар, ўралар, ғорлар кўп. Ана шу маконларда афсонавий жонивор – қор қоплони яшайди.

Табиатни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқи, Ўзбекистон Қизил китобига киритилган қор қоплони қўриқхонанинг 2500-4500 метр баландликкача бўлган ҳудудларида учрайди.

Қор қоплонининг асосий озуқаси кийиклар ҳисобланади. Ундан ташқари, улар ёш тўнғизлар, суғур, қуён, ҳилол ва какликларни овлайди. «Ҳисор» қўриқхонаси ташкил этилган вақтда (1983 йил) уларнинг сони тахминан 5-6 бош бўлган.

Қўриқхонада Туркистон силовсини, қўнғир айиқ, қизил суғур каби ва бошқа кўплаб Қизил китобга киритилган жониворлар яшайди.

Қўриқхонанинг 24000 гектардан кўпроқ ҳудуди арчазор-бутасимон ўрмонлар билан қопланган. Қўриқхона умумий майдонининг 64,4 фоизи Шаҳрисабз туман ҳудудида бўлиб, у Ғилон, Танхоз дарё, Мираки, Қизилсув (Яккабоғ) бўлинмаларидан иборат.

2018 йилнинг 13 сентябрида Қашқадарё вилоятида жойлашган Марказий Осиёдаги энг йирик «Ҳисор» қўриқхонасининг ҳудуди 82 минг кв. метр. Қўриқхона ходимлари кутилмаган ҳодисага дуч келишди. Қўриқхонанинг қизил сув ҳудудида Катта Хурсанд сойи, Ўғри Зиндони қояси ичида, денгиз сатҳидан 3300 метр баландликда қор қоплонининг уч-уч ярим ойлик болалари топилди.

Бу воқеанинг кутилмаганлиги шундаки, Ўзбекистон тарихида илк бор қор қоплонининг болалари учради. «Ҳисор» қўриқхонаси директори ўринбосари Бахтиёр Оромовнинг айтишича, онаси қайтишини ва болаларини олиб кетишини уч кун кутишган. Лекин ундан дарак бўлмаган. Бунинг сабаби номаълум. Ҳар хил тахминлар бор. Шулардан бири айиқ билан олишиб зовдан тушиб ҳалок бўлган. Иккинчиси овда ўта баланд қоялардан қулаб кетган ва ҳ.к. Қисқаси, қор қоплонининг болалари, ўзбекча айтганда, етим қолган.

Биз экспедиция аъзолари Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси ва Ўзбекистон Республикаси экология ва табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ходимлари ҳамкорлигида 2019 йил январь ойининг бошларида яна қоплон болалари топилган Ҳисор тоғ чўққилари сари йўл олдик. Мақсадимиз унинг ота-онасини топиш эди. Қор ўтган йилга нисбатан уч-тўрт баравар кўп бўлгани, йўллар музлагани сабабли мақсадга етишишимиз осон кечмади. Экспедицияга таёрланиш жараёнида қор қоплони қандай жонивор эканини ўргандик.

Қор қоплони ҳақида кам ёзилган. Кам ўрганилган мавзу. Боғча боласи филни танийди, ўқувчилар уни билади, лекин мамлакатимиз тоғларида учрайдиган қор қоплонини тасаввур қилолмайди. Уларку майли-я, ёши улуғлар ҳам у ҳақида кам билади. Бу мавзу мутахассисларга таниш, холос.

Қор қоплони йўқ бўлиб кетиш хавфи остида турган жонивор. Шу боис, у жаҳон ва Ўзбекистон Қизил китобларига киритилган.

Қор қоплони Осиё қоплони ҳам дейилади. У Осиёнинг Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Хитой, Покистон, Ҳиндистон, Бирма, Россия (Ғарбий Сибирь), Бутан, Непал, Мўғулистонда тарқалган ва транс-чегаравий йиртқич ҳисобланади. Яъни, қор қоплони, масалан, Ўзбекистон тоғидан Тожикистон тоғларига кўчиб яшайди ёки аксинча. Бир мамлакат тоғидан иккинчи мамлакат тоғ чўққиларидан ўтиб кетаверади. Шу сабаб ҳеч бир мамлакат «бу менинг қор қоплоним», дея олмайди. Миграция қушлари каби қор қоплони ҳам мамлакат ва чегара билмайди. Аммо суратдаги қор қоплони болалари бизнинг Ўзбекистонимизнинг Ҳисор тоғ чўққиларида туғилган. Бу исбот талаб этмайдиган аксиомадир.

Ўзбекистонда қор қоплони Ғарбий Тянь-Шань (Тошкент вилояти) ва Помир-Олой (Қашқадарё ва Сурхондарё вилояти) тоғ тизимларида учрайди.

Чотқол, Пском, Угам, Қурама тоғ чўққилари, Ҳисор, Туркистон, Зарафшон тоғ чўққилари қор қоплонининг яшаш манзилларидир.

Қор қоплони тик зовлар, тоғ дараларида ов қилади. Яшаш жойи ғорлар, тоғ синиқлари, қурамалар ичидадир.

Узунлиги — 120-125 см, оғирлиги — 45 кггача. Умр узунлиги 20 йилдан ортиқ. Баҳорнинг охири, ёзнинг бошланишида болалайди. Одатда 2-3 та болалайди. Икки-уч йилда вояга етади. Осиё қор қоплонининг сони кам. Сўнгги ўн йиллар давомида уларнинг сони узлуксиз камайиб бормоқда.

1990 йилларда «Ҳисор» қўриқхонасида 5-11, «Чотқол» қўриқхонасида 1-3 бош ҳисобга олинган, ҳозирда уларнинг тахминан 30-50 бошни ташкил этади. Бу тахминий ҳисоб-китоб, балки улар умумий сони бармоқ билан санарлидир. Буни ҳеч ким аниқ билмайди.

Чўққилар султони – қор қоплони камайиб кетишининг асосий сабаблари: баланд тоғ яйловларининг фермер, чўпонлар томонидан ўзлаштирилиши, бунинг натижасида озуқа манбаларининг камайиб кетиши. Иккинчиси, ваҳшиёна броконерликдир.

Эй, одам, онамни отма дер.

Эй, одам, отамни отма дер.

Эй, одам, боламни отма дер.

Эй, одам, оламни отма дер.

Эй, одам, имонни сотма дер...

Ўзбекистонда қор қоплонини асраш учун Халқаро лойиҳа 2017 йил сентябрда ишга туширилди. Халқаро лойиҳа беш йилга мўлжалланган бўлиб, тоғли ўлкаларда табиий ресурслар, ўрмон хўжалигини авайлаб-асраш ва био хилма-хилликдан самарали фойдаланишга қаратилгандир.

Ушбу лойиҳа Ўзбекистон ҳукумати, БМТнинг ривожланиш дастурлари, Ўзбекистон экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, глобал молиявий жамғарманинг моддий қўллаб-қувватлаши асосида амалга оширилмоқда.

Лойиҳа бўйича қор қоплонининг ҳудуди Ғарбий Тянь-Шань (Тошкент вилояти)дан Помир-Олой (Қашқадарё ва Сурхондарё) тоғларигача давом этади. Бундай катта ҳудуд, Пском, Угам, Чотқол, Қурама, Ҳисор, Туркистон, Зарафшон тоғ тизмалари қор қоплонининг яшаш муҳити ҳисобланиши тасодифий эмас, юқорида айтганимиздек, улар транс-чегаравий жонивор ҳисобланади.

Бинобарин, лойиҳанинг мақсадларидан яна бири баланд тоғ тизимларининг эко тизимини сақлаб қолиш, қор қоплонининг озуқа манбаии кўпайтиришдир. Шунингдек, лойиҳа доирасида тоғ ўлкалари, қишлоқларда экологик маданият, табиат бойликларидан самарали фойдаланишни тушунтириш, ахборотлар бериш муҳим масалалардан биридир.

Қop қоплони тоғ эко тизимининг ўзига хос индикатори ҳисобланади. Унинг камайиши инсонлар учун био хилма-хиллик инқирози тўғрисидаги биринчи хабардир.

Жорий йил бошидаги ҳисоб-китобларга қараганда, Қашқадарё вилояти «Ҳисор» қўриқхонаси ҳудудида 30 га яқин қор қоплони бор. Яъни, бу ўтган асрнинг 90-йилларига нисбатан 3 баравардан 6 бараваргача кўп, деганидир. Ҳозирга қадар қор қоплонини учратган бирон-бир кишининг фикрини эшитган эмасман. Ривоятларга қараганда, қор қоплонини учратган одам бахтли бўлар экан.

Даралар қироли қор қоплони ер юзида сақланиб қолиши, келажак авлодлар ҳам уни кўришга муяссар бўлиши учун бирлашайлик, қop қоплонини асрайлик, дўстлар.

У нажот истайди бизлардан,

У нажот излайди бизлардан.

Офтобдек товланар жунлари,

Юлдуздек жовдирар кўзлари,

Минг йиллик қоялар уяси.

Акс-садо беради унлари —

Товуши – Яратган сўзлари...

Қор қоплони қадимдан илоҳий ва муқаддас, қимматбаҳо ва ноёб жонивор, деб ҳисобланган. Хонлар, подшолик ва қиролликлар ўз туғролари ёки байроқларида уни акс эттирганлар. Ҳозир ҳам бу анъана баъзи мамлакатларда, спорт клубларида сақланиб қолган. Чунки, қор қоплони мустаҳкамлик, жасурлик, абжирлик, душманга аёвсизлик рамзи ҳисобланган.

Минг йиллик қорлардир уяси,

У тоғлар ноласи, ноласи,

Бизнинг инимиз, оғамиз,

Табиат унинг ҳам онаси...

Қор қоплонини излашда яна давом этаверамиз.

 

Фарҳод РЎЗИЕВ.

2019 йил, февраль.

www.uzbekistonovozi.uz